141-ҳадис

141. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қайси бир мусулмон кўчат ўтқазаркан, ундан нимаики ейилса, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Кимдир (унинг мевасини) камайтирса, унинг учун садақадир».

Имом Муслим ривояти.

У кишининг бошқа ривоятида:

«Мусулмон киши кўчат ўтқазар экан, ундан инсонми, жониворми, қушми еса, бу қиёмат кунигача унинг учун садақа бўлади», дейилган.

У кишининг бошқа ривоятида:

«Мусулмон киши кўчат ўтқазса, экин экса, ундан инсонми, жониворми ё нимадир еса, бу унинг учун садақа бўлади», дедилар».

 

Имом Бухорий ва Муслим буларнинг барчасини Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

 

Шарҳ: Мусулмон киши учун бундан ортиқ зироатчиликка қизиқтириш бўлмаса керак. Боғдорчилик ва деҳқончилик қилган одамга ўзи ўйламаган томонлардан ҳам садақанинг савоби ёзилиб тураверади. Унинг эккан нарсаларидан одамлар, ҳайвонлар, қушлар, ҳатто қурт-қумурсқалар ҳам фойда топади. Мазкур нарсаларнинг фойдаланиши зироатчи учун садақа ўрнига ўтади.

Зироатчилик билан шуғулланиш ана шундоқ улуғ иш. Баъзи вақтда экинига ўғри тушган зироатчилар хафа ҳам бўлишади. Албатта, бу хафа бўлишга арзигулик ҳодиса. Тер тўкиб қилинган меҳнат самараси қандайдир нобакор томонидан олиб кетилиши ачинарли ҳолат. Лекин зироатчи ўша ўғирланган нарсаси ҳам беҳуда кетмаганини англаб етиши лозим. Бу иш унинг учун садақа сифатида номаи аъмолига ёзиб қўйилади.

Ҳа, деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни ҳамма жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шунинг учун ҳам касбларнинг ичида Ислом уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик энг афзал касб ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам қиёмат қоим бўлиб, жаннатилар жаннат эшиклари олдида тўпланиб ким биринчи киради, дейилганида деҳқон, дейилади.

Мусулмонлар ўз динларини маҳкам тутган пайт­ларида, Қуръон ва Суннатга амал қилган пайт­ларида, ушбу ва шунга ўхшаш ҳадисларга ҳам яхши амал қилганлар. Бунинг натижаси ўлароқ мусулмон ўлкаларида қишлоқ хўжалиги, зироатчилик мисли кўрилмаган даражада ривожланган.

Бу соҳа маҳсулотларининг энг яхшиси ва энг кўп қисми мусулмон юртларида етиштирилган ва ортиқчаси бошқа юртларга сотилган. Бошқа халқ­лар бу соҳада мусулмонлардан дарс олганлар, тажриба ўрганганлар.

Ўша вақтларда бу соҳа бўйича илмий изланишлар ҳам кенг кўламда олиб борилган. Ўша даврда битилган китобларни варақлаганимизда бунга кучли далил ва ҳужжатлар топамиз.

Бошқа илмлар қатори наботот илми ҳам мусулмонлар томонидан қилинган ҳаракатлар туфайли илм сифатида шаклланди ва тараққий этди. Албатта, қадимдан инсон наботот ила қизиқиб уни ўрганиб келган, аммо илм дини бўлган Исломгина набототларни ўрганишни ҳақиқий илмий баҳсга айлантирди ва бу соҳада алоҳида илм пайдо бўлишига сабаб бўлди.

Мусулмонларни бу соҳадаги илмий баҳсларга ундаган асосий омил, албатта, Қуръони карим ва Суннати мутаҳҳарадаги илмга тарғиб қилувчи таълимотлар бўлган.

Шу билан бирга, Қуръони каримда ҳам, Суннати мутаҳҳарада ҳам набототлар ҳақида кўплаб маълумотлар зикр этилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло анжир, зайтун каби набототлар ила қасам ичган. Аллоҳ таоло нима билан қасам ичган бўлса, бежиз бўлмайди. Шунинг учун мусулмонлар ўша нарсага алоҳида эътибор берадилар. Худди мана шу руҳ мусулмонларнинг наботот илмига асос солишларига сабаб бўлган.

Мусулмонлар наботот илмига тажриба ва тадқиқот руҳини берганларига мисол тариқасида 639 ҳижрий санада вафот топган машҳур олим Рашидуддин Сурий раҳматуллоҳи алайҳининг илмий басҳларини келтириш мумкин. У киши турли набототларни ўрганиш учун илмий сафарга чиққанларида ўзлари билан бирга уста рассомлардан ҳам олиб чиқар эканлар. Рашидуддин Сурий қайси набототни ўргансалар, ўшани рассом ҳам худди ўзининг ҳажми ва рангидек қилиб расмини солар экан. Рассом ҳар бир набототни уч марта: ўсаётган, пишиб етилган ва қуриб битган пайтидаги расмини солар экан.

