1528. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан иккиталари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидан зулумат кечасида чиқишганида олдиларида чироқ каби иккита нур бор эди. Қачонки ҳар иккилари бир-бирларидан алоҳида бўлишган эди, ўша нур ҳам алоҳида бўлиб иккига бўлинди. Хаттоки икковлари уйларига нур билан боришди».
Имом Бухорий ривояти.
Бу икки саҳобанинг бирларининг исми Усайд ибн Ҳузайр, иккинчисининг исмлари Аббод ибн Бишрдир.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари ила содир бўладиган кўплаб оддий мўъжизалардан бири ҳақида сўз кетмоқда.
Саҳобалардан икки киши: Усайд ибн Ҳузайр ва Уббод ибн Бишр розияллоҳу анҳулар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кечгача қолиб, зулматли кечада кўчага чиқиб, уйларига кетаётганларида уларнинг йўлларини иккита чироққа ўхшаш нарса ёритиб кетибди. Улар ажралиб, ўз уйлари томон юрганларида ҳалиги йўл ёритгичлар ҳам ажралиб, уйларига етиб боргунларича саҳобаларнинг йўлларини ёритиб борибди. Бу саҳобаи киромлар учун оддий бир нарсадир. Улар (розияллоҳу анҳум) соат сайин шунга ўхшаш мўъжизаларнинг гувоҳи бўлар эдилар.
Фаришталар саҳобаи киромларнинг орасида аралашиб юрар ва у зотлар бундан сал бўлса ҳам ажабланишмас эди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юрганларида ҳайвонлар, тоғу тошлар ва дарахтларнинг гапирганларига гувоҳ бўлишар ва заррача ажабланмай кетаверар эдилар.
Саҳобаи киромлар сувсиз саҳронинг ўртасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг панжалари орасидан чиққан сувдан тўйиб ичиб, таҳорат қилиб, ҳайвонларини суғориб, ҳатто идишларини тўлдириб олиб, одатдаги иш бўлиб ўтгандек кетаверар эдилар. Улар бу нарсаларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарофатлари билан бўлаётганини яхши билар эдилар. Усайд ибн Ҳузайр ва Уббод ибн Бишр розияллоҳу анҳулар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида кеч қолиб, зулматли кечада кўчага чиқиб, уйларига кетаётганларида уларнинг йўлларини иккита чироққа ўхшаш нарса ёритиб кетиши уларнинг Усайд ибн Ҳузайр ёки Уббод ибн Бишр бўлганликлари учун эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари эканликлари учун содир бўлганлигини ҳам ҳамма яхши билар эди. Шунинг учун улар саҳобаликнинг қадрига етар эдилар.
1528 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلَيْنِ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ خَرَجَا مِنْ عِنْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِي لَيْلَةٍ مُظْلِمَةٍ وَمَعَهُمَا مِثْلُ الْمِصْبَاحَينِ بَيْنَ أَيْدِيهِمَا، فَلَمَّا افْتَرَقَا صَارَ مَعَ كُلِّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا وَاحِدٌ حَتَّى أَتَى أَهْلَهُ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ مِنْ طرُقٍ؛ وَفِي بَعْضِهَا: أَنَّ الرَّجُلَيْنِ: أُسيْدُ بنُ حُضَيرٍ، وَعَبَّادُ بْنُ بِشْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا [465، 3805].