164-ҳадис

164. Абу Нажиҳ Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ваъз қилдилар, бундан (таъсирланиб) қалблар титроққа тушди ва кўзлардан ёш тўкилди. Шунда биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу видолашаётган одамнинг мавъизаси-ку! бизга васият қилинг» дедик. У зот шундай дедилар: «Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, қул бўлса ҳам қулоқ солиб, итоат қилишни васият қиламан. Мендан кейин сизлардан ким (узоқроқ) яшаса, кўплаб ихтилофларни кўради. Ўшанда менинг Суннатимни ва ҳидоятдаги, рошид халифаларнинг суннатини маҳкам тутинглар, уни озиқ тишларингиз билан тишлаб олинглар. Янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинглар, чунки, ҳар бир бидъат залолатдир».

Абу Довуд ва Термизийлар ривояти. Термизий ҳасан, саҳиҳ, дедилар.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш ўта зарур масала экани очиқ-ойдин айтилмоқда. Ҳадиснинг ровийлари Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳунинг ҳикоя қилишларича, бир куни бомдод намозидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўта таъсирли ваъз айтганлар. Бу ваъзни эшитиб, кишилар кўзларидан ёш тўкканлар, қалблари эса, ларзага келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ваъзлари одатдагидан бошқачароқ бўлган. Буни эшитувчилар ҳам пайқаганлар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайри оддий ваъз қилганларини тушуниб етганлар.

«Шунда бир одам:

«Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди».

Гапирувчи одам Расули акрам бу дунё билан ва саҳобалар билан видолашаётган киши сифатида ваъз қилганларини, бу ваъз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиридаги ваъз­ларидан бири эканини англаб етган эди. Шунинг учун бу фурсатни ғанимат билиб, Расулуллоҳдан ўз умматларига васият қилишларини сўради.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу видолашувчининг ваъзи эмас, демадилар. Балки, ўз сукутлари билан ҳалиги одамнинг гапини тасдиқладилар. Мавъизалари видолашувчининг мавъизаси эканини иқрор қилдилар. Бунинг устига, ўша одамниг талабига биноан, ўз васиятларини бошладилар ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан», дедилар.

Тақводорлик ҳар бир мусулмон учун ўта муҳим нарса бўлганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани ўз васиятларида биринчи бўлиб зикр қилдилар. Аллоҳ таолога тақво қилиш У Зотнинг азобига, дўзах азобига сабаб бўладиган нарсалардан ўзини сақлашдир. Тақводорлик маълум кийим, маълум таом, маълум макон ва маълум қўшимча ибодатлардан иборат эмас.

«Тақво» сўзининг луғавий маъноси «сақла­ниш»­дир Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Тақво араб тилида сертикан майдондан болдирларини очиб, ўзига тикан теккизмай ўтиб кетишини англатади», деган эканлар.

Шариатда эса, тақво Аллоҳнинг айтганини қи­либ, қайтарганидан қайтишни англатади. Яъни, бу дунё ҳаёти майдонидаги гуноҳ тиканларини ўзига теккизмай ўтишни билдиради. Ҳамма бало-офат тақвосизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга тақво қилишни қаттиқ тавсия этмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васиятларида таъкидланган иккинчи масала, бошлиққа қулоқ осиб, итоат қилиш зарурлигидир. У зот, агар ўша бошлиқ ҳабаш қул бўлса ҳам, ҳеч бошқа хаёлга бормай, унга қулоқ осиб, итоат қилишни васият қилмоқдалар. Бу Ислом таълимотидаги энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳадисларида ҳам бунга алоҳида эътибор берганлар. Бунинг маълум сабаблари бор бўлиб, уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида баён қилмоқдалар:

«Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари кўп ўтмай юзага чиқди. Учинчи халифа Усмон розияллоҳу анҳу қатл этилганларидан сўнг саҳобалар ўртасида хилоф чиқди. Кейинчалик бу хилоф кучайиб, кўпгина бало-офатларга сабаб бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари ушбу ихтлофларга ишорадир.

Энди у зотнинг шундай пайтда ўзни қандоқ тутиш ҳақидаги тавсиялари келади:

«Сизлар янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг»

Чунки Китоб ва Суннатда, шариатда йўқ бўлган янги бидъатдан иборат ишлар пайдо қилинади. Улар бидъатдан иборат бўлади. Ана ўшалардан сақланиш керак:

«Чунки улар залолатдир»

Залолатдан сақланиш эса, ҳар бир мўминнинг бурчидир.

«Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас, унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни маҳкам тишлангиз», дедилар».

Яъни, сиздан ким ўша ихтилофлар кўп чиқадиган даврга етиб борса, ўша пайтда менинг Суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини маҳкам ушласин! Рошид халифалар деганда Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум кўзда тутилади. Улардан кейингилар ичидан баъзилар Умар ибн Абдулазизни ҳам қўшганлар. Аммо булар озчиликни ташкил қилади.

Маълумки, ихтилоф чиққанда гап-сўз кўпаяди. Ҳар ким ўз ишини маъқуллашга уринади. Ҳамма ўзиникини тўғри, деб ҳисоблайди. Натижада ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Бу вақтда нима қилиш керак? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаган одам адашмайди. Қолаверса, рошид (тўғри йўлда юрган), ҳидоятли (ҳидоят йўлини топган) халифаларнинг суннатини ушлаш лозим. Ушлаганда ҳам худди тиш билан тишлагандек қилиб, ушлаш керак. Одатда авайлаб, эҳтиёт қилиб, гард юқтирмасдан олиб юрилган нарсани «тиши билан тишлаб, олиб юрибди», дейилади.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг Суннатларини ҳам ана шундоқ қилиб ушлаш лозим экан.

Шу билан бирга, тўрт хулафои рошидинларнинг айтган насиҳатлари, тутган йўлларини ҳам суннат, дейиш мумкинлигини, оғир пайтларда, ихтилофли вақтларда Суннатни маҳкам тутиш зарурлигини англаб оламиз.

 

164 - الثَّاني : عَنْ أَبِي نَجِيحٍ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَعَظَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَوْعِظَةً وَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ، وَذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ، فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ كَأَنَّهَا مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ فَأَوْصِنَا، قَالَ: «أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللهِ، وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ وَإِنْ تَأَمَّرَ عَلَيْكُمْ عَبْدٌ، وَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ فَسَيَرَى اخْتِلَافاً كَثِيراً، فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ، وَإِيَّاكُمْ وَمُحْدَثَاتِ الأُمُورِ؛ فَإِنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلَالَةٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ. [د 4607، ت 2676].

«النَّواجِذُ» بِالذَّالِ الْمُعْجَمَةِ: الأَنْيَابُ، وَقِيلَ: الأَضْرَاسُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш