15-КИТОБ
15-боб Амалларнинг (бардавом бўлишини) муҳофаза қилиш баёни
15- بَابٌ الْمُحَافَظَةِ عَلَى الأَعْمَالِ
(15)
15-BOB

 15-боб. Амалларнинг (бардавом бўлишини) муҳофаза қилиш баёни

 

15- بَابٌ الْمُحَافَظَةِ عَلَى الأَعْمَالِ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى:  {أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آمَنُوا أَنْ تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ اللهِ وَمَا نَزَلَ مِنَ الحَقِّ، وَلَا يَكُونُوا كَالَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلُ فَطَالَ عَلَيهِمُ الأَمَدُ فَقَسَتْ قُلُوبُهُمْ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَقَفَّيْنَا بِعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ وَآتَينَاهُ الإِنْجِيلَ، وَجَعَلْنَا فِي قُلُوبِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ رَأْفَةً وَرَحْمَةً وَرَهْبَانِيَّةً ابْتَدَعُوهَا مَا كَتَبْنَاهَا عَلَيهِمْ إِلَّا ابْتِغَاءَ رِضْوَانِ اللهِ، فَمَا رَعَوهَا حَقَّ رِعَايَتِهَا}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَلَا تَكُونُوا كَالَّتِي نَقَضَتْ غَزْلَهَا مِنْ بَعْدِ قُوَّةٍ أَنْكَاثاً}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَاعْبُدْ رَبَّكَ حَتَّى يَأْتِيَكَ اليَقِينُ}.

وَأَمَّا الأَحَادِيثُ فَمِنْهَا:


(15)

Аллоҳ таоло: «Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҲақҚуръонга мойил бўлиш (вақти) келмадими? (Шунингдек, улар учун) игари китоб ато этилган. Сўнг (улар билан пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими?)» (Ҳадид сураси, 16-оят).

«Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжил ато этдик ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва раҳм-шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга (роҳиб бўлишларини) ёзганимиз-буюрганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг розилигини истаб (роҳибликни одат) қилдилар-у, сўнг унга тўғри-тўла риоя қила олмадилар» (Ҳадид сураси, 27-оят).

«Худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб, чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз» (Наҳл сураси, 92-оят).

«То сизлар аниқ нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр сураси. 99-оят) деб айтди.

 

159. Оишадан ривоят қилинган бу ҳадис шунга далилдир: «Аллоҳ таолога диннинг яхшиси киши унда бардавом бўлганидир».

159 - حَدِيثُ عَائِشَةَ: «وَكَانَ أَحَبَّ الدِّينِ إِلَيهِ مَا دَاوَمَ عَلَيهِ صَاحِبُهُ». وَقَدْ سَبَقَ فِي البَابِ قَبْلَهُ [برقم 148].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

160. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тундаги вазифасини ёки унинг бирор қисмини қилмай ухлаб қолиб, кейин уни бомдод билан пешиннинг орасида ўқиб олса, унга тунда ўқигандек ёзилади», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: «Вазифасини» дейилганда кўнгилли равишда ўзига ҳар куни ёки кечаси ўқиб туришни вазифа қилиб олинган намоз, Қуръон қироати, зикр ва шунга ўхшашлар кўзда тутилади. Одатда «вазифа»ни руҳий тарбия устозлари ўргатадилар.

Мусулмон банда ўзига вазифа қилиб олган нарсани ихлос билан ҳар кеча ўқиб юрсаю, баъзи сабабларга кўра, бирор кечада уни ўқий олмай ухлаб қолса ёки баъзи қисмини ўқимаган бўлса, бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиб олса, худди вақтида ўқигандек савоб ёзилади.

Демак, шунга биноан, суннат қилинган намозлар – вақтли нафллар, икки ийд, чошгоҳ, фарз намозлар билан ўқиладиган намозлар қазо қилиб ўқилади.

160 - وَعَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ نَامَ عَنْ حِزْبِهِ مِنَ اللَّيْلِ، أَوْ عَنْ شَيْءٍ مِنْهُ، فَقَرَأَهُ مَا بَيْنَ صَلَاةِ الْفَجْرِ وَصَـلَاةِ الظُّهْرِ كُتِبَ لَهُ كَأَنَّمَا قَرَأَهُ مِنَ اللَّيْلِ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [747].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

161. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Абдуллоҳ, фалончи каби бўлма, у тунда қоим бўларди, кейинчалик тунда қоим бўлишни ташлаб қўйди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Бошқа ривоятда: « Агар тунда қоим бўлса, Абдуллоҳ қандай ҳам яхши кишидир», деб айтганлар.

Таҳажжуд намози ҳам нафл ибодатлар қаторига кириб, улар ичида ӯқилиш вақти бир оз ноқулайлик туғдирса ҳам, унга бериладиган савоблар ва ажр-мукофотларига кӯра энг олийси ҳисобланади. Зеро, ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз таҳажжуд намозидир», деганлар.

Имом Муслим ривояти

Нафл намозларнинг тури кўп. Аммо кўнгил тусаганда икки ракат намоз ўқиб, ҳузурланишдек роҳат борми бу дунёда?! Тунда ширин уйқудан уйғониб, таҳажжуд намози ўқишнинг фазлини айтиб тугатиш қийин.

Айниқса, ҳозиргидек “адоғи кўринмас” тунларни узундан-узоқ уйқу билан эмас, анчагина қисмини ибодат билан, хусусан, таҳажжуд билан ўтказсак, кўнгил ҳам, ҳатто кечанинг ўзи ҳам мунаввар бўлиб кетади. Ахир, дил нурланиши унинг ободлигига, унинг оромига боғлиқ. Қалб эса Аллоҳнинг зикри ила ором олур!

Қалбимизни ором олиши учун қишнинг этаги узун тунларини ғанимат билиб қолиш ҳам бахт. Бахт бўлганда ҳам мўминлик бахти.

Сизнинг пичирлаган қироатингиз, пиқ-пиқ йиғингиз, салавоту дуоларингиз, Аллоҳга муножотингиз тун осудалиги “бузса” нима қилибди? Бу “беоромликдан” туннинг ўзи ҳам хурсанд бўлиши аниқ!

Таҳажжудга туринг, у тунларингизни ёритсин. Келинг, аввало, таҳажжуд намози ҳақидаги билимларимизни такрорлаб оламиз.

Аллоҳ таоло: 

«Кечанинг баъзисида у ила таҳажжуд қил. Сенга нофила ўлароқ. Шоядки, Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса», деган (Исро сураси, 79-оят).

Ушбу оят билан таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келганлиги эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб, ўқиладиган намоз таҳажжуд намози деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Аввал бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилча вақт ўтганидан кейин вожиблиги насх қилинган.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳлардан қайтарувчидир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: 

«У жисмдан дардни қувгувчидир» ҳам деганлар.

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Намознинг фойдаларини санаб, саноғига етиб бўлмайди. Унинг турли фойдаларини қадимда ҳам, ҳозирда ҳам яхши билиб, тарғиб қилиб келганлар.

Ушбу ҳадисда эса тунги намознинг ўзига хос баъзи фойдалари зикр қилинмоқда:

1. «У сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир». 

Ислом умматидан олдин қанча умматлар ўтган бўлса, уларнинг барчаларининг солиҳлари кечаси намоз ўқишни ўзларига одат қилиб олган эканлар. Ислом умматининг солиҳлари ҳам бу ибодатни ўзларига одат қилиб олишлари лозим экан. Демак, ким кечаси таҳажжуд намози ўқишни ўзига лозим тутса, инсоният тарихида ўтган барча умматларнинг аҳли солиҳларининг ибодат силсиласига қўшил­­ган бўлар экан. Ҳар биримиз ушбу саодатга эришиш пайидан бўлмоғимиз лозим.

2. «У Роббингизга қурбатдир». 

Роббил оламийнга яқин бўлиш ҳар бир мўминнинг олий ғояси, орзу-умидидир. Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун ҳар қандай ишга рози бўлганлар кўп. Ана шу қурбатга эришишнинг энг осон йўлларидан бири кечаси таҳажжуд намози ўқишдир. Ким Аллоҳга муқарраб банда бўлай, деса, кечаси таҳажжуд намози ўқисин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган нарса бўлмай қолмайди. У инсон албатта Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади.

3. «У ёмонликларга каффоротдир». 

Бандаи ожиз ёмонликларни қилиб қўйиб, уларни қандай ювишни ўйлаб юради. Содир этилган ёмонликларнинг энг яхши каффороти кечаси ўқиладиган таҳажжуд намози экан. Бас, шундай экан, бу намозни ўқишга ҳар бир мусулмон банда ҳаракат қилмоғи керак.

4. «У гуноҳлардан қайтарувчидир».

Инсон ҳал қилиш чорасини топа олмайдиган муаммолардан бири қандай қилиб гуноҳдан четланиб қолишдир. Бу муаммони ҳал қилишнинг энг самарали чораси – кечаси таҳажжуд намози ўқиш экан. Бу намозни етарлича ўқиган одамда малака ҳосил бўлиб боради. Бошқалардан кўра гуноҳлардан четланиши осон бўлиб қолади. Аллоҳга етишган, валийлик даражасига эга бўлган азизларнинг барчалари тунги таҳажжуд намозидан тўла фойдаланганликлари ҳеч кимга сир эмас.

5. «У жисмдан дардни қувгувчидир».

Демак, таҳажжуд намозининг саломатликка ҳам фойдаси бор экан. Бу иш ҳам тажриба ва илм ила собит бўлган ҳақиқатдир.

 

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб, ҳаттоки оёқлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин у зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, у зот, шукр қилувчи банда бўлма­йинми?» дер эдилар».

Икки Шайх, Насаий ва Термизий ривоят қилганлар.

 

Термизийнинг лафзида: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб, икки оёқлари шишиб кетди. Шунда у зотга: 

«Сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик ўзингизни машаққатга қўясизми?!» дейилди. Бас, у зот: 

«Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар».

Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳол тунги намоз туфайли бўлган эди. Сарвари олам, маъсум Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини кўп ўқиганларидан, қиёмда узоқ тик турганларидан у зотнинг муборак оёқлари шишиб кетар эди. Бу ҳолатни билган баъзи саҳобаи киромлар у зотга ачинар эдилар. Нима дейишларини билмай, ахийри: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечириб қўйган бўлса ҳам оёғингиз шишиб кетгунича нафл намоз ўқийсизми?» де­йишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?» дедилар.

Ё Аллоҳ! Камтарликни қаранг! Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг! Инсониятнинг улуғи бўлмиш, Аллоҳнинг энг севикли Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум – гуноҳ қилмайдиган зот эдилар. Бунинг устига, Аллоҳ таоло у зотга Қуръон орқали олдингию кейинги гуноҳларини мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди.

Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин шундай бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари шишиб кетарди. Таҳажжудни кўп ўқишдан мақсад эса битта – шукр қилувчи банда бўлиш эди.

 

Кечаси таҳажжуд намози ўқиш аввалги пайғамбарларга ҳам хос бўлган қадимги ибодатдир. Кечаси таҳажжуд намози ўқиш учун энг афзал услуб ва вақтни тақсимлаш Довуд алайҳиссаломга оид. У зот алайҳиссалом кечанинг ярмида ухлаб, учдан бир қисмида таҳажжуд намози ўқир эканлар. Кейин яна ётиб, олтидан бир қисмида ухлар эканлар. Демак, вақтида ухлаб, вақтида таҳажжуд намозини ўқир эканлар. Бу ўртача иш тутишдир. Кечанинг ҳаммаси ғафлат уйқусида ҳам ўтказилмайди, кечаси билан намоз ўқиб, уйқудан ҳам қолинмайди.

Таҳажжуд намозини енгилгина икки ракъат намоз ўқиш билан бошлаш тавсия қилинмоқда. Албатта, уйқудан туриш билан бирданига қаттиқ ҳаракат қилиш, узоқ тик туриб, намоз ўқиш оғир келади. Шунинг учун аввал енгилгина икки ракъат намоз ўқилса, бу ўзига хос чигал ёзиш машқи ҳам бўлади. Инсоннинг руҳи ҳам, жисми ҳам келажакдаги намозларга яхшилаб тайёрланади. Ана ундан кейин хоҳлаганича ўқийверади

Нафл ва таҳажжуд намозлари икки ракъатдан бўлганидир яхшидир.

Инсон нафл ва тунги таҳажжуд намозларининг саждасида хоҳлаганича дуо қилиши мумкин.

Ҳар бир мусулмон эркак кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб, таҳажжуд намози ўқиб турсалар, ниҳоятда яхши бўлади.

Кунялари Абу Руқия бўлган Тамийм ибн Авс ибн Хорижа Дорий розияллоҳу анҳу   бошқа кўп фазилатлари қаторида айниқса таҳажжуд намози билан бедор ўтказувчи сифати ила улуғ саҳобалардан бирига айландилар.

Ҳофиз Сижжистоний Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуни таърифлай туриб айтадилар: «... кечаларини таҳажжуд намози билан бедор ўтказувчи улуғ саҳобалардан эдилар».

Муҳаммад ибн Юсуф айтдилар: «Суфён Саврий тунда бизни уйғотиб, «Эй йигитлар! Ёшликда тунги таҳажжуд намозини ўқинглар. Кучга тўлган, ёш пайтингизда ўқимасангиз, қачон ўқийсиз?», дер эдилар.

Салафи солиҳлар ҳам таҳажжуд намозига қаттиқ эътибор берардилар. Чунки улар таҳажжуднинг фойдаларини кўрган ва лаззатларидан баҳраманд бўлган эдилар.

Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтган эдилар:

«Пайғамбарлар, соф кишилар, яхши инсонлар ва покиза зотларнинг қалбида уч хил сифат бор: ҳалимлик, Аллоҳга тавба қилиб ёлвориш ва таҳажжуд намозидан насибадорлик».

 Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан: «Нима учун тунда таҳажжуд ўқийдиганларнинг юзи гўзал бўлади?» деб сўрашди. У зот шундай дедилар: «Улар Раҳмон сифатли Зот – Аллоҳ билан холи қолишганда У Зот уларга Ўз нуридан ато этади».

Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ: «Роббининг ҳузурида ҳожати бўлатуриб, саҳар вақти, яъни тонгда ухлаган киши оқил эмас», деган эканлар. Яъни, ҳожатларингизни тундаги таҳажжуд намозида сўрашни ўрганинг!

Каъб айтдилар: “Тундаги таҳажжудда қоим кишилар борки, улардан миннатдор бўлингандир. Тунда ухловчилар борки, уларнинг гуноҳлари мағфират қилингандир. Масалан, икки мўмин киши Аллоҳ йўлида бир бирини яхши кўради. Улардан бири намоз ўқиб биродари ҳаққига дуо қилади. Ва Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилади”.

Ибн Ажлон шундай деган эканлар: “Аллоҳ таоло мўминнинг кучини жисмига эмас, қалбига жойлади. Ахир қарияларни қаранг, иссиқ ҳароратда ҳам рўза тутиб, тунда таҳажжуд намозини адо қиладилар. Ваҳоланки, ёшлар бу амаллардан ожиз бўлишади”.

Абу Сулаймон Дороний: «Таҳажжуд ўқувчилар тунни ўйин-кулги билан ўтказувчилардан кўра кўпроқ лаззатга чўмганлардир», дедилар.

Иброҳим Ҳаввос айтадилар: “Қалб касалларини даволаш беш иш билан бўлади: Қуръонни тадаббур билан (маъносини англаб) тиловат қилиш, кечаси таҳажжуд намози ўқиш, саҳарларда Аллоҳга ёлвориш, дўстлар билан суҳбат ва кам ейиш”. 

Баъзи орифлар шундай деган эканлар: «Аллоҳ таоло саҳарда уйқусидан уйғонувчиларнинг қалбига нур тўлдириб қўяди. Уларнинг қалбига фойдалар тушиб, нурга бурканади. Сўнгра фойдалар уларнинг қалбидан таралиб, ғофиллар қалбига етиб боради».

Таҳажжуд – хуфтон намозидан кейин ёки тунда бир неча соат ухлаб туриб ўқиладиган нафл ибодат. Шу боисдан уни “тунги намоз” ҳам деб атайдилар.  Агар бу намоз туннинг бир қисми ухлаб ўтказилгандан сўнг ўқилса, ана шунга “таҳажжуд” деб аталади. Таҳажжуд намозининг энг ками икки ракат, энг кўпи ўн икки ракат бўлади. Энг афзали, бу намозда ҳар икки ракатдан сўнг салом айтилганидир, деган олимларимиз.

Таҳажжуд қандай ўқилади?

Ният қилинади;

Ҳар икки ракатдан сўнг салом айтиб саккиз ракат ўқилгани маъқул. Бу билан азза-базза тунда уйқудан туриб, таҳорат олиб намоз ўқиган одам саждаларининг сонини кўпайтириб олади;

Ибн Обиддиннинг “Раддул Мухтор” китобида айтилишича, таҳажжудни ҳар тўрт ракатда салом айтиб ҳам ўқиса бўлади.

Таҳажжуд тўрт ракат қилиб ўқилганда тўрт ракатли бошқа намозларга ўхшаб ўқилаверади.

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, таҳажжуд намозида бу дунё яхшилигию охират саодати мужассамдир.

161 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا عَبْدَ اللهِ؛ لَا تَكُنْ مِثْلَ فُلَانٍ، كَانَ يَقُومُ اللَّيْلَ فَتَرَكَ قِيَامَ اللَّيْلِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1152، م 1159/185].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

162. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик ёки бошқа сабабдан тунги намозни ўтказиб юборсалар, кундузи ўн икки ракъат намоз ўқиб қўярдилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Бу ҳадисдан вирдлар, яъни кунлик вазифаларни муҳофаза қилиш, агар ўтиб кетса, уни қазо қилиш маҳбуб экани билинади.

Имом Молик ўтказиб юборган кунлик вазифаларини бомдоддан кейин ўқиб олишни маъқул кўрардилар.

 

162 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إذَا فَاتَتْهُ الصَّلَاةُ مِنَ اللَّيْلِ مِنْ وَجَعٍ أَوْ غَيْرِهِ صَلَّى مِنَ النَّهَارِ ثِنْتَي عَشَرَةَ رَكْعَةً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [746/140].


Улашиш
|
|
Нусха олиш