1490-ҳадис

1490. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳумма мусаррифал қулуб, сарриф қулубана ъала тоъатика», деб айтардилар.

* Маъноси: «Қалбларни йўналтиргувчи Аллоҳим, қалбларимизни тоатингга йўналтиргин», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ҳадисни ривоят қилган Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (р.а.) бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қалбнинг моҳиятидан баҳс қилаётганларида қулоқ тутди. Аллоҳнинг расули: «Бутун инсонларнинг қалблари худди бир парча каби Аллоҳнинг икки бармоқлари орасидадир. Уни хоҳлаган тарафига буради» деб айтганларидан кейин юқоридаги ҳадисда келгани каби Аллоҳга юзланди.

Шубҳасиз бизлар Аллоҳни, бизга билдиргани қадар биламиз холос. Ошиқча нарса айтишга на илмимиз ва на идрокимиз етади. Пайғамбаримиз Аллоҳ таолони ҳамма нарсага кучи етишини, яратилган нарсаларнинг барчасини унинг иродасида эканлигини, ҳамма нарсага хоҳлаганидек ҳукм қилганлигини, ҳатто қалбларни ҳам У бошқаришини мажозий бир шаклда тушинтирганлар. Бармоқлар билан алоқали мажозлардан бизлар ҳам фойдаланиб баъзида «Мен фалончини бармоқларимнинг учида ўйнатаман» деб айтамиз. Пайғамбар (а.с.) Аллоҳ Таолони абадий қудрати билан қалбларни хоҳлаган тарафига бурганлигини айтгандан кейин шундай деб дуо қилдилар. Аллоҳим, модомики ҳамма нарсалар каби қалбларни ҳам сен бошқарар экансан, ундай бўлса қалбларимизни бошқа тарафга эмас, сенга итоатга ва ибодатга бур деб дуо қилди.

Юқоридаги ҳадисда келишича, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам тез-тез шундай деб дуо қилар эдилар: «Я муқаллибал қулуб саббит қолбий ъала дийник» (Маъноси: «Эй қалбларни ўзгартирувчи, қалбимни динингда собит қил». 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳизматкори Анас ибн Молик уни бундай дуо қилганини кўриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизга ва сиз келтирган нарсага иймон келтирган бўлсак ҳам, сиз яна биз ҳақимизда хавотирга тушяпсизми?» дедим. Шунда у зот: «Ҳа. Қалблар Аллоҳнинг бармоқларидан иккисининг орасида бўлади, Аллоҳ уни хоҳлаганидек ўзгартиради», дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таолога нисбатан «бармоғи» сўзининг ишлатилиши ақийдага оид масаладир. Саҳиҳ хабарларда келтирилган бундай маълумотларга қандай бўлса, шундайлигича иймон келтириш, уларнинг тугал маъносини Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир. «Аллоҳнинг қабзаси», «кулиши», «важҳи», «қўли», «кўзи», «қадами» ва шу каби васфлар Аллоҳ таолонинг Ўзига хос сифатлари бўлиб, махлуқотларнинг сифатларидан мутлақо бошқадир. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, бу сифатларга уларнинг қандайлигини тасаввур қилмаган, суриштирмаган ҳолда иймон келтириш вожибдир. Бу борада Аллоҳ таолонинг «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» деган сўзи асосий қоида бўлади.

Бу ерда яна бир мавзу билан алоқали Абу Мусо ал-Ашъарийнинг ривоятини эсланг. Бу ҳадисда Аллоҳнинг Расули: «Қалблар, чўлда шамол бир ўнгга бир сўлга учирадиган қуш патига ўхшайди» (Ибн Можа ривояти) деб айтганлар. Қўрқинчли чўл шамолларида бир пат қанчалик эсса, инсон қалби ҳам худди шундай ўзгарувчандир. Зотан қалбнинг луғавий маъноси, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиб, ўзгаришига айтилади. Бугун яхшилик қилган қалб эртага ёмонликни орзу қилиши мумкин. Худди шу шаклда ёмонликка мойил бир қалбнинг бир муддат, сўнгра яхши ва чиройли нарсага йўналиши мумкин. Шу сабабли бу дуони тилларимиздан туширмаслигимиз керак.

1490 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَال رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اللَّهُمَّ مُصَرِّفَ القُلُوبِ؛ صَرِّفْ قُلُوبَنَا عَلَى طَاعَتِكَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш