147. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмоннинг зиммасида садақа бор», дедилар. «Агар топа олмасачи?» дейишди. У зот: «Қўли билан меҳнат қилади, шунда ўзига ҳам фойда келтиради, садақа ҳам қилади», дедилар. «Агар буни уддалай олмаса-чи?» дейишган эди, у зот: «Зориққан ҳожатмандга ёрдам қилади», дедилар. «Буни ҳам уддалай олмасачи?» дейишган эди, у зот: «Маъруфга [ёки яхшиликка] буюради», дедилар. «Буни ҳам уддалай олмаса-чи?» дейишган эди, у зот: «Ёмонликдан тийилади, чунки бу ҳам садақадир», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳар бир мусулмон инсоннинг ким бўлишидан қатъи назар садақа қилиш мажбурияти бор эканлиги таъкидланмоқда.
1. Оз бўлса ҳам имкони бор инсон мол-мулкидан садақа қилиши турган гап.
2. Мол-мулки йўқ одам ишлаб топиб, топганидан садақа қилади.
3. Ишлаб топгани ўзидан ошмаган одам ҳожатманд ноқулай ҳолга тушиб қолган, ёрдамга муҳтожларга кучи, меҳнати билан ёрдам берса ҳам садақа ўрнига ўтаверади.
4. Ўта ночор бўлиб, охирги ишни ҳам қила олмаган одам бир яхшиликни қилса ва ёмонликни тарк этса ҳам садақа ўрнига ўтади.
Дунё тарихида ўзгаларга яхшилик, хайр-эҳсон қилиш борасида бунга ўхшаш яхши таълимот бўлмаса керак. ҳар бир инсон қўлидан келганича яхшилик, хайр-эҳсон қилмоғи мумкин. Биз мусулмонлар бу билан фахрланмоғимиз лозим.
147- الْخَامِسُ وَالْعِشْرُونَ: عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ صَدَقَةٌ» قَالَ: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَجدْ؟ قَالَ: «يَعْتَمِلُ بِيَدَيْهِ فَيَنْفَعُ نَفْسَهُ وَيَتَصَدَّقُ». قَالَ: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ؟ قَالَ: يُعِينُ ذَا الْحَاجَةِ الْمَلْهُوفِ» قَالَ: أَرأَيْتَ إِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ؟ قَالَ: «يَأْمُرُ بِالْمَعْرُوفِ أَوِ الْخَيْرِ»، قَالَ: أَرأَيْتَ إِنْ لَمْ يَفْعَلْ؟ قَالَ: «يُمْسِكُ عَنِ الشَّرِّ، فَإِنَّهَا صَدَقةٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6022، م 1008].