1407. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Кимки илм истаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмнинг ишидан рози бўлиб, қанотларини тўшайдилар. Олимга осмонлардагилару ердагилар ҳам, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиб туради. Олимнинг обиддан афзаллиги худди ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллигидек. Олимлар – пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлардан динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолмаган, улардан фақат илм мерос қолган. Ким ўшани олса, буюк насиба олибди», деганларини эшитдим».
Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида илм талаб қилиш билан бирга илмнинг ва олим одамнинг фазлини баён қилиб бермоқдалар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу умрларининг охирида Дамашқда яшаган эканлар. Бир куни ҳузурларига мадиналик бир одам келибди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга: «Сени бу ерга нима келтирди?» дебдилар. У киши: «Мени фақатгина сендан эшитган бир ҳадисим келтирди», деган. Ана шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни айтганлар:
«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди».
Худди шу маънодаги жумла бундан олдинги ҳадисда ўтди:
«Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди».
Баъзи таъвилларда уларнинг оёқ остиларига қанотларини қўяди, дейилган. Бошқа бир таъвилда эса, фаришталар учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб олишади, уларнинг раҳматлари ва нурларидан иқтибос олишга уринадилар, дейилган. Нима бўлганда ҳам толиби илмларнинг Исломда қадрлари баландлиги ва илм талаб қилиш улуғ даража эканини кўрсатади.
«Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади».
«Осмонлардаги зотлар»дан мурод – фаришталар. «Ердаги зотлар»дан мурод – инсу жин ва ҳайвонлар. Истиғфор айтиш эса, бировнинг ҳаққига дуо қилишдир. Олим киши илм олгани учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақиргани ва ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шунинг учун ҳам унинг муҳаббатини фаришталарга, бутун махлуқотларга солади. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қилади. Бу эса диний илмлар олими бўлиш нақадар фазл эканини кўрсатади.
«Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди».
Олим диний илмларни яхши билувчи шахс. Обид ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта билиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётган бўлиб кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.
«Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир».
Шу жумла бу ерда гап диний олимлар ҳақида кетаётганига далолатдир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир.
«Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар».
Чунки уларга Аллоҳ таоло молу дунёни берган эмас. Аллоҳ таоло уларга илмни берган эди. Шунинг учун ҳам:
«Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».
Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар.
«Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».
Яъни, қайси бир одам ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Пайғамбарлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!
Ҳадиси шарифда олим кишига осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиши таъкидланмоқда.
Диний олим Ислом таълимотларини кишиларга етказиш орқали кўп яхшиликларни амалга оширади. Ундан ва у тарғиб қилган яхшиликлардан ҳамма фойда топади. Чунки Ислом таълимотлари бутун мавжудотлар учун кони фойдадир. Шунинг учун ҳам ҳамма мусулмон олимнинг ҳаққига яхшиликлар тилаб, Аллоҳ таолога дуолар қилади. Унга доимо яхшилик етиши тарафдори бўлади. Ихлосли мусулмонлар қадимдан бу улкан маънони яхши тушуниб, унга амал қилиб келганлар. Улар ўз уламоларини ғоятда ҳурмат қилганлар, эъзозлаганлар. Ҳар бир ишни улардан сўраб, шариатимизга мослаб бажаришга ҳаракат қилганлар. Ихлосли мусулмонлар уламоларни доимо ўз раҳбарлари, руҳий устозлари деб билганлар. Уларнинг сўзларидан чиқмаган ҳолда уламоларимизга хизмат қилиб, кўнгилларини олишга, дуоларига сазовор бўлишга ҳаракат қилиб келганлар. Халқимизнинг ўз уламоларига бўлган муносабати доимо таҳсинга сазовор бўлган. Вақти келса, оддий мусулмонлар ўзлари емай уламоларга егизган, ўзлари киймай уларга кийгизган.
