«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бу дин осонликдир. Ким динда ашаддийлашса, (дин) уни енгмай қўймайди. Тўғриликни лозим тутинглар, (ҳеч бўлмаса шунга) яқин бўлинглар ва хушхабар беринглар. Эрталаб, тушдан кейин ва туннинг охирида (ибодатга Аллоҳдан) ёрдам сўранглар», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Бухорийнинг бошқа бир ривоятида:
«Тўғри бўлинглар, (ҳеч бўлмаса шунга) яқин бўлинглар. Эрталаб, кечқурун ва кечанинг бир қисмида ибодат қилинглар. Мўътадиллик, яна мўътадиллик(ни маҳкам тутинглар). Шунда (мақсадингизга) эришасиз», дейилган.
«… Кундузининг аввалида ва охирида ҳамда кечанинг охирги қисмида сайр қилиб юринглар»нинг маъноси худди билимдон, малакали мусофир мана шу зикр қилинган пайтларда юриб, бошқа вақтда ўзи ҳам, улови ҳам дам олиб, қийинчиликсиз мақсад қилган жойига етиб олгани каби сизлар ҳам қалбларингизни турли нарсалардан фориғ қилиб, фаол бўлиб, ибодатдан лаззат олиб, малол кўрмайдиган мана шу вақтларда Аллоҳдан тоатга ёрдам талаб қилсангиз, мақсадларингизга етасизлар, деганидир. Валлоҳу аълам.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига динда чуқур кетиб, ашаддийлашиб ўзини қийнамасликка, ўртача иш тутиб, иложи борича камолга яқин бўлиш учун уринишга, доимо яхшилик башорати беришликка, қулай фурсатларни бой бермай, улардан фойдаланиб қолишга чақирмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни васф қилиб:
«Албатта, дин осондир», демоқдалар.
Яъни, дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари Ислом шариати кўрсатмаларини бажариш қийиндир, деб сафсата сотувчилар зиддига қаттиқ раддиядир.
Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборат. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқ. Инсончасига яшаш қасдида бўлган одам, буни дарҳол тушуниб етади. Чунки, Ислом ҳақиқий инсонлар учун Аллоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўплами. Шу билан бирга, Исломнинг осонлигига паст назар билан қараб, ўзига уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар.
«Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади».
Яъни, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундоқ одамлар бориб-бориб йўлдан чиқади. Йўлдан чиқиши турлича бўлиши мумкин. Баъзилари, ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб, ҳамма нарсани ташлаб юборади. Бошқалари эса, ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундоқ одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир.
«Бас, тўғри амалда бўлинглар»
Яъни, шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилинг, ошириб ҳам юборманг, камайтириб ҳам қўйманг.
«Яқинлашиб юринглар»
Яъни, шариат кўрсатган чегарага яқинлашиб юринглар. Ундан чиқиб ҳам кетманглар, узоқда ҳам қолманглар.
«Яхшилик башоратини беринглар»
Яъни, доимо ишни яхшиликка йўйинглар. Доимо яхшиликдан гапиринглар, яхши гапларни гапиринглар ва яхшиликни кутинглар.
«Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг».
Ушбу жумлада ёрдам талаб қилинг дегани, нафл ибодат қилинглар, деганидир. Доимо ибодат билан машғул бўлса, қийналиб кетади. Шунинг учун орани узиб-узиб, дам олиш вақтларида қилинса яхши бўлади, деган маънони англатади.
Ислом тўғрисида нотўғри тасаввур кўп. Бу тасаввурлар ичида энг кўп тарқалгани–Ислом шариати таклифларини оғир таклифлар, деб васф қилиш. Инсонни ортиқча таклифлар билан қийнаш, деб тушунишдир. Ислом душманлари бу фикрни тарқатдилар ва тарқатмоқдалар. Ўзларини мусулмон ҳисоблаб юрган дангасалар ҳам бу ишга қўшиладилар. Аммо, Исломни қийинчилик дейиш Аллоҳнинг оятига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига зидлигини ҳам билишлари керак. Ким Аллоҳнинг оятига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига зид гапни айтса, кофир бўлишини ҳам билишлари керак. Мусулмон одам оят ва ҳадисда келган хабарни суриштирмасдан таслим бўлгани учун ҳам мусулмон номини олган. Агар оят ва ҳадисда келган нарсага ишонқирамаса, унга дарров таслим бўлиш ўрнига, сўраб-суриштирса, тескари гап айтса, мусулмонлиги қолмайди. Агар оят ва ҳадисда келган хабарни тушуна олмаса, менинг ақлим етмаяпти десину, аммо тескари гап айтмасин, шак-шубҳа қилмасин.
Ислом қийин дин, деганларга эса, Исломнинг нимаси қийин, деймиз. Бошқа динлар билан, динсизлик билан солиштириб кўринг, нимаси қийин? Ақийда бобида шаҳодат калимасини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлаб қўйсанг бўлди, сен мусулмонсан. Ҳеч қандай бошқа нарсанинг кераги йўқ. Алоҳида жойга бориб, алоҳида маросим ўтқазиб, чўқинтириш маросимида қиладиган ишларнинг кераги йўқ.
