Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар!» деяётганларини эшитганман.
Муттафақун алайҳ.
Имом Бухорий ва Муслимнинг бошқа ривоятларида қуйидагича айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизлардан ҳеч ким йўқки, (қиёмат куни) Робби у билан ўртада ҳеч бир таржимонсиз гаплашмаса. У ўнг томонига қараб, ўзи қилган ишларнигина кўради. Чап томонига қараб ҳам ўзи қилган ишларнигина кўради. Олдига қараганда эса рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шунинг учун яримта хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар. Ким уни топа олмаса, Биргина ширин сўз билан бўлса ҳам (сақлансин!)».
Шарҳ: Бу мавзуга оид қуйидаги ҳадислар ҳам келган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банда битта хурмо донасини ёки шунча келадиган пок нарсани садақа қилади. Аллоҳ покдан бошқа нарсани қабул қилмайди. Бас, у Аллоҳ таолонинг қўлига тушади. Бас, У зот уни бирингиз тойчоғини ўстирганидек, катта адирдек бўлгунича тарбия қилади», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга садақанинг катта-кичиги бўлмаслигини тушунтирмоқдалар. Хурмонинг бир донаси жуда кичкина нарса, бироқ банда шуни садақа қилса ҳам, эътиборсиз қолмас экан. Бу нарса бориб Аллоҳ таолонинг қўлига тушар экан. Банда садақа қилган нарсанинг Аллоҳнинг қўлига тушиши жуда улуғ нарсадир. Ўша турган ҳолида қолиши ҳам катта нарса эди, бироқ Аллоҳ таоло бу садақани худди бир ҳайвоннинг янги туғилган боласини авайлаб катта қилгандек, ўстириб, катта қилар экан, бориб-бориб, бу бир дона хурмо катта адирдек савобга айланар экан. Демак, қўлдан келган ҳар қандай яхшиликни қилавериш керак экан, кичик бўлгани учун паст санаб, беписандлик қилмай, ихлос билан садақа қилавериш керак экан.
Абул Хайрдан ривоят қилинади:
«Менга етишича, одамлар қиёмат куни, оғирлик, жон ҳалқумга тиқилган ва шиддатли ғам пайтида, садақалари соясида бўладилар».
Қиёмат куни одамлар соя топа олмай, гирён уриб турган, бир парча сояга зор бўлиб турган пайтда банданинг бу дунёда худди шундай қийналиб турган одамларга қилган садақалари бошига соябон бўлади. Албатта, бу жуда улуғ мақомдир.
Язийд ибн Абу Ҳабибдан ривоят қилинади:
«Марсад ибн Абдуллоҳ қачон масжидга келса, албатта, садақа билан келар эди. Бир куни пиёз олиб келди. Шунда унга:
«Эй Абул Ҳасан, буни нима қиласан? Кийимингни қўланса қилади-ку?» дедим. Бас, Ибн Абу Ҳабиб:
«Аллоҳга қасамки, уйимда шундан бошқа садақа қиладиган нарса йўқ эди. Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир киши У зотнинг «Мўмин кишининг қиёмат кунидаги соябони садақасидир» деганларини айтиб берган», деди».
Шу ҳадисни эшитганимдан бери масжидга келганда, албатта, садақа беришга ўрганиб қолган эдим. Бугун уйда шу пиёздан бошқа ҳеч нарса қолмаган экан, шуни бўлса ҳам кўтариб келдим. Қиёмат қойим бўлиб, ҳамма жизғанак бўлиб куйиб, бир парчагина сояга зор бўлиб турган пайтда мўмин кишига дунёда қилган садақалари соя бўлади.
Бу ривоят, ҳадиси шарифни эшитиб, унга амал қилишнинг юксак намуналаридан биридир. Албатта, ҳадислар эшитилиб, таҳлил қилиниб, шарҳланиб ўтиб кетавериладиган нарса эмас. Эшитган, билган киши уларга амал қилиши ниҳоятда зарурдир. Ҳақиқий амалнинг намунаси эса ушбу ривоятдир.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳар ким қиёмат куни одамлар ўртасида ҳукм чиқарилгунча садақаси соясида бўлади» деганларини эшитдим».
Язийд: «Абул Хайр бирор кунни ҳам садақасиз ўтказмас эди. Ҳеч бўлмаса, бир бурда қотган нон ёки бир дона пиёз бўлса ҳам», деди».
Қиёматнинг даҳшатли жазирамасида ҳамма соя излаб зор юрган пайтда банданинг бошига бу дунёда қилган садақалари соябон бўлиб туради. Ким охиратдаги сояси қуюқ бўлишини, охиратнинг куйдирувчи иссиғидан сояда жон сақлашни истаса, кўпроқ садақа қилиши керак.
Абул Хайр розияллоҳу анҳу мана шу ҳадиси шарифни эшитиб қолган, одамларга ривоят қилган, унинг маъносини ўзига тўлиқ сингдирган, яхши билган. Шунинг учун Аллоҳнинг берган куни садақа бериб юрган. Жуда ҳеч нарса топа олмай қолса, бир дона пиёзни бўлса ҳам садақа қилиб, шу ҳадисга амал қилган, қиёматдаги соясини кўпайтирган экан.
145 - الثَّالِثُ وَالْعِشْرُونَ: عَنْ عَدِيِّ بْنِ حَاتِمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «اتَّقُوا النَّارَ وَلَوْ بِشِقِّ تَمْرَةٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1417، م 1016/68].
وَفِي رِوَايَةٍ لَهُمَا عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْكُمْ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا سَيُكَلِّمُهُ رَبُّهُ لَيْسَ بَيْنَهُ وَبَيْنَهُ تَرْجُمَانٌ، فَيَنْظُرُ أَيْمَنَ مِنْهُ فَلَا يَرَى إِلَّا مَا قَدَّمَ، وَيَنْظُرُ أَشْأَمَ مِنْهُ فَلَا يَرَى إلَّا مَا قَدَّمَ، وَيَنْظُرُ بَيْنَ يَدَيْهِ فَلَا يَرَى إِلَّا النَّارَ تِلْقَاءَ وَجْهِهِ، فَاتَّقُوا النَّارَ وَلَوْ بِشِقِّ تَمْرَةٍ، فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَبِكَلِمَةٍ طَيِّبَةٍ». [خ 6539، م 1016/67].