125-ҳадис

125. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Инсонлар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Давлатмандлар ажрларни илиб кетишди. Улар биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади, биз рўза тутганимиздек рўза тутишади. лекин ортган мол дунёларидан садақа ҳам қилишади», дейишди. У зот: «Ахир, Аллоҳ сизларга ҳам садақа қиладиган нарсалар бериб қўймаганми? Ҳар бир тасбеҳ садақадир, ҳар бир такбир садақадир, ҳар бир ҳамд садақадир, ҳар бир таҳлил садақадир, маъруфга буюриш ҳам садақадир, мункардан қайтариш ҳам садақадир. (Ҳатто) бирингизнинг яқинлик қилишида ҳам садақа бор», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Биримиз шаҳватини қондирса ҳам бунда ажр бўладими?» дейишди. У зот: «Айтинглар-чи, агар ўшани ҳаромдан қондирса, бу унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, уни ҳалолдан қондирса унга ажр бўлади», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда мусулмонларнинг биринчи авлодига хос бир фазилат устида сўз бормоқда. У ҳам бўлса, савоб иш қилишда бир-биридан ўтишга бўлган ҳаракат ва унга эришиш йўлларини излашдир.

Фақир-мискинликлари туфайли бой-бадавлатларга ўхшаб садақа қила олмай, қул озод қила олмай юрган муҳожир саҳобалар қандоқ қилиб кўпроқ ажру савобга эга бўлишлари мумкинлигини сўраб келишди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни субҳаналлоҳ, алҳамдулилла ва Аллоҳу акбар деб айтиб, зикр қилишга ҳамда амру маъруф ва наҳий мункар қилишга иршод этдилар.

Бошқа ривоятда эса қуйидагича келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Фақир муҳожирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Кўп молли кишилар даражотларни ва доимий неъматни олиб кетдилар», дейишди. У зот:

«У нимадир?» дедилар. Улар:

«Биз намоз ўқиганимиздек, намоз ўқирлар. Биз рўза тутганимиздек, рўза тутарлар. Улар садақа қилурлар. Биз садақа қила олмасмиз. Улар қул озод қилурлар, биз озод қила олмасмиз», дедилар.

У зот:

«Сизни ўзингиздан олдингиларга етиб олишингиз, ўзингиздан кейингилардан ўтиб кетишингизга сабаб бўладиган, сиздан ҳеч ким афзал бўлмайдиган, фақат сиз қилганни қилсагина бўладиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар:

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

«Ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбиҳ, такбир ва ҳамд айтасиз», дедилар. Абу Солиҳ:

«Фақир муҳожирлар яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб:

«Аҳли мол биродарларимиз биз қилган нарсани эшитиб қолиб, ўшанга ўхшаш ишни қилдилар», дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ул Аллоҳнинг фазлидир, хоҳлаган кишисига берур», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти.

 

125 – الرَّابِعُ: وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ نَاساً قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، ذَهَبَ أَهْلُ الدُّثُورِ بِالأُجُورِ، يُصَلُّونَ كَمَا نُصَلِّي، وَيَصُومُونَ كَمَا نَصُومُ، وَيَتَصَدَّقُونَ بَفُضُولِ أَمْوَالِهِمْ، قَالَ: «أَوَ لَيْسَ قَدْ جَعَلَ اللهُ لَكُمْ مَا تَصَدَّقُونَ بِهِ!! إِنَّ بِكُلِّ تَسْبِيحَةٍ صَدَقَةً، وَكُلِّ تَكْبِيرَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلِّ تَحْمِيدَةٍ صَدَقَةً، وَكُلِّ تَهْلِيلَةٍ صَدَقَةٌ، وَأَمْرٌ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ، وَنَهْيٌ عَنِ مُنْكَرٍ صَدَقَةٌ وَفِي بُضْعِ أَحَدِكُمْ صَدَقَةٌ» قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَيَأْتِي أَحَدُنَا شَهْوَتَهُ وَيَكُونُ لَهُ فِيهَا أَجْرٌ؟! قَالَ: «أَرَأَيْتُمْ لَوْ وَضَعَهَا فِي حَرَامٍ أَكَانَ عَلَيهِ وِزْرٌ؟ فَكَذِلَكَ إِذَا وَضَعَهَا فِي الحَلَالِ كَانَ لَهُ أَجْرٌ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1006].

«الدُّثُورُ» بِالثَّاءِ الْمُثَلَّثَة: الأَمْوَالُ، وَاحِدُهَا: دَثْرٌ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш