126-ҳадис

126. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Ҳеч бир яхшиликни кичик санама, ҳатто биродарингни очиқ чеҳра билан кутиб олишни ҳам».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Одамларга очиқ юз ва хушхулқ билан юзланиш Аллоҳ таоло ҳузурида маҳбуб иш бўлиб, бунга ҳам ажр берилади.

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кишини бир-бири билан мамнун ҳолда кўришишини яхшилик деб баҳоламоқдалар. Шу билан бирга, ҳеч қайси яхшиликни арзимас, деб билмасликни уқтирмоқдалар

Жилмайиш, оҳиста кулиш табассум бўлиб, мана шу мўминнинг сифатидандир.

Табассум ибодат ҳисобланади. Айни пайтда табассумнинг 19 тури аниқланган. Улар икки гуруҳга: “ижтимоий” ва “асл” табассумга бўлинади. Асл табассум чин юракдан табассум қилишга айтилади. Ижтимоий табассумни бошқачароқ, “хушмуомалалик учун табассум қилиш” деб атасак ҳам бўлади. Бу юздаги 5 мускулни ҳаракатга келтиради. Умуман, киши табассум қилганда юздаги 17 мускул ҳаракатга келади.

Табассум инсон юзи учун ажойиб бадан тарбия ҳисобланади. У инсон жисми ва ақлига фойда беради, қон босимининг ошиши ва юрак хасталикларининг олдини олади ҳамда инсонда ўзига бўлган ишончни шакллантиради.

Табассум юз мускулларининг ҳолати билан ҳамоҳанг тарзда ишлайдиган мия фаолиятининг ижобий ҳолатини кучайтириши билан бирга, атрофдагиларнинг руҳиятига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Масалан, сизга қараб самимий жилмайиб турган одамга нисбатан сиз ҳам табассум билан мулоқотга киришиб кетганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Ёки чин юракдан берилиб кулаётган кишини кўрган одам, гарчи гап нима ҳақида кетаётганини билмаса-да, унга қўшилиб кулиб қўяди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдагиларга доимо табассум билан қарар эдилар. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилганларида муборак нурли тишлари кўринар эди.

“Ғамларнинг кўплиги қовоқ солиш учун мантиқий сабаб эмас. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар орасида ғами энг кўп киши бўлишларига қарамай, инсонларнинг сертабассуми эдилар”.

Шундай экан, ҳар тонг уйқудан уйғонганингизда, ҳар бир қийинчилик тўсиқларидан ўтаётган пайтингизда доим  самимий табассум қилинг. Сизнинг табассумингиз учун доимо етарли сабаб ва асос топилади.

126 - الخَامِسُ: عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا تَحْقِرَنَّ مِنَ الْمَعْرُوفِ شَيْئاً وَلَوْ أَنْ تَلْقَى أَخَاكَ بِوَجْهٍ طَلِيقٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш