1509. Шаҳр ибн Ҳавшаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бу киши Умму Салама розияллоҳу анҳога: «Эй мўминларнинг онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизнинг олдингизда бўлганларида аксари дуолари қандай бўлар эди?», деди. Умму Салама розияллоҳу анҳо: У зотнинг аксари дуолари «Йа муқаллибал қулуб саббит қолбий ъала дийник» эди», дедилар.
Маъноси: «Эй қалбларни айлантириб турувчи Зот! Қалбимни динингда собит қил».
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагичадир:
Шаҳр ибн Ҳавшаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Умму Саламага: Эй мўминларнинг онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизнинг олдингизда бўлганларида аксари дуолари қандай бўлар эди?», деди. Умму Салама розияллоҳу анҳо: У зотнинг аксари дуолари «Эй қалбларни айлантириб турувчи Зот! Қалбимни динингда собит қил», эди. Мен: Эй Аллоҳнинг Расули, бу эй қалбларни айлантириб турувчи Зот қалбимни динингда собит қил, дуони бунча ҳам кўп қиласиз-а? дедим. «Эй Умму Салама Қалби Аллоҳнинг икки бармоғи орасида бўлмаган бирор одам йўқ. Кимни хоҳласа, қоим қилади, кимни хоҳласа, тойдиради», дедилар. Муоз: «Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин», оятини тиловат қилди».
Машҳур тобеъин олимларидан Шаҳр ибн Ҳавшаб саҳобий аёллардан Асмо бинти Язид ал-Ансорийнинг озод қилган қули эди. Оиша, Умму Салама ва Асмо, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр Ибнул-Ос ва Абу Саид ал-Худрий каби буюк саҳобалардан ҳадис ривоят қилган. Ибн Аббосда қироат илмини ўрганди ва унинг ҳузурида Қуръонни етти маротаба ўқиди. Шомлик муҳаддислардан, обид ва зоҳид кимсалардан эди. (112-ҳижрий санада) саксон ёшида вафот этди. Аллоҳ ундан рози бўлсин.
Қалбларга ҳукм қилган ёлғиз Аллоҳдир. Зеро У инсоннинг қалбига инсондан ҳам яқиндир. «…Аллоҳ киши билан унинг қалбини ажратиб қўяди..»(Анфол сураси, 24-оят)ида ҳам унинг қалбларга жуда яқин эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун ушбу ояти карима тилимиздан тушмаслиги керак;
«Роббана лаа тузиғ қулубанаа баъда из ҳадайтанаа ва ҳабланаа мин ладунка роҳмаҳ, иннака антал ваҳҳаб» (Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилгувчисан». (Оли Имрон сураси, 8-оят).
1509 - وَعَنْ شَهْرِ بْنِ حَوشَبٍ قَالَ: قُلْتُ لأُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: يَا أُمَّ الْمُؤْمِنِينَ؛ مَا أَكْثَرُ دُعَاءِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا كَانَ عِنْدَكِ؟ قَالَتْ: كَانَ أَكْثَرُ دُعَائِهِ: «يَا مُقَلِّبَ القُلُوبِ؛ ثَبِّتْ قَلْبِي عَلَى دِينِكَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ حَدِيثٌ حَسَنٌ [3522].