1465-ҳадис

1465. Ҳузайфа ва Абу Зарр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тўшакларига ётсалар: «Бисмикаллоҳумма аҳё ва амувту», яъни, «Аллоҳим Сенинг исминг билан тириламан ва ўламан», деб айтардилар. Уйғонганларида эса: «Алҳамду лиллаҳиллазий аҳяна баъда маа аматана ва илайҳин нушур», яъни «Ўлдиргандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайтиш яъни, тирилиш Унинг ўзигадир», деб айтардилар.

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлашга ётганда қўлларини яноқларига қўйиб «Аллоҳим! Сенинг    исминг    билан    тириламан    ва    ўламан» дер эдилар. Бу ерда ўлиш ва тирилиш сўзларидан қилинган мақсад ухлаш ва уйғонишдир. Зеро уйқу кичкина ўлимдир. Ухлагандан кейин қайтиб уйғонмаслик ҳам мумкин. Шунинг учун ҳар инсон ухлашдан олдин ўлдирганнинг ҳам тирилтирганнинг ҳам Аллоҳ эканлигига иймон келтириб, Унга бўлган таслимиятини тилга олган бўлади. Уйғониб куч қувватига эга бўлган инсон «Ўлдиргандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин» деб, Аллоҳга ҳамд ва шукр келтирган бўлади. «Яъни тирилиш Унинг Ўзигадир» дейиш орқали, уйқу каби мажозий эмас ҳақиқий ўлимдан кейин ҳам ҳақиқатда бизни тирилтирадиган ва ҳузурига тўплайдиган ягона Аллоҳ эканлигига иймон келтирмоқда. 

Буларни чин кўнгилдан қилган кимса, Жаноби Ҳақга иймон келтирган ва буларни ақлидан ўтказиш орқали тафаккур ибодатини ҳам адо қилган бўлади.

1465 - عَنْ حُذَيْفَةَ وَأَبي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَا: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا أَوَى إِلَى فِرَاشِهِ قَالَ: «بِاسْمِكَ اللَّهُمَّ أَحْيَا وَأَمُوتُ»، وَإِذَا اسْتَيْقَظَ قَالَ: «الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيْهِ النُّشُورُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ [6312، 6325].


Улашиш
|
|
Нусха олиш