18-КИТОБ
18-боб Бидъатлардан ва янги пайдо бўлган ишлардан ман этилгани баёни
18- بَابُ النَّهْيِ عَنِ البِدَعِ وَمُحْدَثَاتِ الأُمُورِ
(18)
18-BOB

 18-боб. Бидъатлардан ва янги пайдо бўлган ишлардан ман этилгани баёни

Аллоҳ таоло: «Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос» (Юнус сураси, 32-оят).

«Китобда (яъни, тақдири азал китобида) бирон нарсани қўймай (ёзганмиз)» (Анъом сураси, 38-оят).

«Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтаринг» (яъни, Қуръон ва суннатга)» (Нисо сураси, 59-оят).

«Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом сураси, 153-оят).

«Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли-Имрон сураси, 31-оят), деб айтган.

18- بَابُ النَّهْيِ عَنِ البِدَعِ وَمُحْدَثَاتِ الأُمُورِ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {فَمَاذَا بَعْدَ الحَقِّ إِلَّا الضَّلَالُ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {مَا فَرَّطْنَا فِي الكِتَابِ مِنْ شَيْءٍ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللهِ وَالرَّسُولِ}: أَيِ الْكِتَابِ وَالسُّنَّةِ.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَأَنَّ هَذَا صِرَاطِي مُسْتَقِيماً فَاتَّبِعُوهُ وَلَا تَتَّبِعُوا السُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَنْ سَبِيلِهِ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللهُ، وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ}.

وَالآيَاتُ فِي البَابِ كَثِيرَةٌ مَعْلُومَةٌ.

وَأَمَّا الأَحَادِيثُ فَكَثِيرَةٌ جِدّاً، وَهِيَ مَشْهُورَةٌ فَنَقْتَصِرُ عَلَى طَرَفٍ مِنْهَا:


(18)

176. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ушбу ишимизда унда йўқ нарсани пайдо қилса, у мардуддир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Изоҳ: «Ушбу ишимиз» деганда дин, шариат назарда тутилган.

Муслимнинг ривоятларида:

«Ким бизнинг ишимизга мувофиқ бўлмаган амални қилса, мардуддир», деб келтирилган».

  

Шарҳ: Бу ҳадис Ислом динининг асл қоидаларидан биридир. “Амаллар ниятлар биландир” ҳадиси амалларнинг ички-ботиний тарафи учун мезон ҳисобланиб, агар Аллоҳ толо розилиги мақсад қилинмаган бўлса, ҳеч бир амал учун ажр-савоб йўқ эканлигини англатарди. Бу ҳадис амалларнинг зоҳирий тарафи учун мезон ҳисобланади ва ҳар қандай амал агар Аллоҳ ва Расулининг амри бўлмаган бўлса, қилган кишининг ўзига қайтарилажагини ҳамда кимки динда Аллоҳ ва Расули изн бермаган нарсаларни пайдо қиладиган бўлса, Ислом дини ундан пок эканлигини англатади.

Имом Нававий айтадилар: «Ушбу ҳадисни ёддан билиш ва мункар ишларни қайтаришда уни далил қилиб келтириш керак».

Ибн Ҳажар Ҳайтамий айтадиларки: «Бу ҳадис энг сермазмун қоидалардандир. Бирор далилдан шаръий ҳукмни чиқариб олишдан аввал ўша далилни шу қоида асосида текшириб кўриш лозим».

 

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 

1. Ислом дини фақат бўйсуниш ва эргашишдир, унда янгича нарсаларни пайдо қилиш мумкин эмас

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу қисқагина ҳадис билан Исломни “ғулув”га кетувчилардан, яъни, динда чуқур кетиб, одамларга Исломни мураккаб қилиб кўрсатиб қўювчилардан ҳамда ботилга эргашувчилардан, яъни Исломга бидъат таълимотларни олиб кирувчилардан ҳимоялаб қўйдилар. Шунинг учун бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган оз сўзлар билан кўп маъноларни ифодалай олиш мўъжизасига бир намуна саналади.

Қуръони каримда ҳам ҳақиқий ютуқ ва нажот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига ҳеч нарсани қўшмасдан ҳамда чуқурлашмасдан эргашишда эканлигига ишора қилувчи оятлар талайгина бўлиб, ушбу ҳадис шу оятларнинг хулосасидир.

"Айтинг: “Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ Ғафур ва Раҳийм Зотдир". (Оли Имрон сураси, 31-оят); “Албатта мана шу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлгагина эргашинглар! Бошқа йўлларга эргашмангизки, у сизларни Унинг йўлидан узиб қўяди.” (Анъом сураси, 153-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп хутбаларида қуйидаги сўзларни айтганлари ривоят қилинади:

"Сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларидир, ишларнинг энг ёмони кейин пайдо қилинган нарсалардир. Зеро, ҳар бир кейин пайдо қилинган нарса бидъатдир, ҳар қандай бидъат эса залолатдир". (Муслим ривоятлари).

Имом Байҳақий ривоятларидаги ҳадисда эса, худди шу сўзлардан кейин қўшимча: "Ҳар қандай залолат эса дўзахдадир" лафзи ҳам ворид бўлган.

 

2. Рад этиладиган амаллар

Мазкур ҳадис шоре (Аллоҳ ва Расул) тарафидан буюрилмаган ҳар қандай амал рад этилишига очиқ ҳужжатдир. Унинг мазмунидан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

• Барча амаллар шариат аҳкомлари билан чегаралаб қўйилгандир.

