1502. Зиёд ибн Илоқа амакилари Қутба ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма инний аъузу бика мин мункаротил ахлоқи вал аъмоли вал‘аҳва», деб айтардилар.
Маъноси: «Аллоҳим, мен Сендан инкор қилинган ахлоқлардан, амаллардан ва ҳавои нафслардан паноҳ сўрайман».
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом уч нарсадан Аллоҳ номи билан паноҳ сўрамоқдалар. Биринчиси ёмон ахлоқ бўлиб, улар, ҳасад, кибр ва бошқаларга зулм кўрсатиш каби динимизда ёмон ҳисобланиб тақиқланган ҳамда соғлом ақл соҳиби бўлган инсон ёмон деб қабул қилган амаллардир.
Иккинчиси ёмон амаллар бўлиб, ичкилик ичиш, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни олиб сотиш ва зино каби ёмон амаллардир.
Учинчиси нотўғри хоҳиш-истак бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган исломда бўлмаган, аҳли суннат фикрларига тўғри келмаган, кейинчалиг ўйлаб чиқарилган нотўғри нарсалардир.
Юқоридаги уч нарса мусулмон одам мутлақо узоқ туриши керак бўлган нарсалар бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу каби нарсалардан Аллоҳ номи билан паноҳ сўраши бизларга шуни эслатади. Инсон ўзи ҳаракат қилиб, ёмон нарсалардан олис бўлишга ҳаракат қилади, шунингдек улардан сақланиш учун Аллоҳдан ёрдам сўрайди. Зеро Аллоҳнинг ёрдамисиз булардан сақланиш мумкин эмас.
1502 - وَعَنْ زِيَادِ بْنِ عِلَاقَةَ، عَنْ عَمِّهِ - وَهُوَ قُطْبَةُ بْنُ مَالِكٍ - رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ مُنْكَرَاتِ الأَخْلَاقِ وَالأَعْمَالِ وَالأَهْوَاءِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [3591].