1398. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуга:
Аллоҳга қасамки, сен туфайли Аллоҳ бир кишини ҳидоят қилиши сен учун қизил туяларинг бўлишидан яхшидир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларга дин аҳкомларини ўргатиш, уларни ҳидоятга бошлаш нақадар савобли ва улуғ иш эканини баён қилмоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга у кишини Ҳайбарга юбораётиб айтганлар.
Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай нарсага қасам ичавермайдилар. Аммо бу ҳадисда кўтарилаётган масала ўта муҳим бўлгани учун уни «Аллоҳга қасамки», деб бошлаганлар.
«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг иршодинг ила бир кишини ҳидоят қилмоғи сен учун қизил туялардан кўра яхшироқдир».
Арабларда ўша пайтда энг гўзал ва мўътабар мулк – айни етилиб, қизғиш тусга кирган туя ҳисобланган. Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алига: «Эй Али, сенинг бир одамни ҳидоятга киришига сабаб бўлганинг энг яхши мулк бўлмиш қизил туяларни садақа қилганингдан яхшироқдир», демоқдалар.
Кишиларни ҳидоятга бошлаш, уларга илм ўргатиш Ислом динида энг улуғ ишлардан экани китобнинг аввалидан айтиб келинмоқда. Бу ҳадиси шарифдан эса бир инсонга илм ўргатиб, билмаган нарсасини билдириб, хатосини тўғрилаб, уни тўғри йўлга иршод қилиб қўйиш қанчалар савоб эканини билиб олмоқдамиз.
Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадисга амал қилишга жуда-жуда муҳтожмиз. Чунки бугунги кунда Исломдан анча узоқлашиб кетганмиз. Дунёдаги қанчадан-қанча одамларга Ислом ҳидоятини етказиш керак. Ҳатто ўзини мусулмон санаб юрганлар ичида ҳам ҳақиқий ҳидоят йўлига тушмаганлар қанча!
Юқоридаги ҳадиси шариф ана шундай кишиларни тўғри йўлга солишга чорламоқда. Чиндан ҳам Исломдан бехабар юрган бир кишини иршод қилиб, ҳидоят йўлига киритиш қанчалик улуғ савоб!
Мусулмонман, деб калимаи шаҳодатни айта олмай юрган одамга калимаи шаҳодатни ўргатиш, намоз ўқимай юрган бетавфиқ одамни иршод қилиб, намоз ўқийдиган бўлиб қолишига сабаб бўлиш қанчалик савоб!
Динимизнинг бошқа кўрсатмаларига амал қилмай юрган бир кишини тўғри йўлга тушиб олишига сабаб бўлиш ҳар қандай хайри садақадан кўра афзалдир. Ароқ ичиб, зино қилиб, ўғрилик, қаллоблик ёхуд иғво-бўҳтон билан машғул бўлиб юрганларни бу ёмонликлардан қайтаришга сабаб бўлиш қанчалик улуғ савоб!
Бу бир кишининг Аллоҳ ҳидоятига келишига сабабчи бўлганга ваъда қилинаётган савоблар. Бир киши эмас, ўн, юз, минг ва ундан кўп кишиларнинг ҳидоят топишига сабабчи бўлиш савоби қанчалар эканини тасаввур этаверинг!
Шунинг учун ҳам ушбу ҳадис ва унинг руҳини яхши тушунган, унга амал қилган аввалги мусулмонларнинг ҳар бирлари Исломнинг даъватчиси бўлганлар. Жонкуяр мусулмон албатта салла-чопон кийиб, «мулла» деган ном олган бўлиши шарт эмас. Мусулмонларнинг ҳаммалари даъватчи бўлишлари керак. Баъзи вақтларда муллалардан кўра оддий мусулмонларнинг даъвати таъсирлироқ чиқади. Масалан, мусулмон табиб ўз тажрибаси асосида, тибдаги илоҳий мўъжизаларни далил қилиб, кишиларни Исломга чақирса, қанчалар таъсирли!
Шунга ўхшаб, бошқа соҳаларнинг одамлари ҳам динини, ўз соҳасини мукаммал ўрганиб, кишиларни Ислом дини ҳукмларига амал қилишга чақирмоқлари лозим. Ана ўшанда ўз бурчимизни адо этган бўламиз.
1398 - وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِعَليٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: «فَوَاللهِ لأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِكَ رَجُلاً وَاحِدًا خَيْرٌ لَكَ مِنْ حُمْرِ النَّعَمِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3009، م 2406].