1508-ҳадис

1508. Абулфазл Аббос ибн Абдул Муттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули Менга Аллоҳ таолодан сўрайдиган нарсани ўргатинг, дедим. У зот менга: «Аллоҳдан офият сўра», дедилар. Бир неча кун турдим, сўнгра у зотга Эй Аллоҳнинг Расули Менга Аллоҳ азза ва жалладан сўрайдиган нарсани ўргатинг, дедим. У зот менга: «Эй Аббос, Эй Расулуллоҳнинг амакиси, Аллоҳдан бу дунё ва охиратдаги офиятни сўра», дедилар».

Имом Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ ҳадис дедилар.

Шарҳ: Аббос розияллоҳу анҳунинг Расули Акрамнинг ёнига келиб икки ёки уч маротаба офиятдан бошқа бир дуони ўргатишини сўраши, унинг офиятга аҳамият бермаганини эмас, ундан ҳам муҳим нарсаларнинг бор бўлиши мумкин эканлигини ўйлаганлигини билдиради. Ҳолбуки Абу Бакрдан қилинган бир ривоятга кўра, Расули Акрам минбарга чиқиб, йиғлай бошладилар ва асҳобига қараб: «Аллоҳдан афв ва офият тиланглар, зеро инсонга иймондан кейин офиятдан ҳам яхшироқ бир нарса берилган эмас», деб айтдилар.  (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Бир жангда ҳам асҳобларига: «Душманга тўқнашишни орзу қилманг, Аллоҳдан офият тиланг» деб айтганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам азон ва иқомат орасида қилинган дуони Аллоҳ рад этмаслигини айтганларида, саҳобалар ўша вақтда қандай дуо қилишни сўраганлар. Шунда у зот: «Дунё ва охиратда Аллоҳдан офият тиланглар» деб жавоб берганлар. (Имом Термизий ривояти).

Шу ва бошқа ҳадисларга диққат қиладиган бўлсак офият фақат дунё билан алоқали эмас, балки охиратни ҳам ўз ичига олган бир  сўздир. Офият бадан ва руҳ соғлигини ҳамда бутун қийинчиликлардан қутулишни билдиргани каби, дунё ва охиратда инсоннинг бошига келиши мумкин бўлган ҳар турли фалокатлардан сақланиш тилаги ҳамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан офиятдан бошқа нарса ўргатишини сўраган инсонга: «Шоядки Аллоҳ сенга дунё ва охиратда офият берса, қутилдинг демакдир» деб очиқ шаклда айтмоқдалар. (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти)

«Ҳамма нарсанинг боши соғликдир» сўзи ҳам бу ҳадиснинг изоҳи кабидир.

1508 - وَعَنْ أَبي الفَضْلِ العَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ؛ عَلِّمْنِي شَيْئاً أَسْأَلُهُ اللهَ تَعَالَى، قَالَ: «سَلُوا اللهَ العَافِيَةَ» فَمَكَثْتُ أَيَّاماً، ثُمَّ جِئْتُ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ: عَلِّمْنِي شَيْئاً أَسْأَلُهُ اللهَ تَعَالَى، قَالَ لِي: «يَا عبَّاسُ، يَا عَمَّ رَسولِ اللهِ؛ سَلُوا اللهَ العَافِيَةَ فِي الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ». رَواهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ صَحِيحٌ [3514].


Улашиш
|
|
Нусха олиш