1411-ҳадис

1411. Абдуллоҳ ибн Амр Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб суғуриб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида шаръий илмлар қай тарзда йўқолиб бориши ва унинг оқибатлари ҳақида баён бермоқдалар.

«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бирданига суғуриб олмайди». 

Яъни, шаръий илм ҳозир одамлар ичида мавжуд. У бир вақт келиб, йўқ бўлади. Йўқ бўлиши эса, илмнинг ўзини одамлар ичидан алоҳида бир тарзда суғириб олиш билан бўлмайди.

«Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб суғуриб олади».

Яъни, Аллоҳ таоло аста-секин, бирин-кетин уламоларни вафот эттириб бораверади. Уламолар бирин-кетин ўлиб, тугаб бораверадилар. Ўринларига янги олимлар чиқмагач, илм ҳам йўқолиб бораверади. Натижада илм йўқ бўлади. Бу эса ўз навбатида аянчли оқибатга олиб келади.

«Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади»

Олимлар бирин-кетин ўтиб кетиб, тугайдилар. Одамлар бошлиқсиз қоладилар. Ана ўшанда илмсиз, шариатдан хабари йўқ одамни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. 

«Бас, ўшалардан сўралади». 

Яъни, ўша жоҳил бошлиқлардан одамлар турли нарсалар хусусида фатво сўрашади.

«Улар эса, илмсиз равишда фатво берадилар».

Бу жуда ҳам хатарли ҳолат. Илмсиз, жоҳил одам мусулмонларга бошлиқ бўлиб қолган. Мусулмонлар ҳаётида доимо янги-янги масалалар, турли саволлар пайдо бўлиб туради. Улар буни бошлиқларидан сўрайдилар. Жоҳил бошлиқнинг эса, бу масалани мен еча олмайман, дейишга ори келади. Илмсиз эканини тан олишга жасорати етмайди. «Модомики, одамлар мени бошлиқ деб билишяптими, мендан фатво сўрашаяптими, демак, мен бошлиқман, мен биламан», деб хаёлига келган гапни гапираверади. Натижада:

«Натижада ўзлари ҳам адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштирадилар». 

Билмаган нарсасини гапиришнинг ўзи залолат, адашув, улкан гуноҳ. Шариат ҳукмини билмасдан туриб, бошқа бир кишига нотўғри нарсани «шу шариат ҳукми», деб айтиш эса, умуман, тенги йўқ залолатдир. Чунки шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб йўл қўйилган хато туфайли бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин. Аммо шариат бўйича жоҳиллик билан гапиришдан эса, бу дунё ҳам, охират ҳам куяди. Чунки шариат масаласи ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдан фатво бериш фатво берувчининг ўзини залолатга кетказади. Шу билан бирга, ўша илмсиз равишда фатво берган одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳаммаёқни бузади. Одамлар фалончи айтди, деб унинг гапини бир-бирларига етказадилар. Ўзаро тарқатадилар. Натижада залолат кенг тарқайди.

Энди ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадислари мўъжиза экани баъзи бир мусулмон халқлар ҳаётида очиқ-ойдин намоён бўлди. Ўша халқларнинг уламолари худосиз, золим ҳокимлар томонидан ўлдирилди, қамалди ёки сургун қилинди. Соғ қолганлари ҳам аста-секин кексайиб, дунёдан ўтиб кетдилар. Натижада ҳақиқий шаръий илм ўша диёрдан кўтарилди.

Ўзини билган ҳар бир миллат ўзидан етишиб чиққан уламоларни эъзозлай олади. Ҳақиқий олимларидан дину диёнат, иймон-эътиқод, элу юрт фойдаси учун фойдалана билади. Чунки бундай одамларнинг борлиги ҳар бир халқ, ҳар бир миллат учун катта бахтдир. Улар оламдан ўтишлари билан бу бахт ҳам кетади. 

Шунинг учун ҳам олимнинг ўлими – оламнинг ўлими, деб бежиз айтилмаган. Ўзлигини таниган ҳар бир миллат доимо ўз эҳтиёжларини қондирадиган даражада уламолари бўлиши учун қўлидан келган ишни қилган ва қилади. Бу ишни қилмай яшаган миллат эса жоҳиллик ҳукмронлиги остида залолатга юз тутади.

Шаръий илмни яхши ўзлаштирмаган кишидан бирор масала хусусида сўралганда унинг «бу масалани мен билмайман», дейиши билмасдан, тахминан жавоб беришидан кўра афзал ҳисобланади. Зеро, шаръий масалаларда фатво бериш, турли саволларга жавоб қайтариш учун диний мансаб ёхуд чиройли салла-чопон восита бўла олмайди. Бундай мақомга шаръий илмларни ўқиган ва ўша илмнинг устозларидан ижозат олган, тақводор, ростгўй, илмига амал қилувчи киши лойиқ саналади. Мусулмонлар ана шундай кишиларни олим сифатида ҳурмат қилиб эъзозлашлари, улардан фатво сўраб, турли ишларда иршодлар олишлари зарур.

Беш-олти сурани чала ёд олиб, икки-учта ҳадиснинг маъносини бировдан ўрганиб олган, ўзини «аллома» қилиб кўрсатишга уринаётганлардан эҳтиёт бўлиш керак. Шунингдек, араб тилини билиш ёки баъзи араб юртларига бориб келиш ҳам кишига шаръий масалада фатво айтиш ҳуқуқини бермайди. 

Кишининг араб бўлиши, арабча кийиниши, муқаддас жойларда истиқомат қилиши ҳам унинг олимлигига далолат қилмайди. Зеро, бундай васфга эга бўлганлар ичида дунёнинг энг жоҳил одами унвонини олганлар қанча!

Қўлга тушган ҳар бир китобни «ҳақиқат шунда экан», деб ўқиб кетавериш ҳам яхшиликка олиб бормайди. Кимнинг китобини ва қайси йўналишдаги китобни ўқишни ажрата билишда ҳам гап кўп. Бу масалада ҳам ҳушёр бўлиш керак. Чунки айрим уламолар номидан мусулмонлар орасини бузиш, динга зарба бериш мақсадида мусулмон диёрларида кўплаб зарарли, ишончсиз, бетайин китоблар ҳам тарқатилмоқда.

1411 -  وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إنَّ اللهَ لَا يَقْبِضُ العِلْمَ انْتِزَاعاً يَنْتَزِعُهُ مِنَ النَّاسِ، وَلَكِنْ يَقْبِضُ العِلْمَ بِقَبْضِ العُلَمَاءِ حَتَّى إِذَا لَمْ يُبْقِ عَالِماً اتَّخَذَ النَّاسُ رُؤُوساً جُهَّالًا، فَسُئِلُوا، فَأَفْتَوْا بِغَيْرِ عِلْمٍ، فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 100، م 2673].


Улашиш
|
|
Нусха олиш