Исломнинг мусулмон жамияти аъзоларига юклаган таклифларида ҳам ҳеч қийинчилик йўқ. Уларнинг барчаси Аллоҳга ибодат бўлса ҳам, аслида мусулмоннинг ўз шахсига, оиласига, жамиятига ва бутун инсониятга фойда келтирадиган ишлар.
Исломдаги ибодат маросимларини ўтказиш учун алоҳида жой, алоҳида кийим, турли асбоб-ускана ёки воситачининг кераги йўқ. Ҳар ким хоҳлаган жойида, хоҳлаган кийимида, хоҳлаганича ибодат қилаверади.
Исломда тавба қилмоқчи бўлган одам чин дилдан ўкиниб, тавба қилдим, деб айтиб, ўша гуноҳни қайта қилмай қўйса бўлди. Бошқа динларга ўхшаб, алоҳида маросимни, воситачи-тавба қабул қилувчининг ва бадал тўлаб, мағфират паттаси сотиб олишнинг кераги йўқ.
Ислом инсондан бирор нарсани таклиф қилган бўлса, уни ҳайвонлик даражасидан чин инсонлик даражасига кўтариш учун таклиф қилган, холос. Ислом ўз таклифлари билан инсонни фаришта даражасига кўтаришни кўзлаган эмас. Шунинг учун Ислом таклифларини оғир деганлар, унга амал қилиш қийин деганлар, инсоннинг ҳайвонлик даражасида қолишини ёқтирадиганлардир.
Ислом дини кишиларга оғирлик бўлишини, уларга тоқатларидан ташқари таклифлар юклатилишини хоҳламайди. Шунинг учун ўз ихтиёри билан қўшимча ибодатни кўп қилишга уринадиган одамларни ҳам бу ишдан қайтаради. Ушбу ўрганган ҳадисимиз бунинг ишончли мисолларидир.
Ҳадисда туннинг охири, эрталаб сўзлари ишлатилди. Бу мажозий маънода бўлиб, бунинг маъноси қуйидагичадир: «Аллоҳнинг тоатига тетик, бақувват ва қалбингиз банд қилувчи нарсалардан фориғ ҳолингизда амал қилишга ҳаракат қилинг. Ибодатдан лаззатланиб малолланмайдиган миқдорда тоат қилинг. Шунда мақсадингизга эришасиз. Бу худди мусофир йўловчининг тутган йўлига ўхшайди. У мана шу икки пайтда юриб бошқа пайт дам олади ва кўзлаган манзилига машаққатсиз етиб олади».
151 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الدِّينَ يُسْرٌ، وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينُ إلَّا غَلَبَهُ، فَسَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَأَبْشِرُوا، وَاسْتَعِينُوا بِالْغَدْوَةِ وَالرَّوْحَةِ وَشَيْءٍ مِنَ الدُّلْجَةِ» رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [39].
وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: «سَدِّدُوا وَقَارِبُوا، وَاغْدُوا وَرُوحُوا، وَشَيْءٌ مِنَ الدُّلْجَةِ، الْقَصْدَ الْقَصْدَ تَبْلُغُوا». [خ 6463].
قَوْلُهُ: «الدِّينُ» هُو مرْفُوعٌ عَلَى ما لَمْ يُسَمَّ فَاعِلُهُ. وَرُوِيَ مَنْصُوباً، وَرُوِيَ: «لَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ»، وَقَوْلُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِلَّا غَلَبَهُ»: أَيْ: غَلَبَه الدِّينُ وَعَجَزَ ذَلِكَ الْمُشَادُّ عَنْ مُقَاوَمَةِ الدِّيْنِ لِكَثْرَةِ طُرُقِهِ. وَ«الْغَدْوةُ» سَيْرُ أَوَّلِ النَّهَارِ، وَ«الرَّوْحَةُ»: آخِرُ النَّهَارِ وَ«الدُّلْجَةُ»: آخِرُ اللَّيْلِ، وَهَذَا اسْتِعَارَةٌ، وَتَمْثِيلٌ، وَمَعْنَاهُ: اسْتَعِينُوا عَلَى طَاعَةِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ بِالأَعْمَالِ فِي وَقْتِ نَشَاطِكُمْ، وَفَرَاغِ قُلُوبِكُمْ بِحَيْثُ تَسْتَلِذُّونَ الْعِبَادَةَ وَلَا تَسْـأَمُونَ، وَتَبْلُغُونَ مَقْصُودَكُمْ، كَمَا أَنَّ الْمُسَافِرَ الْحَاذِقَ يَسِيرُ فِي هَذِهِ الأَوْقَاتِ وَيَسْتَريِحُ هُوَ وَدَابَّتُهُ فِي غَيْرِهَا، فَيَصِلُ الْمَقْصُودَ بِغَيْرِ تَعَبٍ، وَاللهُ أَعْلَمُ.