1524-ҳадис

1524. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан аввалги умматлар ичида сўз илқо қилинадиган (яъни, илҳом берилган) кишилар бўлган. Агар менинг умматим ичида ҳам бирорта шундай киши бўлса, у Умардир», дедилар».

Имом Бухорий ривояти. Имом Муслим ҳам худди шу лафздаги хадисни Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳадисдаги «сўз илқо қилинган» деб ўгирилган ибора аслида «кимдир томонидан сўз айтиладиган» деган маънони ифодалайди. Уламолар бу сўзни бир-бирини тўлдирадиган, мазмунан яқин бўлган иборалар билан изоҳлашган. Кимдир: «Улар Аллоҳ барча ишларда қалбига тўғри фикрни соладиган кишилардир» деса, иккинчилари: «Улар Аллоҳ ҳақни тилларида жорий қилиб қўйган зотлардир», дейишади. Имом Бухорий ҳам ушбу иккинчи фикрни танлаган. Бошқа бир фикрга кўра, улар гумони тўғри чиқадиган, фаросатли одамлар ёки фаришталар йўл кўрсатиб турадиган, қалбига сўз етказадиган кишилардир. Аммо кўпчилик: «Улар Аллоҳ тарафидан қалбларига илҳом келадиган кишилардир», дейди. Бу сўз юқоридаги фикрларни ҳам қамрай олгани учун таржимада шу маъно танланди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, бу ерда «илҳом» деганда шаръий маънодаги илҳом назарда тутилган. Уни уламолар қуйидагича таърифлайдилар: «Илҳом – кишининг қалбига файз ўлароқ тушадиган илм ва маълумотдир».

Имом Бухорийнинг Абу Ҳурайрадан, имом Муслимнинг эса Оишадан ривоят қилган бу ҳадисда зикр қилинган муҳаддас сўзи, юқорида айтилганидек мулҳам яъни илҳомланган демакдир. Расул ва набий бўлмаган ҳолда илҳом берилган, фақат ҳақиқатни гапирганлар олдинги умматларда ҳам бор эканлигини Пайғамбаримиз хабар бермоқдалар. Агар ўзининг уммати ичида улардан бўлса, албатта ўша киши Умар розияллоҳу анҳу эканини айтганлар.

Пайғамбаримизнинг бу сўзлари асло бир шубҳа ва тараддуд шаклида эмас. Чунки бошқа умматларда ҳам бўлган бундай инсоннинг Пайғамбаримизнинг умматида ҳам бўлиши табиий ҳолдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари тараддуд учун эмас, балки у инсоннинг муҳаққақ ўзининг умматида ҳам бор эканлигини билдиришдир. Яъни “Менинг бир дўстим бўлса у ҳам фалончидир” сўзи каби аниқлик ифода қилади. Бу ҳолатда Уммати Муҳаммаднинг ичида бўлган муҳаддаслар, яъни илҳом берилганлар расул ва набий бўлмаган ҳолда илҳом билан қувватлантирилган валиййуллоҳлардир.

Имом Муслимнинг саҳиҳида келган бир ривоятда Умар розияллоҳу анҳунинг ўзидан ушбу ривоятни қилган: “Роббимга уч масалада мувофиқ бўлдим: Мақоми Иброҳимда, ҳижоб масаласида ва Бадр асирлари тўғрисида.” Бу масаладаги оятлар Умар розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодига мос бўлишига қарамасдан у зотнинг: “Мен Роббимга мувофиқ бўлдим”, деб айтиши у зотнинг одобидандир. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний: «Умар розияллоҳу анҳунинг уч масалани айтиши, улардан бошқа масалада мувофиқ эмаслигини билдирмайди. Зеро менинг исбот қилганларимга кўра, ўн беш масалада унинг ижтиҳодига мувофиқлик кўрилган”, деб айтган. 

Умар розияллоҳу анҳу юқорида айтган масалалардан ташқари, мунофиқларга жаноза намозини ўқилинмаслиги, ичкиликнинг ҳаром қилиниши каби масалаларда ҳам ўзининг ўйларига мос оятлар келган. Ҳатто у, Пайғамбарнинг аёлларидан узоқ туришга онт ичган воқеада қизи Ҳафса ҳам бор бўлган Пайғамбарнинг аёлларига, “Шояд Пайғамбар сизлардан ажрашса, сизнинг ўрнингизга Робби унга сиздан ҳам яхшироқ жуфтлар ато қилади” деган эди. Бу масалада таҳйир ояти дея билинган шу оят тушган (Аҳзоб сураси, 28-оят).

Гапирганида оғзидан ҳақиқатлар чиқадиган инсонлар бордир. Ваҳий олмаган ҳолда кўнглида бир нарсалар пайдо бўлган бу инсонлар сўзларида ҳақиқатни айталилар. Булар худди гапирган эмас, гапиртирилган кимсалардир. Худди уларнинг тилидан фаришталар гапираётгандек. Халқимизда “Айтилганга эмас, айттирганга қара” сўзи ҳам бу ҳолатни билдиради.

1524 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَقَدْ كَانَ فِيمَا قَبْلَكُمْ مِنَ الأُمَمِ نَاسٌ مُحَدَّثُونَ، فَإِنْ يَكُ فِي أُمَّتِي أَحَدٌ فَإنَّهُ عُمَرُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ، وَرَوَاهُ مُسْلِمٌ مِنْ رِوَايَةِ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، وَفِي رِوَايَتِهِمَا: قَالَ ابْنُ وَهْبٍ: «مُحَدَّثُونَ» أَي: مُلْهَمُونَ [خ 3689، م 2398].


Улашиш
|
|
Нусха олиш