136-ҳадис

136. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Беш маҳал намоз ва жума кейинги жумагача, Рамазон кейинги Рамазонгача ўз ораларидаги гуноҳларга каффоратдир, агар гуноҳи кабиралардан сақланган бўлса», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётганда бу ҳадиси шарифда беш вақт намоз орасида ва бу жумадан у жумагача бўлган гуноҳлар вақти ўқилган намоз ва жума намози туфайли ювилиб кетиши баён қилинмоқда. Яъни, беш вақт намоздан бири ўқилгандан сўнг навбатдагиси келгунича содир бўлган гуноҳлар навбатдаги намоз ўқилгач, ўша намоз туфайли ювилади.

Жума намозини ўқиганидан кейин янаги жума келгунича бўлган даврдаги беш вақт намоз билан ювилмай қолган гуноҳлар жума намози билан ювилади.

Шу билан бирга, ҳадисда ҳаммаси учун бир умумийшарт зикр қилинмоқда.

«Агар гуноҳи кабиралардан сақланган бўлса».

Яъни, беш вақт намоз ва жума намози катта гуноҳлардан бошқа гуноҳларни кечирилишига сабаб бўлар экан.

Шундоқ экан, беш вақт намозни ва жума намозларини канда қилмайлик. Намоз ўқиш билан нафақат бандалик бурчимизни адо этамиз, балки ўз гуноҳларимизни ювишга ҳам муяссар бўламиз. Банда гуноҳдан ҳоли эмас. Аллоҳ таоло бизларга ўта меҳрибон бўлганидан осонлик ила гуноҳларимизни тез-тез ювиб туриш имконини яратиб қўйибди. Бу имкониятдан фойдаланиб қолишимиз керак.

Жума намози ҳам худди шундоқ, балки ундан ҳам кўра каттароқ ва кучлироқ имкониятдир.

 

136 - الرَّابِعَ عَشَرَ: وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الصَّلَوَاتُ الْخَمْسُ، وَالْجُمُعَةُ إِلَى الْجُمُعَةِ، وَرَمَضَانُ إِلَى رَمَضَانَ مُكَفِّرَاتٌ مَا بَيْنَهُنَّ إِذَا اجْتُنِبَتِ الْكَبَائِرُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [233/16].


Улашиш
|
|
Нусха олиш