Биз ҳам уламоларимизнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, осмондаги зотлар – барча фаришталар ҳурматлаган зотларни биз ҳам ҳурмат қилишимиз лозим. Ердаги зотлар – инсу жин ва ҳайвонлар ҳурмат қилган зотларни биз ҳам иззат қилмоғимиз лозим. Жинлар ва ҳайвонлар қандай қилиб уламоларнинг ҳаққига истиғфор айтишларини ва ҳурмат қилишларини Аллоҳ билади. Аммо биз инсонлар уламоларни қандай ҳурмат қилишни ўзимиз биламиз. Агар уламоларни ҳурмат қилишни ўрнига қўймасак, бу ҳадисда зикр қилинганлар қаторидан чиқиб қоламиз.
Олимнинг обиддан қанчалик афзал эканини билиб олдик. Энди олим бўлишга уринайлик! Ҳеч бўлмаса, обид бўлишга уринайлик. Олим ҳам, обид ҳам бўлмасак, ким бўлишимиз мумкин? Жоҳил ва бетавфиқ бўлишимиз мумкин, холос. Бундан бошқа «мартаба» ҳам йўқ-ку!
Олимларнинг афзаллиги нимада? Ҳадиси шарифда: «Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деб баён қилинган. Дунёдан ўтган авлод келажак авлодга ниманидир мерос қолдиради. Кейинги авлодлар эса, ўша меросни қабул қилиб олади ва ундан фойдаланади. Яхшидан яхшилик, ёмондан ёмонлик, золимдан зулм, одилдан адолат мерос қолади ва ҳоказо.
Инсоният тарихида Аллоҳнинг танланган бандаси бахтига муяссар бўлган, доимо инсониятни Аллоҳнинг ҳидоят йўлига бошлаб келган пайғамбар алайҳимуссаломлардан нима мерос қолган?
Уларнинг меросхўрлари бўлган уламолар нимани мерос қилиб олганлар?
Эҳтимол, уламоларни ҳурмат қилишимиз уларнинг пайғамбар алайҳимуссаломларга меросхўр бўлганларидандир?
Эҳтимол, меросга олган нарсаларидандир? Ҳа, ҳадисда айтилганидек:
«Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».
Уламолар ана ўша муқаддас меросни қабул қилиб олган улуғ зотлардир. Улар ўша илм ила кишиларни Аллоҳнинг динига, тўғри йўлга, Ислом шариатига чақирувчи, пайғамбарлар ва уларнинг охиргилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ишлари давомчиларидир. Уламолар кишиларга Қуръони карим, суннати шариф ва шариати Ислом таълимотларини баён қилувчи ҳидоят юлдузларидир. Улар кишиларни ҳидоят йўлига чақириб, залолат йўлидан қайтаришади. Олимлар кишиларни Исломга чақириш билан уларни икки дунё саодатига чақиришади. Бу дунёнинг фаровон турмушига, охиратнинг жаннати маъвосига даъват этишади. Шунинг учун ҳам олимлар ҳар қанча ҳурматга, эъзозга сазовордирлар. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, пайғамбарларнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни икки дунё саодатига чақираётган кишиларни ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни бу дунёнинг фаровон турмушига ва охиратнинг жаннати маъвосига чақирувчиларни ҳурмат қилган бўламиз. Шу йўл билан ҳар биримиз пайғамбарлар қолдирган меросдан олишга ҳаракат қилайлик, Улуғ насибага эришай- лик!
1407 - وَعَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَبْتَغِي فِيهِ عِلْماً سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ، وَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ لَتَضَعُ أَجْنِحَتَهَا لِطَالِبِ الْعِلْمِ رِضاً بِمَا يَصْنَعُ، وَإِنَّ الْعَالِمَ لَيَسْتَغْفِرُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَوَاتِ وَمَنْ فِي الأَرْضِ حَتَّى الحِيتَانُ فِي الْمَاءِ، وَفَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِ الْقَمَرِ عَلَى سَائِرِ الْكَوَاكِبِ، وَإِنَّ الْعُلَمَاءَ وَرَثَةُ الأَنْبِيَاءِ، وَإِنَّ الأَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَاراً وَلَا دِرْهَماً، وَإنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ، فَمَنْ أَخَذَهُ أَخَذَ بِحَظٍّ وَافِرٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ [د 3641، ت 2682].