1505. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим, иннии аъуузу бика минал жууъи, фаиннаҳу би’сад-дожийъу, ва аъуузу бика минал хийаанати, фаиннаҳу би’сатил-битона», дер эдилар.
* Маъноси: «Аллоҳим, мен Сендан очликдан паноҳ тилайман, чунки у энг ёмон ёстиқдошдир ва хиёнатдан паноҳ тилайман, чунки у энг ёмон сирдошдир».
Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар.
Шарҳ: Расули Акрам бу дуода биринчи очликдан Аллоҳ номи билан паноҳ сўрамоқдалар. Кейин эса, бу ҳолат инсонни касал қилиб тўшакка ёткизиб қўядиган ва ҳатто ўлимга ҳам олиб борадиган ёмон бир ҳолат эканлигини айтмоқдалар. Ортиқ даражада очлик инсоннинг ақлини ҳам заифлатгани учун инсон ақлига ёмон фикр ва ҳаёллар ҳам келиши мумкин. Бунинг натижасида инсон диний вазифаларини ташлаб қўйиши мумкин. Пайғамбар алайҳиссалом икки кунни улаб рўза тутган ҳолда «совмул висол» деб аталган рўзани умматларига тақиқлаганларининг сабаби ҳам шундадир.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хиёнатдан, яъни инсонларнинг ва Аллоҳнинг омонатларига хиёнат қилишдан паноҳ сўрамоқдалар. Инсонларнинг бир-бирларининг омонатларига хиёнат қилишнинг ёмон эканлигини билдирмоқдалар. Жаноби ҳақнинг омонати эса: «Албатта, Биз бу омонатларни осмонларга, ерга ва тоғга такиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир» (Аҳзоб сураси, 72-оят) оятида айтилган илоҳий буйруқ ва тақиқларнинг барчасидир. Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг омонатига хиёнат қилмаслигига кўра, умматига ҳам хоинликнинг ёмонлигини ва бундан сақланиш кераклигини ўргатмоқдалар.
1505 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الجُوعِ؛ فَإِنَّهُ بِئْسَ الضَّجِيعُ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الخِيَانَةِ؛ فَإِنَّهَا بِئْسَتِ البِطَانَةُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [1547].