1399. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мендан бир оятни бўлса ҳам етказинглар. Бану Исроил ҳақида эса сўзлайверинглар, танглик йўқ. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учта муҳим масалани баён қилмоқдалар.
1.«Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар».
Яъни, менинг билганим оз нарса, фақат биргина оят, деб ўтирманглар, ўшани бўлса ҳам одамларга етказинглар, демоқдалар.
2.«Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ».
Бу иш рухсат берилган доирада бўлиши кераклигини уламоларимиз таъкидлаганлар. Чунки бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аҳли китобларни тасдиқламанглар ҳам, ёлғончи қилманглар ҳам, Аллоҳга ва у Зотдан ўзимизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, денглар», деганлар.
Шунинг учун уларнинг шариатимизга мувофиқ нарсаларини тасдиқлаймиз, шариатимизга номувофиқларини ёлғон, деймиз.
3.«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин».
Билиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Оз бўлса ҳам ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.
2. Бани Исроил ҳақида шариатимиз изн берган маънода гапириш жоизлиги.
3. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиса, дўзахий бўлиши.
Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Оз-оздан бўлса ҳам билган нарсаларимизни ўз биродарларимизга ўргатишимиз зарур. Қанчадан-қанча кишилар калимаи шаҳодатни ўрганишга муҳтожлар. Уларга бу нарсани билганлар ўргатмаса, ким ўргатади?
Қанчадан-қанча кишилар ақалли бир оятни ҳам, Қуръондаги кичик сураларни ҳам билмайдилар. Уларга ҳам билганлар ўргатмай ким ўргатади! Таҳорат, ғусл, намоз, жаноза ва бошқа кўплаб шаръий аҳкомларни билмайдиганларимиз кўп. Буларнинг ҳаммасини биладиганлар ўргатиши лозим. Баъзи нарсаларни билганлар ундан ҳам кўра кўпроқ нарсаларни билишлари керак. Улар ўзларидан кўпроқ биладиганлардан ўрганишлари лозим бўлади ва ҳоказо.
«Бани Исроил» ва бошқа аҳли китоблар ҳақида ҳам билганлар билмаганларга гапириб, шариатимизнинг уларга бўлган муносабатларини тушунтириб беришлари лозим. Чунки билимсизлик оқибатида улар билан нотўғри муносабат ва алоқалар вужудга келмоқда. Кишиларимиз адашиб, катта хатоларга йўл қўймоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқилишини ҳам олдини олиш керак. Билиб-билмай турли гапларни ҳадис, деб гапириш катта гуноҳ. Бу ўша одамнинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадиснинг ҳақиқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас.
1399 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَلِّغُوا عَنِّي وَلَوْ آيَةً، وَحَدِّثُوا عَنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا حَرَجَ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّداً فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [3461].