1409-ҳадис

1409. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимдан илм ҳақида сўралганда уни яширса, Қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганланади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида илмни яшириш, уни тарқатмасликнинг оқибати ёмон бўлишини баён қилиш билан илмни ёйишга тарғиб қилмоқдалар. 

Ўтган ҳадисларда барча мўмин-мусулмонлар бир оят бўлса ҳам билган нарсаларини кишиларга етказиш учун ҳаракат қилишлари зарурлиги айтилган эди. Энди эса, ким илмни беркитса, уни кишиларга етказмаса, қиёмат куни алоҳида азоб билан азобланиши муқаррарлиги маълум қилинмоқда. Ундай одамни Аллоҳ таоло оловдан бўлган юган билан юганлаб жаҳаннамга солади ва унда яна алоҳида азоб берар экан.

Бошқа тузумларда илм ўз эгасининг мулки ҳисобланади. Олим одам нимани хоҳласа, шуни қилади. Хоҳласа, бировга ўргатади, хоҳламаса, ўргатмайди. Исломда эса, илм олимнинг эмас, балки ўша олим яшаётган жамиятнинг мулки ҳисобланади. Олим эса, уни ўзида омонат сақлаб турган одам. Жамият қачон муҳтож бўлиб қолса, олим ўша омонатдаги илмдан бериши лозим. Бермаса, хиёнат қилган бўлади. Бу дунёда қутулиб кетса ҳам охиратда, албатта, жазосини олади. 

Ўтган бобда олимларнинг фазли ва уларга берилган имтиёзлар ҳақида гап кетган эди. Энди олимларнинг бурч ва масъулиятлари ҳақида сўз бормоқда.

Бу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз равшан. Илми бор кишилар ўзларидаги илмни беркитмасдан, сўраб келган, ўрганмоқчи бўлган кишиларга ўргатишлари керак. Агар биров бу йўлда тўсиқ бўлса, барча гуноҳ ўша тўғаноқлик қилган томонга тушади.

1409 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ سُئِلَ عَنْ عِلْمٍ فَكَتَمَهُ أُلْجِمَ يَومَ القِيَامَةِ بِلِجَامٍ مِنْ نَارٍ» رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ، وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 3658، ت 2649].


Улашиш
|
|
Нусха олиш