146. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Банда таом еб, бунинг учун ҳамд айтса ва ичимлик ичиб, бунинг учун ҳамд айтса, Аллоҳ ундан рози бўлади».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда келганидек, таом еб, шароб ичган банда ўзини ризқлантирган ва сероб қилган Розиқига ҳамду сано, шукр-мақтов айтиши ҳақида келмоқда. Еб-ичгандан кейин ҳамд айтишда Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи ризқ берувчи зот эканини эътироф қилиш бор. Шу билан бирга, бу ишда Аллоҳ таолога шукрни доимий янгилаб туриш маъноси ҳам бор. Шукр қилган бандага эса, Аллоҳнинг Ўзи неъматларини зиёда қилиб беришни ваъда қилган.
Шу билан бир вақтда, Аллоҳ берган неъматларни еб-ичиб, улардан баҳраманд бўлиб туриб, у Зотга ҳамд айтмаслик, шукр қилмаслик, ўтакетган нонкўрлик эканини ҳам таъкидлашимиз лозим.
Бу бобда келтирилмаган бўлса ҳам, бошқа ҳадиси шарифларда еб-ичиб, ҳамд айтмай туриб кетган одам худди ҳаром таом ёки чўчқанинг гўшти устидан тургандек бўлиши таъкидланган.
Шунинг учун еб-ичгандан кейин Аллоҳга ҳамд айтишни ҳеч қачон канда қилмаслик керак.
Бизнинг диёрларимизда қуйидаги: «Бизни таомлантирган, сероблантирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин» деган дуо кенг тарқалган.
Ана ўша дуони ёдлаб олиш қийин эмас. Ҳар биримиз овқатдан кейин Аллоҳ таолога ҳамд айтишни канда қилмаслигимиз, болаларимизга, яқинларимизга ҳам ўргатиб боришимиз лозим.
146 - الرَّابِعُ وَالْعِشْرُونَ: عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ لَيَرْضَى عَنِ الْعَبْدِ أَنْ يَأْكُلَ الأَكْلَةَ فَيَحْمَدَهُ عَلَيْهَا، أَوْ يَشْرَبَ الشَّرْبَةَ فَيَحْمَدَهُ عَلَيْهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2734].
وَ«الأَكْلَةُ» بِفَتْحِ الهَمْزَةِ، وَهِيَ: الْغَدْوَةُ أَوِ الْعَشْوَةُ.