1424. Абу Муҳаммад Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиққан эдилар, «Сизга қандай салом айтишни билиб олдик. Энди сизга салавот қандай айтамиз?» дедик. У зот шундай дедилар: «Аллоҳумма, солли ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммадин, камаа соллайта ъалаа аали Иброоҳиима, иннака ҳамиидун мажиид. Аллоҳумма, баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммадин, камаа баарокта ъалаа аали Иброҳиима, иннака ҳамиидун мажиид», деб айтинглар».*
* Салавотнинг маъноси: «Аллоҳим, Иброҳимни ёрлақаганингдек, Муҳаммадни ва унинг оиласини ёрлақагин. Албатта, Сен мақтовга лойиқсан, улуғворсан. Аллоҳим, Иброҳимга барака берганингдек, Муҳаммадга ва унинг оиласига ҳам барака бергин. Албатта, Сен мақтовга лойиқсан, улуғворсан».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаҳҳуддан кейин саловот сийғасини айтишни у зотнинг ўзлари ўргатганлар. Бу ўргатиш саҳобаи киромларнинг сўровларидан кейин бўлган.
Шофеъий мазҳабига кўра, ташаҳҳуддан кейин саловат айтиш вожиб, бошқалар суннат, дейишган.
Саловотнинг сийғаси ҳам турли ҳадисларда турлича келган, ана ўшалардан бири айтса бўлади.
Саҳобалар ат-Таҳийёт дуосини ўрганаётганларида, Расулуллоҳга “Ас-салому ъалайка аййуҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб саловот айтишни ҳам ўрганишган.
“... Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинглар ва салом юборинглар” (Азҳоб сураси, 56-оят) ояти нозил бўлганда, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай қилиб саловот айтиш керак эканлигини сўрадилар. Бу саволни эшитиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут қилдилар. Ёки бу мавзуда оят келишини кутдилар ва теран фикрлашни маъқул кўрдилар. Сукутнинг узайишини кўрганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳафа қилиб бу саволни сўрамасак бўлар экан деб ўйладилар. Кўп ўтмасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ривоятарда ҳам келган уч турли саловотни тавсия қилдилар.
Ҳадисдаги “Иброҳимин аъли”, “Муҳаммадин ъали” ифодалари эса; бир кимсанинг оиласи, унинг аждоди, оиласи, тарафдорлари, дўст ва фикрларини қўллаган жамият маъноларида келади. Оли Набий, Оли Расул сўзлари, Оли Муҳаммад (Муҳаммаднинг оиласи) маъносини билдиради.
Шунингде намозда аттаҳиётдан кейин саловот айтиш Ҳанафийларга кўра суннат эканини ҳам айтиб ўтишимиз зарур.
Нима учун саловот ва салом айтамиз?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом айтишга бизни ташвиқ қилган бир қанча сабаблар бор. Булардан биринчиси, оламларнинг Роббиси бўлган ёлғиз Аллоҳнинг у зотга саловот айтиши. Бошқа бир сабаби, Бутун фаришталарнинг ҳурмат эҳтиром ила дуо ва истиғфор билан саловот айтиши. Бу ҳақиқатни Қуръондан ўрганамиз. Аллоҳнинг ҳамда фаришталарининг саловот айтганини билгандан кейин бизларнинг саловот айтишимиз бурчимиз эканини биламиз. Шунингдек, бизларни зулумотдан чиқишимизга, тўғри йўлга киришимизга сабаб бўлгани учун миннатдорлик учун ҳам бу вазифамизни жуда катта хоҳиш ва истак билан бажарамиз. Яна Аллоҳнинг “Сиз ҳам унга саловот айтинглар” деган буйруғини билгандан кейин ҳам намозларимизда, ҳам у зотнинг исмларини эшитганимизда, ҳамда севгимизни билдиришни хоҳлаганимизда у зотга саловот айтамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш орқали Жаноби Ҳақга шундай дуо қилган бўламиз:
“Ё Робб! Расулуллоҳнинг номини, шаънини ҳам дунё ҳамда оҳиратда баланд қил. У зот олиб келган Исломни бутун оламга ёй ва бу динни дунё тургунча яшат. У зотга охиратда умматининг шафоат қилиш ҳаққини бер ва у зотга сон-саноқсиз савоблар бағишла!”
Саловот ва салом шундай теран маъноларга эга экан ва фойдаси ҳам бизга ҳамда бутун мусулмонларга етар экан, саловот ва салом айтишда мутлақо бахиллик қилмаслигимиз керак.
1424 - وَعَنْ أَبِي مُحَمَّدٍ كَعْبِ بْنِ عُجْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجَ عَلَيْنَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ قَدْ عَلِمْنَا كَيْفَ نُسَلِّمُ عَلَيْكَ، فَكَيْفَ نُصَلِّي عَلَيْكَ؟ قَالَ: «قُولُوا: اللَّهُمَّ؛ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. اللَّهُمَّ؛ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ، وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6357، م 406].