1496. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилар эдилар: «Аллоҳумма, иғфирлий хотии’атий ва жаҳлий, ва исрофий фии амрий, ва маа анта аъламу биҳии минний. Аллоҳумма, иғфирлий жиддий ва ҳазлий, ва хотоий ва ъамдий, ва куллу заалика ъиндий. Аллоҳумма, иғфирлий маа қоддамту ва маа аххорту, ва маа асрорту ва маа аъланту, ва маа анта аъламу биҳи минний. Антал-Муқоддиму ва антал-Муаххир, ва анта ъалла кулли шай’ин қодийр!»
* Маъноси: «Аллоҳим, менинг хатоим ва билмаганимни, ишларимдаги исрофимни ва Сен мендан кўра яхши биладиган гуноҳларимни мағфират қилгин. Аллоҳим! Менинг жиддий ва ҳазил қилиб қилганларимни, хато қилиб ва қасддан қилганларимни мағфират қилгин – буларнинг ҳаммаси менда бор. Аллоҳим! Менинг аввалги ва кейинги, яширин ва ошкор гуноҳларимни ва Сен мендан кўра яхши биладиган гуноҳларимни мағфират қилгин. Сен Муқаддимсан, Сен Муаххирсан ва Сен ҳар нарсага қодирсан».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ўтган гуноҳлари ва кейинги гуноҳлари» (Фатҳ сураси, 2-оят)да келганидек кечирилгандир. Шунинг учун у зотнинг билиб-билмасдан, очиқ ёки яширин гуноҳлари йўқ. Пайғамбар учун гуноҳ дегани, қилиниши яна ҳам яхшироқ ва маъқулроқ бўлган нарсани қилмасликдан иборатдир.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай дуо қилишлари, Роббига бўлган тавозе ва шукрларининг сабабидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат ўзлари учун эмас, уммати учун ҳам дуо қилар эдилар. Бу дуо ҳам ўшалардан бири бўлиши мумкин. Билиниши керак бўлган яна бир ҳақиқат шуки, Аллоҳнинг расули умматларига бир қанча нарсаларни ўргатгани каби, гуноҳлардан қутилиш учун қандай дуо қилинишини ҳам ўргатгандирлар. Пайғамбар алайҳиссалом бизларга: «Эй Роббим, бу гуноҳлар менда мавжуд, буни қабул қиламан. Фақат шуни ҳам биламанки, ёлғиз афв қилучи Зот Сенсан, мени кечир деб дуо қилишимизни ўргатганлар.
1496 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: أَنَّه كَانَ يَدْعُو بهَذَا الدُّعَاءِ: «اللَّهمَّ اغْفِرْ لِي خَطِيئَتِي وَجَهْلِي، وَإِسْرَافِي فِي أَمْرِي، وَمَا أَنْتَ أَعْلَمُ بِهِ مِنِّي، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي جِدِّي وَهَزْلي، وَخَطَئِي وَعَمْدِي، وَكُلُّ ذَلِكَ عِنْدِي، اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ، وَمَا أَسْرَرْتُ وَمَا أَعْلَنْتُ، وَمَا أَنْتَ أَعْلَمُ بِهِ مِنِّي، أَنْتَ الْمُقَدِّمُ، وَأَنْتَ الْمُؤَخِّرُ، وَأَنْتَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6398، م 2719].