123-ҳадис

123. Яна Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бирингизнинг ҳар бир бўғими учун садақа тушади. Ҳар бир тасбеҳ садақадир, ҳар бир таҳмид садақадир, ҳар бир таҳлил садақадир, ҳар бир такбир садақадир. Яхшиликка буюриш садақадир, ёмонликдан қайтариш садақадир. Чошгоҳ пайти ўқиладиган икки ракъат намоз буларнинг ўрнига ўтади».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Уйқудан эсон-омон туриб, уч юз олтмиш бўғини ишга тушиб кетиши ҳар бир инсон учун катта бахт, улуғ неъмат. Мўмин-мусулмон киши ҳар бир неъмат учун Аллоҳ таолога муносиб шукр қилиши керак. Шукр қилганда ҳам ҳар бир бўғин ҳисобига бир садақа қилиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Сабоҳда сизнинг ҳар бирингиздан ҳар бўғинига садақа лозим бўлади» деганлари шуни анг­латади.

Садақа деганда пул ёҳуд мол сарфлашни тушунмаслик керак. Мўмин банда томонидан қилинган ҳар бир яхшилик, шариатга мувофиқ амал садақадир.

1. Бир марта субҳаналлоҳ, деб тасбеҳ айтиш ҳам садақа. Шу билан бир бўғин учун қилиниши зарур бўлган шукр адо этилади.

2. Бир марта алҳамдулиллоҳ, дейишлик ҳам садақа. Шу билан яна бир бўғин учун қилиниши зарур бўлган шукр адо этилади.

3. Бир марта «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейишлик ҳам садақа. Шу билан яна бир бўғин учун қилиниши лозим бўлган шукр адо этилган бўлади.

4. Бир марта Аллоҳу акбар, дейишлик ҳам садақа. Шу билан яна бир бўғин учун қилиниши лозим бўлган шукр адо этилади.

5. Амри маъруф қилишлик ҳам садақа.

6. Наҳйи мункар қилишлик ҳам садақа.

7. Йўлда кўринган одамга салом беришлик ҳам садақа.

8. Йўлдан кўпчиликка озор берадиган нарсани олиб ташлашлик ҳам садақа.

9. Иффат ва солиҳ фарзанд талабида жуфти ҳалоли ила яқинлик қилиш ҳам садақа.

Шу ва шунга ўхшаш солиҳ амалларни қилиб мусулмон одам ҳар бир бўғини учун кунда қилиши керак бўлган садақаларни адо этса, қандай яхши!

Айниқса, икки ракат чошгоҳ намози ўқиган одам уч юз олтмиш бўғин учун қилиши лозим бўлган садақани адо этган бўлади. Чунки намоз пайтида инсоннинг барча бўғинлари ишга тушади.

Бу ҳадисда чошгоҳ намози ниҳоятда фазилатли экани баён қилинмоқда. Шунинг учун ҳам бу намозни доимий суратда ўқиб юришга одатланишимиз лозим.

Чошгоҳ намозининг вақти ҳақида қуйидаги ҳадис келган:

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У чошгоҳ намози ўқиётган қавмни кўриб қолиб:

«Булар намоз ушбу соатдан бошқасида афзал эканини билмасмикинлар?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввобийнларнинг намози теваларнинг оёғи куйганда бўлади, деганлар», деди».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган.

 

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бу гапни Қубо аҳлининг қуёш чиққан пайтида чошгоҳ намозини ўқиётганларини кўриб қолиб айтганлар. Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳунинг фикрларича, чошгоҳ намози ўқимоқчи бўлган одам ушбу ҳадисда васф қилинган пайтда ўқигани афзал. Бу пайтда қуёш ерни қиздириб кичик бўталоқ теваларнинг оёғини куйдирадиган даражага етиб қолади.

«Аввобийн» сўзи «кўп тавба қилувчилар» деган маънони англатади. Демак, чошгоҳ намози аввобийнлар намози ҳам деб аталар экан. Ушбу намоз ҳақидаги барча далилларни яхшилаб ўрганган фуқаҳоларимиз чошгоҳ намозининг вақти эрталаб нафл намоз ўқиш ҳалол бўлган вақтдан бошлаб, то заволгача, деганлар.

Жумҳури уламоларимиз, жумладан, тўрт мазҳаб соҳиблари ҳам чошгоҳ намози суннатдир, деганлар.

Демак, бизлар ҳам ҳаётимизга бу суннатни татбиқ қилмоғимиз керак. Чошгоҳ намози ўқиб юрмоғимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилганимиз бўлади.


123 - الثَّانِي : عَنْ أَبِي ذَرٍّ أَيْضاً رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يُصْبِحُ عَلَى كُلِّ سُلَامَى مِنْ أَحَدِكُمْ صَدَقَةٌ، فَكُلُّ تَسْبِيْحَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلُّ تَحْمِيدَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلُّ تَهْلِيلَةٍ صَدَقةٌ، وَكُلُّ تَكْبِيرَةٍ صَدَقَةٌ، وَأَمْرٌ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ، وَنَهْيٌ عَنِ الْمُنْكَرِ صَدَقَةٌ، وَيُجْزِئُ مِنْ ذَلِكَ رَكْعَتَانِ يَرْكَعُهُمَا مِنَ الضُّحَى». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [720].

«السُّلَامَى» بِضَمِّ السِّيْنِ الْمُهْمَلَةِ وَتَخْفِيفِ اللَّامِ وَفَتْحِ الْمِيمِ: الْمَفْصِلُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш