1864. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шундай бир замон келадики, ўшанда одамлар тилла садақасини кўтариб айланиб юради, лекин буни қиладиган бирор кишини топа олмайди. Яна эркакларнинг озлиги ва аёлларнинг кўплигидан бир эркакнинг ортидан қирқта аёл эргашиб, унинг пинжига кириб кўрасизлар», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Бу ҳадисда зикр қилинган ҳодисалар охирги замонда, қиёмат яқин қолганда содир бўлади. Унда молу мулк ортиб кетади. Шунингдек, аёллар адади ҳам кўпайиб кетади.
Ҳозир ўша жараён тезлик билан ривожланиб бораётганининг гувоҳимиз. Ер юзида бойлик ҳаддан ташқари кўпайиб бормоқда, шунга қарамай одамларнинг бойлик орттиришга ҳирслари ундан ҳам зиёда бўлмоқда. Бунинг оқибати ўлароқ, бойлик кўпайишига қарамай ер юзида бева-бечоралар, мискин-фуқаролар, очликдан ўлаётганлар ҳам кун сайин кўпайиб бормоқда. Демак, ҳозир садақа, хайр-эҳсон қилишнинг айни пайти, эртага қиёмат яқин қолиб, мол-дунё кўпайиб, ҳеч ким ҳатто олтин садақани ҳам қабул қилмай қўйганда хайр-эҳсон қилишнинг ҳожати йўқ.
Шунингдек, қиёмат яқинлиги аломатларидан бири ўлароқ дунёда аёлларнинг сони эркакларнинг сонидан мунтазам равишда кўпайиб бормоқда. Қизлар ўғил болалардан кўп туғилмоқда. Ўғил болалар ўлими қиз болаларникидан кўп бўлаяпти. Тинимсиз давом этаётган урушларда, асосан, эркаклар ҳалок бўлмоқда. Шунингдек, фалокатлар, ишлаб чиқариш жароҳатлари, турли фожиали ҳодисаларда ҳам асосан эркаклар нобуд бўлмоқда. Тинч-осойишта турмуш жараёнида ҳам дунёнинг барча юртларида аёллар эркаклардан узоқ умр кўришлари оддий ҳақиқатга айланиб бормоқда.
Бу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари сирасига киради.
1864 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيَأْتِيَنَّ عَلَى النَّاسِ زَمَانٌ يَطُوفُ الرَّجُلُ فِيهِ بِالصَّدَقَة مِنَ الذَّهَبِ فَلَا يَجِدُ أَحَداً يَأْخُذُهَا مِنْهُ، وَيُرَى الرَّجُلُ الْوَاحِدُ يَتْبَعُهُ أَرْبَعُونَ امْرَأَةً يَلُذْنَ بِهِ مِنْ قِلَّةِ الرِّجَالِ وَكَثْرَةِ النِّسَاءِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1012].