1501. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллалоҳу алайҳи васаллам мана шу калималар билан дуо қилар эдилар: «Аллоҳумма, иннии аъуузу бика мин фитнатин-наар, ва ъазаабин-наар, ва мин шаррил ғинаа вал фақр».
* Маъноси: «Аллоҳим, мен Сендан дўзах фитнасидан, дўзах азобидан, бойлик ва фақирликнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман».
Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар. Бу Абу Довуд лафзи.
Шарҳ: Инсон ҳаётга кўзларини очган вақтдан бошлаб то ҳақиқий юрти бўлмиш охират сари борадиган йўлида турли фитналар ва ҳар-хил имтиҳонлар чиқади. Дунё ҳаётидаги турли ҳолатларда, бойлик, фақирлик, ўлим, қабр каби нарсалар фитна бўлгани каби жаҳаннам ҳам бир фитнадир.
Ҳадисда биринчи жаҳаннам фитнаси, кейин эса жаҳаннам азоби келган. Жаҳаннам фитнаси инсонни жаҳаннам азобига тортадиган гуноҳлардир. Пайғамбар алайҳиссалом жаҳаннам фитнасидан ва булар туфайли келган жаҳаннам азобидан паноҳ сўрамоқдалар.
Бойлик неъмат бўлиш билан биргаликда, унинг закотини бермаслик, ёмон нарсаларга сарфлаш, унга берилган бир омонат эканлигини унутиб у билан фахрланиш, энг ёмони бойликни Аллоҳ тақиқлаган ёмон йўллардан топиб, ёмон йўлларга сарфлаш молнинг фитнаси ва шарридир.
Камбағалликнинг ёмонлиги, аҳволига рози бўлмасдан исён қилиш, бойларга қараб ўзини камситиш, уларни кўра олмасликдир.
Юқорида келган ҳолатлардан ва уларнинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилаш керак.
1501 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَدْعُو بِهَؤُلَاءِ الكَلِمَاتِ: «اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ فِتْنَةِ النَّارِ، وَعَذَابِ النَّارِ، وَمِنْ شَرِّ الغِنَى وَالفَقْرِ» رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ. وَهَذَا لَفْظُ أَبِي دَاوُدَ [د 1543، ت 3495].