1510. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳумма инний ас‘алука ҳуббака ва ҳубба ман йуҳиббука вал ъамалаллазий йубаллиғуний ҳуббака. Аллоҳумма ижъал ҳуббака аҳабба илаййа мин нафсий ва аҳлий ва минал ма‘ил бариди», деб дуо қилиш Довуднинг дуоларидан бири эди».
Маъноси: «Аллоҳим, мен Сендан муҳаббатингни сўрайман, Сенга муҳаббат қилганнинг муҳаббатини ва Сенинг муҳаббатингга етказадиган амални сўрайман. Аллоҳим, Сенинг муҳаббатингни менга ўзимдан ҳам, аҳлимдан ҳам, совуқ сувдан ҳам маҳбуброқ қилгин»,
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис дедилар.
Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссалом Довуд алайҳиссалом ҳақида гапирсалар энг кўп ибодат қилган шахс сифатида сўзлардилар. Шунингдек, бизларни ҳам у зотга ўхшаб ибодат қилишимизни тавсия қилардилар.
Бу ҳадисда муҳаббатнинг энг афзали бўлган Аллоҳга муҳаббат ҳақида айтилади. Жаноби Ҳақга муҳаббат ва Унинг муҳаббатига ноил бўлиш ҳар бир инсон учун энг катта саодатдир.
Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эга бўлишнинг йўли ва усулини Пайғамбаримиз воситаликларида ўргатган ва инсонларни шундай дейишларини буюрган:
«Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизларга муҳаббат қилади ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади...» деб айтган» (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Жаноби ҳақ қулини қандай яхши кўради? Расули Акрам бизларга буни хабарини берганлар. Шунга кўра: «Агар Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломни чақириб: «Албатта Аллоҳ таоло фалон кишини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Сўнгра Жаброил алайҳиссалом осмон аҳлларини чақириб: «Албатта Аллоҳ таоло фалон кишини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», дейдилар. Бас, осмон аҳли ҳам яхши кўришади. Кейин бу нарсани ер аҳли ҳам қабул қилишади», дедилар.
Ҳадисдаги «Сени яхши кўрган кишининг муҳаббатини», сўзи орқали ишора қилинган кимсалар олимлар, солиҳ бандалар ва Жаноби Ҳақга кўнгил берган кимсалардир. Бундай инсонлар билан баробар бўлиш Аллоҳга яқинликни орттиради.
«Сенинг муҳаббатингга етказадиган амални Сендан сўрайман» ифодаси эса, қилган ибодатлари соясида Аллоҳнинг муҳаббатига эришиш назарда тутилмоқда.
Банда Аллоҳни нафсидан, аҳлидан ва совуқ сувдан ҳам яхши кўришга мажбур. Ҳатто банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам отасидан, фарзандларидан ва бутун инсонлардан кўпроқ севмагунча тўлиқ мусулмон бўла олмайди. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Совуқ сув иссиқ пайтларда ёки иссиқ минтақаларда бир инсоннинг кўзида энг афзал неъмат бўлиб кўрингани учун, шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувни яхши кўрганлари учун уни бу ерда зикр қилинган.
1510 - وَعَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كَانَ مِنْ دُعَاءِ دَاوُودَ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ حُبَّكَ، وَحُبَّ مَنْ يُحِبُّكَ، وَالعَمَلَ الَّذِي يُبَلِّغُنِي حُبَّكَ، اللَّهُمَّ اجْعَلْ حُبَّكَ أَحَبَّ إِلَيَّ مِنْ نَفْسِي، وَأَهْلِي، وَمِنَ الْمَاءِ البَارِدِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [3490].