1489. Ториқ ибн Ашям розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Исломни қабул қилса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга намозни ўргатар, сўнг унга «Аллоҳуммағфирлии, варҳамнии, ваҳдинии, ваъаафинии, варзуқнии» деган сўзлар билан дуо қилишни буюрар эдилар».
* Маъноси: «Аллоҳим, мени мағфират қил, менга раҳм қил, мени ҳидоят қил, мени афв қил, мени ризқлантир».
Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг Ториқдан қилган бошқа бир ривоятларида келтирилишича:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Роббимдан сўраганимда нима деб айтай?» деди. У зот: «Аллоҳуммағфирлии, варҳамнии, ваъаафинии, варзуқнии, дегин» деб, «Булар (яъни бу сўзлар) сенга дунё ва охиратингни жамлайди», дедилар.
* Маъноси: Аллоҳим, мени мағфират қил, менга раҳм қил, мени офиятда қил ва ризқлантир).
Шарҳ: Юқоридаги икки ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидандир. Иккинчи ҳадисда Ториқ ибн Ашям тарафидан айтилган ҳадис ёки шунга жуда яқини юқорида Саъд ибн Абу Вққос тарафидан ҳам ривоят қилинган. У ривоятдан ўрганганимизга кўра бир бадавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир зикр ўргатишларини хоҳлайди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўргатадилар. Фақат бадавий: «Булар Роббим учун айтадиган дуо ва зикрлардир. Ўзим учун нима айтишим керак?» деб сўраганида унга иккинчи ҳадисдаги зикрни ўргатганлар.
Иккала ҳадисда ўхшаш сўзларни тўпласак, дунё ҳамда охират учун фойдали бўлган тилаклар, ҳидоят, офият, иффат, тақво, қалб кенглиги, кечирилиш, илоҳий марҳаматга ноил бўлиш ва хайрли ризқ эканлиги маълум бўлади.
Инсон Аллоҳдан ҳидоятни исташ билан, ўзини ҳар турли яхшилик ва ғалабага етказган нарсани, офият тилаш орқали ҳам дунё ҳамда охират билан боғлиқ бутун яхшиликларни, иффат сўраш орқали, ҳар турли гуноҳдан сақланишни, тақво сўраш орқали Аллоҳнинг бутун буйруқларини бажаришни, кўнгил кенглигини сўраш орқали ҳеч кимсага муҳтож бўлмасликни, кечирилишни ва Аллоҳнинг марҳаматига ноил бўлишни сўраш орқали охират саодатини, ҳайрли ризқ сўраш орқали эса, ҳаромдан сақланишни сўраган бўлади.
1489 - وَعَنْ طَارِقِ بْنِ أَشْيَمَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ الرَّجُلُ إِذَا أَسْلَمَ عَلَّمَهُ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ الصَّلَاةَ، ثُمَّ أَمَرَهُ أَنْ يَدْعُوَ بِهَؤُلَاءِ الكَلِمَاتِ: «اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي، وَارْحَمْنِي، وَاهْدِنِي، وَعَافِنِي، وَارْزُقْنِي». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2697].
وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ عَنْ طَارِقٍ: أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَأَتَاهُ رَجُلٌ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ كَيْفَ أَقُولُ حِينَ أَسْأَلُ رَبِّي؟ قَالَ: «قُلْ: اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي، وَارْحَمْنِي، وَعَافِنِي، وَارْزُقْنِي؛ فَإِنَّ هَؤُلَاءِ تَجْمَعُ لَكَ دُنْيَاكَ وَآخِرَتَكَ» [2697/36].