1521. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга ё сўраганини (тезда) беради, ёки ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», дедилар. Шунда одамлардан бири: «Ундай бўлса, (дуони) кўпайтирамиз», деди. У зот: «Аллоҳ кўп (ижобат) қилувчидир», дедилар».
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар. Имом Ҳоким Абу Саиддан худди мана шу ҳадисни ривоят қилиб: «У каби савобни ўша кишига заҳира қилиб қўяди»ни зиёда қилдилар.
Шарҳ: Дуо масаласидаги оят ва ҳадислар шуни кўрсатмоқдаки, лутфи ва карами кенг бўлган Аллоҳ қулига эҳсон қилиши учун унга қўл очгинда «Роббим бер» деб дуо қилишини хоҳлайди. Аллоҳнинг тугаб битмаган қудрат ҳазинаси Ўзидан сўралган барча нарсаларни беришга етади. Шунингдек, Аллоҳ баъзан қулларга неъматларини ёғдиради, баъзан эса, қулининг манфаати учун уни бошқа шаклда беради. Мисол учун қулининг истагини ўша заҳоти беришнинг ўрнига унинг бошига келадиган бир ёмонликни кетказади. Бу ҳам бир лутф ва эҳсондир. Баъзан бир ёмонликдан қутулиш эришиладиган неъматдан яхшироқдир. Бу икки турдаги неъматнинг яна бир хили бор. Бу ҳам инсонга бериладиган неъматнинг дунёда эмас, охиратда берилиши. (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
Қиёмат кунининг даҳшати ва инсоннинг ўша кунда ёрдамга янада муҳтож бўлиши диққатга олинган тақдирда истакларнинг охиратга қолдирилишининг буюк бир лутф эканлиги маълум бўлади. Шунинг учун бир мусулмон буларнинг барчасини диққат-эътиборга олиши ва дуоларим қабул бўлмади деб ҳафа бўлмаслиги керак.
Ушбу ҳадисда ва юқоридаги ҳадисларда келганидек, Аллоҳ таоло дуоларимизда икки ёмон нарсанинг бўлишини истамайди. Буларнинг биринчиси, гуноҳ ва ҳаром нарса, иккинчиси эса, қариндош ришталарини узадиган нарсанинг сўралишидир.
Шубҳасиз бир қул Роббига дуо қилар экан, юқоридаги нарсаларни назарга олиши ва дуоларининг қабул бўлишига ишониши керак. Шунингдек, дунёвий бир имконни динга тўғри келмаган нарсаларга сарфлашни мутлақо ўйламаслиги керак. Дуонинг қабул бўлиши учун юқоридагиларга қўшимча «Дуолар» бўлимининг бошида келганидек дуонинг одобига риоя қилиш керак. Дуо қилишда энг муҳим нарса ихлос эаканини ҳам унутилмаслиги керак.
1521 - وَعَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا عَلَى الأَرْضِ مُسْلِمٌ يَدْعُو اللهَ تَعَالَى بِدَعْوَةٍ إِلَّا آتَاهُ اللهُ إِيَّاهَا، أَوْ صَرَفَ عَنْهُ مِنَ السُّوءِ مِثْلَهَا، مَا لَمْ يَدْعُ بإِثْمٍ، أَوْ قَطِيعَةِ رَحِمٍ»، فَقَالَ رَجُلٌ مِنَ القَوْمِ: إِذاً نُكْثِرُ، قَالَ: «اللهُ أَكْثَرُ».
رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ، وَرَوَاهُ الحَاكِمُ مِنْ رِوَايةِ أَبي سَعيِدٍ، وَزَادَ فِيهِ: «أَوْ يَدَّخِر لَهُ مِنَ الأَجْرِ مِثْلَهَا» [ت 3573، ك 1/493].