• Барча амалларга мукаллаф бандалардан содир бўлаётган ишлар сифатида Аллоҳ таолонинг китобида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ворид бўлган буйруқлар ва қайтариқлар асосида ҳукм берилади.

• Амаллар шаръий аҳкомлар доирасидан чиқиб кетиши ва улар билан чекланмаслиги мумкинмас. Биз ҳар қандай амал борасида шариат берган ҳукмни тан олмоғимиз лозим. Амалларни шариат устидан ҳоким қилиш эса очиқ залолатдир.

• Қачонки одамлар ўзларига ёқиб қолган амал билан шариат устидан ҳукм чиқармоқчи бўлсалар, ҳар бир мусулмон бундай амални ботил деб билмоғи ва уни кескин рад этмоғи лозим.

Рад этилиши лозим бўлган амаллар икки турли бўлиши мумкин:

Биринчи. Бу турдаги амаллар ибодатларда бўлади. Қайси бир ибодат Аллоҳ ва Расули ҳукмидан четга чиқадиган бўлса, у албатта эгасига қайтарилажак мардуд амалдир.

Аллоҳ Макка мушриклари ҳақида айтадики: “Ёки уларнинг диндан Аллоҳ таоло изн бермаган нарсаларни ҳам шариатга киргазиб берувчи шериклари борми?..” (Шўро сураси, 21-оят).

Иккинчи. Рад этилиши лозим бўлган амалларнинг иккинчи тури муомалалардадир.[1]

Шариатга буткул зид бўлган ҳар қандай шартнома ва келишув ботил ҳисобланади ва ўз эгасига қайтарилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида содир бўлган қуйидаги воқеа бунга далилдир.

“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Менинг ўғлим фалончининг хизматини қилар эди. Ўша кишининг аёли билан зино қилиб қўйибди. Ўғлимни ундан юзта қўй ва бир қул эвазига жазодан қутқариб олдим”, - деб фатво сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Юзта қўйинг билан қул ўзингга қайтарилади. Ўғлингга эса юз дарра урилиб, бир йилга сургун қилинади", - дедилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

3. Мақбул амаллар

Динда кейинчалик пайдо қилинган амаллар орасида шариат аҳкомларига зид келмайдиган, балки шаръий далил ва қоидалар уларни қувватлайдиганлари ҳам бор. Бундай амаллар мақбул ва мақтовга сазовор амаллар ҳисобланади. Саҳобаи киромлар ҳам шу каби амалларни жоиз санаганлар. Бу эса улар тарафидан ижмо деб эътироф этилади. Сўзимизга энг ёрқин мисол Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу даврларида Қуръони каримнинг яхлит китоб шаклида жамланиши ва Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу даврларида шу китобдан нусхалар кўчирилиб, турли ўлкаларга қорилар билан тарқатилишидир. Бундан ташқари, наҳв (синтаксис), фароиз (мерос илми) ва тафсир каби диний фанларнинг алоҳида китоб қилиб жамланиши, ҳадис иснодлари ва матнлари ҳақида баҳс юритувчи илмлар ва шу каби Ислом шариатининг асосий манбалари ҳисобланувчи бошқа назарий билимларнинг яратилиши ҳам таҳсинга сазовор янгиликлардандир. Жамият ривожи ва уммат ислоҳи учун зарур бўлган барча дунёвий илмлар ҳам ана шу қоида доирасига киради.

4. Ёмон бидъат ва яхши бидъат

Юқорида айтиб ўтганларимиздан сўнг қуйидаги хулосага келамиз:

Динда кейинчалик пайдо қилинган амалларнинг Аллоҳ шариатига хилоф бўлганлари ёмон бидъат ва очиқ залолатдир.

Кейин пайдо бўлган амалларнинг шариат доирасидан чиқмаган, унга мувофиқ келганлари мақбул ва мақтовга сазовордир. Уларнинг баъзилари мандуб ё мустаҳаб бўлиши, баъзилари эса ҳатто фарзи кифоя бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун имом Шофеий айтадилар: «Қуръони каримга, саҳиҳ Суннатга, саҳобаи киромлар ижмосига ёки улардан ворид бўлган саҳиҳ асарга[2] зид равишда пайдо қилинган ҳар қандай янгилик бидъат ва залолатдир. Аммо мазкур манбаларга зид келмайдиган бирон хайр-яхшилик пайдо қилинса, у албатта мақтовга сазовор “бидъат”-янгиликдир".

Ёмон бидъатлар ичида фақатгина макруҳ бўлганлари ҳам бор. Аммо фақат зарар ва фасод келтирадиган ҳамда Исломнинг асл мақсадлари ва аҳкомларига зид бўлган бидъатлар ҳаром қилингандир.

Ҳозирда кўпчилик орасида тарқалган бидъатлардан яна бири қандайдир булоқ, дарахт, мозор каби нарсаларни улуғлаш, табаррук санаш ва уларни фойда ёки зиён келтиришга қодир деб эътиқод қилишдир.

Мушриклар бир сидр дарахтини улуғлашар ва унга қурол-аслаҳаларини осиб қўйишар эди.[3] Шунинг учун улар бу дарахтни Зоти анвот (қуроллар осиладиган дарахт) деб аташарди. Ҳунайн жангидан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар билан бирга ўша сидр дарахти олдидан ўтиб қолдилар. Шунда саҳобалар:

- Ё Расулуллоҳ, анавиларда Зоти анвот бўлгани каби, бизга ҳам Зоти анвот қилиб беринг! – дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Аллоҳу акбар!.. