1423-ҳадис

1423. Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг намозда Аллоҳ таолони улуғламай, Набий соллалоҳу алайҳи васалламга салавот айтмай дуо қилаётганини эшитиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу одам шошиб қўйди», дедилар. Сўнг уни чақириб, унга [ёки бошқа кишига] шундай дедилар: «Бирингиз намоз ўқигач, Роббини улуғлаб, Унга сано айтишдан ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишдан бошласин, шундан кейин истаганини сўраб, дуо қилсин».

Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Бир куни Расулуллоҳ саҳобалари билан Масжиди Набавийда ўтирганларида ичкарига бир одам кирди. Ҳадиснинг бошқа ривоятида келганидек, исми билинмаган бу инсон ёлғиз ўзи намоз ўқигандан кейин «Аллоҳуммағфирлий варҳамний (Аллоҳим мени кечир ва менга раҳм қил)» деб дуо қилди. Ҳолбуки ҳар иш каби дуонинг ҳам одоби бор эди. Аввало Аллоҳга ҳурматини билдириш, Унга лойиқ шаклда ҳамду сано айтиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш керак. Бу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у инсоннинг шошилганини айтдилар ва саҳобаларига қандай дуо қилиш керак эканлигини ўргатиш учун бу фурсатдан фойдаландилар. Ёниги чақирган у саҳобага ёки ёнида ўтирган асҳобларига юқоридаги сўзларни айтдилар.

Намоздан кейин ёки бошқа вақтларда Аллоҳга дуо қиладиган кимса, «Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн, вассолату вассаламу ъала саййидина Муҳаммадин ва ъала аалиҳи ва саҳбиҳи ажмаъийн», деб ёки шунга ўхшаш ҳамд ва саловот билан бошласин. 

Сўнг бошқа одам намоз ўқиди. У Аллоҳга ҳамд ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй намозхон, дуо қил, ижобат қилинади», дедилар». (Имом Термизий ривояти)

Мусулмонлар ҳаётни ва яшаш шаклини ўргангани каби дуо қилишни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганадилар. Шу билан ҳар нарсани одоб ва усулига лойиқ бажаришга ҳаракат қиадилар.

Ҳадисдан ўрганганларимиз:

1. Дуони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек адо этишга ҳаракат қилишимиз керак.

2. Дуони биринчи Аллоҳга ҳамду-сано айтиб, кейин эса расулига саловот айтиб бошлашимиз керак.

3. Кейин эса Аллоҳга дуо қилиб, охирида яна Аллоҳга ҳамд айтиб, мисол учун «Омийн, вал ҳамду лилаҳи Роббил аъламин» деб дуони якунлаши керак.

1423 - وَعَنْ فَضَالَةَ بْنِ عُبَيْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا يَدْعُو فِي صَلَاتِهِ لَمْ يُمَجِّدِ اللهَ تَعَالَى، وَلَمْ يُصَلِّ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «عَجِلَ هَذَا»، ثُمَّ دَعَاهُ فَقَالَ لَهُ أَوْ لِغَيْرِهِ: «إِذَا صَلَّى أَحَدُكُمْ فَلْيَبْدَأْ بِتَحْمِيدِ رَبِّهِ سُبْحَانَهُ، وَالثَّنَاءِ عَلَيهِ، ثُمَّ يُصَلِّي عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ يَدْعُو بَعْدُ بِمَا شَاءَ» رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [د 1481، 3477].


Улашиш
|
|
Нусха олиш