165. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради, фақат бош тортган одам мустасно», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортар экан?» дейишди. «Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон одамнинг жаннатга кириши Ўзларига итоат қилишга боғлиқ эканини таъкидламоқдалар.
«Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, бош тортганларигина кирмас».
Яъни, умматимнинг киришдан бош тортганларидан бошқа ҳаммаси, албатта, жаннатга киради», демоқдалар. Бундан ажабланган саҳобалар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?» дейишди. Яъни, жаннатга киришдан бош тортган одам ҳам бўладими, дедилар. Бу саволга жавобан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга итоат қилса, жаннатга киради, ким менга осий бўлса, бош тортган бўлади», дедилар.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатдан бош тортиш, жаннатга киришдан бош тортишга баробардир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш у зотнинг Суннатларини маҳкам тутиш билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилмаган одам эса, У зотга осий бўлади. Демак, хулоса аниқ:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига итоат қилган жаннатни топади!
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига осийлик қилган дўзахни топади!
165 - الثَّالِثُ: عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كُلُّ أُمَّتِي يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ إِلَّا مَنْ أَبَى» قِيلَ: وَمَنْ يَأْبَى؟ قَالَ: «مَنْ أَطَاعَنِي دَخَلَ الجنَّةَ، وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ أَبَى». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [7280].