Олим наботот илми бўйича «Ал-адвия ал-муфрада» ва «Ат-тож» номли китобларни таълиф қилган. У кишининг китобларида тўрт юз олтмиш олтита ўсимликнинг тўлиқ васфи келтирилган.

Мусулмон олимлар ўзларининг набототлар бўйича ўтказган тажрибалари ва илмий баҳсларига асосланиб, набототлардаги ҳеч кимга маълум бўлмаган моддаларни яхшилаб ўргандилар. Бу ҳол эса ўша моддаларни турли дорилар тайёрлашда ишлатишга имкон берди. Мусулмон уламолар тарихда биринчи бўлиб, набототларга таъсир ўтказиб, ўзларига керак бўлган ранг ва моддаларни уларга киритиш йўлларини ишлаб чиқдилар.

Мусулмонлар ичидан етишиб чиққан дунёга донғи кетган олимлардан бири Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғофиқийдир. Бу олим наботот оламига бағишланган китобида набототларнинг исмини араб, лотин ва барбар тилларида келтирган. Милодий 1160 санада вафот этган. Ғарб олимларидан Макс Майрхуруф бу олимга баҳо бериб, энг машҳур наботот илми олимларидан бири, деб атайди.

Бу соҳада яна машҳур мусулмон олимларнинг энг кўзга кўринганларидан бири Ибн Байтор раҳматуллоҳи алайҳдир. Олим «Ал-Жомеъ фил адвиятил муфрада» номли китобида ўсимликлардан тайёрланадиган дориларнинг бир минг тўрт юзта турини васф қилган. Шулардан тўрт юзтасини Ибн Байтордан олдин ҳеч ким тилга олмаган экан.

Ибн Байтор экинзорларда ўсиб, ҳосилга зарар етказадиган ўсимликларни биринчи бўлиб ўрганган набототшуносдир. У Мисрда набототшуносларнинг раиси ҳам бўлган.

Ибн Байтор ўсимликларни ўрганиб Юнонистонгача борган. Унинг «Ал-муғний фил адвиятил муфрада» номли китоби ҳам бор. Овруполиклар уни «наботот илмининг отаси» деб атайдилар.

Ўн биринчи милодий асрда яшаб ўтган Ибн Бассол Тулайтилий раҳматуллоҳи алайҳ эса Андалус мусулмон давлатининг Тулайтила (ҳозирги Испаниянинг Толедо) вилоятида ҳокимларнинг улкан боғларини бошқарган.

Олим кўчатларнинг янги турларини ҳосил қилиш ва зироатга етадиган офатларга қарши курашиш билан шуҳрат топган. Унинг «Ал-филоҳа» номли китоби бу фикрнинг тасдиғидир.

Олим бу машҳур китобида турли сувлар, ерлар ва набототларнинг хусусиятларини ва уларга етадиган офатларни муолажа қилиш услубларини ажойиб илмий йўл билан баён этган.

Улуғ олим Абу Закарийя Яҳъя ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Авом ал-Ишбилий раҳматуллоҳи алайҳи Андалус Ислом давлатининг Ишбилия (Севиля) вилоятида милодий ўн иккинчи асрда яшаб ўтган. У «Ал-филоҳа» номли китобида наботот илмига оид кўплаб илмий баҳсларни баён этган. Бу китоб милодий 1802 санада шарқшунос роҳиб Иосиф Антонио Бонкирри томонидан испан тилидаги таржимаси билан нашр этилган.

Ҳозирги кунда Испания, Франсия, Италия, Португалия, Юнонистон каби жанубий Оврупо давлатларида ўсаётган хурмо, зайтун ва бошқа дарахту ўсимликларнинг ўша юртларда қандай пайдо бўлганини бир ўйлаб кўрганмисиз? Бу нарсалар бошқа илм ва тараққиёт воситалари қатори Оврупога унинг жанубида саккиз аср ҳукм сурган Андалус Ислом давлатидаги мусулмонлар ҳаракати ила кириб келган.

Мусулмонлар машриқ томондан ва шимолий Африқодан Жанубий Оврупога юқорида зикр этилган хурмо ва зайтундан бошқа пахта, шоли, шакарқамиш, заъфарон каби кўплаб набототларни олиб келиб, ўша ер табиатига мослаштириб ўстирганлар.

Мусулмонлар ўсимликларни суғориш учун сув олиб келиш,  бу соҳада сувни илмий равишда ишлатиш борасида ҳам пешқадам ҳисобланадилар. Мусулмон ўлкаларни қўйиб турайлигу ҳозирги Испаниядаги сув чиқариш каналлари ва бошқа шунга оид осори-атиқалар ҳам мусулмонларнинг қанчалик тараққиётга эришганларининг далилидир. Ҳаттоки баъзи минтақаларда ҳозир ҳам мусулмонлар қурган иншоотлардан суғориш ишларида фойдаланилмоқда.

Набототшунослик бўйича мусулмонлар эришган ютуқлардан франсиялик ва швесариялик инсонлар ҳам баҳраманд бўлганлар. Жанубий Франсиянинг ҳозирги кундаги энг муҳим маҳсулотларидан бўлмиш қора буғдой мусулмонларнинг уларга қилган ҳадясидир. Айнан мусулмонлар қора буғдойнинг уруғини биринчи бўлиб жанубий Франсияга келтириб экканлар.

Юқорида айтиб ўтилганларнинг тасдиғи сифатида шу соҳани синчиклаб ўрганган ғарблик олимлардан жаноб Сийнубеснинг гапларидан иқтибос келтиришга ижозатингизни сўраймиз:

«Мусулмонлар зироатнинг ҳамма навларини истеъмол қилиш билан бирга набототлардан кўпини Сақаллия (Сиссилия) ва Испанияга олиб келиб ўстирганлар. Улар бу ишни шу даражада яхшилаб адо этганларидан ўша нарсалар худди шу ерлик набототларга ўхшаб қолди. Шоли, заъфарон, узум, хушбўй ўсимликлар, ҳаворанг ва сариқ атиргуллар, ясмин, пахта ва шакарқамишлар ҳам шунга мисолдир».

Мовароуннаҳрда ҳам мусулмонлар наботот илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшганлар. Бу ҳақда баъзи бир маълумотлар ҳаммамизга маълум.

Набототларнинг кўплаб турлари юртимизда ажойиб усуллар ила етиштирилганлиги, улардан юқори ҳосил олиш йўлга қўйилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу билан бирга, ерни парвариш қилиш, сув иншоотлари, суғориш йўллари ва бошқа наботот илмига оид ишлар мусулмон оламининг ажралмас қисми бўлмиш бизнинг юртимизда ҳам қойилмақом қилиб йўлга қўйилган.

Юртимизнинг наботот илмига оид асосий маълумотларини энди ўрганишимиз лозим бўлади. Дину диёнат, илму маърифат ва фан, инсоният душманлари куйдириб ва йўқ қилиб улгурмаган қўлёзмаларимизни яхшилаб ўргансак, денгиздан томчи қолган бўлса ҳам, етарли маълумотлар чиқиши турган гап.

Аммо мусулмонларнинг ўз динларидан узоқлашишлари ҳаётнинг барча соҳаларидаги каби деҳ­қончилик соҳасида ҳам нафақат ўзларига, балки бутун дунё халқлари бошига оғир кулфат бўлиб тушди.

Иймонли, омонатли, ҳалол деҳқоннинг бўшаб қолган етакчилик ўрнини иймонсиз, хиёнатчи, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайдиган кишилар эгаллади. Улар деҳқончиликка охиратда жаннатга биринчи бўлиб кириш воситаси бўлган муборак касб, деб эмас, фақат бойлик орттирадиган восита, деб қарар эдилар.

Натижада деҳқончиликдан кўзланган мақсад ўзгаргани туфайли, унинг услуби ҳам, маҳсулотлари ҳам, самараси ҳам ўзгарди. Бу ишга ҳаром-хариш, алдамчилик аралашди. Нафақат кишилар, балки она ер ҳам беҳаёларча алданди, унга ҳам зулм қилинди.

 

 

141 - التَّاسِعَ عَشَرَ: عَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْساً إِلَّا كَانَ مَا أُكِلَ مِنْهُ لَهُ صَدَقَةً، وَمَا سُرِقَ مِنْهُ لَهُ صَدَقَةً، وَلَا يَرْزَؤُهُ أَحَدٌ إلَّا كَانَ لَهُ صَدَقَةً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1552].

وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: «فَلَا يَغْرِسُ الْمُسْلِمُ غَرْساً، فَيَأْكُلَ مِنْهُ إِنْسَانٌ وَلَا دَابَّةٌ وَلَا طَيرٌ إِلَّا كَانَ لَهُ صَدَقَةً إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ». [1552/10].

وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: «لَا يَغْرِسُ مُسلِمٌ غَرْساً، وَلَا يَزْرَعُ زَرْعاً، فَيَأْكُلَ مِنْهُ إِنْسَانٌ وَلَا دَابَّةٌ وَلَا شَيْءٌ إِلَّا كَانَتْ لَهُ صَدَقَةً». [1552/8].

وَرَوَيَاهُ جَمِيعاً مِنْ رِوَايَةِ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ. [خ 2320، م 1553].

قَولُهُ: «يرْزَؤُهُ» أَيْ: يَنْقُصُهُ.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш