1485-ҳадис

Аллоҳ таоло: «Парвардигорингиз: «менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», (Ғофир сураси, 60-оят). 

«Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда (маҳфий) илтижо қилингиз! Зотан, у ҳаддан ошувчи кимсаларни(яъни, эл кўзига кўрсатиш учун риёкорлик қилувчиларни) севмас» (Аъроф сураси, 55-оят).

«Бандаларим сиздан (Эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан», (Бақара сураси, 186-оят).

«Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида дуосини ижобат қиладиган зот», (Намл сураси, 62-оят) деб айтган.


1485. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо – ибодатдир», дедилар.

Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Ибодат, қулчилик қилиш учун лойиқ бўлган Яккаю Ягона Аллоҳга энг юксак ҳурмат ва тавозе билан юзланиш, қолган дунё ишларини эса ортда қолдиришдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Дуо ибодатдир» ёки «Дуо ибодатнинг ўзидир» (Термизий) деб айтиб, Аллоҳга қулликнинг энг яхши кўриниши дуо эканлигини айтмоқда. Модомики ибодат қулнинг Аллоҳнинг ёнида ҳеч кимлигини ифода қилар экан, ёлғиз Аллоҳгагина муҳтож эканлигини ифода қилар экан, буларнинг энг яхши йўли дуодир.

Ҳадиси шарифнинг баъзи ривоятларига кўра Пайғамбар алайҳиссалом «Дуо ибодатдир» деб айтганларидан сўнг, бу сўзларига далил келтириб: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деб буюрди» дедилар. Дуо қилишга буюрган бу оятдан кейин «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор қилурман» (Ғофир сураси, 60-оят) деб келганига кўра Аллоҳ Таоло, ибодатнинг асосий бўлимини дуодан иборат эканлигини билишимиз мумкин.

«Дуо ибодатдир» ҳадисига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун «Ҳаж арафадир» ҳадиси булардандир. Ҳаммага маълум бўлганидек, ҳаж ибодати фақатгина арафа куни Арафотда вақф қилишдан иборат эмас. Ҳажнинг бошқа фарзи тавофдир. Фақат арафа куни белгили муддат Арафотда турмаган кимса ҳожи бўлиб саналмайди. Шу мисолдаги каби арафа ҳажнинг энг муҳим асоси бўлгани каби дуо ҳам ибодатнинг асосидир. Дуо қилмаган, дуонинг аҳамиятига ишонмаган кимсанинг ибодати тўлиқ бўлмайди. «Дуо ибодатнинг ўзидир» ҳадисини ҳам худди шундай тушунишимиз керак. 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ} [غافر - 60].

وَقَالَ تَعَالَى: {ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعاً وَخُفْيَةً إنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ} ... [الأعراف - 55].

وَقَالَ تَعَالَى: {وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ} الآيَةَ [البقرة - 186].

وَقَالَ تَعَالَى: {أَمَّنْ يُجِيبُ الْمُضْطَرَّ إِذَا دَعَاهُ وَيَكْشِفُ السُّوءَ} الآية [النمل - 62].


1485 - وَعَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الدُّعَاءُ هُوَ العِبَادَةُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [د 1479، ت 3247].


Улашиш
|
|
Нусха олиш