1491-ҳадис

1491. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оғир балодан, бахтсизлик етишидан, ёмон қазои қадардан ва ғанимларнинг шодлигидан Аллоҳдан паноҳ сўранглар», дедилар».

(Яъни «Аъузу биллаҳи мин жаҳдил бало ва даракиш шақои ва сув‘ил қазо ва шамотатил аъдои», деб дуо қилинглар).

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Буюк муҳаддис Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ кексайиб қолган пайтларида бу ҳадисда уч нарсадан паноҳ сўралган, мен унга яна бир дуони қўшиб қўйдиммикан деб иккиланиб, омонат юзасидан шу тўрт нарсадан қайси бири эканини аниқ эслай олмаганини айтмоқда. Лекин имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳул Бухорий» китобида айнан шу ҳадисни Суфён ибн Уяйнанинг ўзидан шу тўрт лафз билан ривоят қилган.

Аслида ҳадисда уч нарсадан паноҳ сўралган, буюк муҳаддис Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ унга яна бир нарсани қўшимча қилган. Лекин бунинг қайси жумла эканини аниқ эслай олмаганини омонат юзасидан айтмоқда. Бошқа ривоятларда қўшимча қилинган ана шу жумла «ғанимларнинг шодлигидан» экани айтилган.

Машаққатли бало, чидаб бўлмас касалликдир. Бу дарддан қутилишнинг йўлини топа олмаган кимса «Аллоҳим, жонимни олгинда қутулай» деб дуо қила бошлайди. Инсоннинг қўл остида уларни боқиши керак бўлган инсонлар кўп бўлиб, уларни боқишга маблағи бўлмаслиги, яхши кўрган инсонини даволаш учун катта маблағ керак бўлиб, у инсонда маблағ йўқлигидан чорасиз қолиши, дардлардан биридир. 

Бахтсизликнинг энг паст даражаси жони ва моли орқали келиши мумкин. Бундай оғир балолар душманни шод этадиган фалокатлардандир. Тақдирдаги ҳамма нарсанинг яхши эканини айтган баъзи зоҳидлар бошига бало келганида Аллоҳдан ёрдам сўрашни тўғри деб кўришмагани билан, Пайғамбаримизнинг бундай дардлардан Аллоҳдан паноҳ сўрашни тавсия қилганларини назарда тутган ҳолда, бошимизга бир дард келса Жаноби Ҳақдан ёрдам сўрашимиз керак. Зеро Оламларнинг Роббиси бандасига бундай дардни раво кўрса ҳам,  унинг дуо қилиб ёлвориши туфайли қулини бу дарддан озод қилиши мумкин.

1491 - وَعَنْ أَبِي هُرَيَرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تَعَوَّذُوا بِاللهِ مِنْ جَهْدِ الْبَلَاءِ، وَدَرَكِ الشَّقَاءِ، وَسُوءِ الْقَضَاءِ، وَشَمَاتَةِ الأَعْدَاءِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6616، م 2707].

وَفِي رِوَايةٍ: قَالَ سُفْيَانُ: أَشُكُّ أَنِّي زِدْتُ وَاحِدَةً مِنْهَا [خ 6347].


Улашиш
|
|
Нусха олиш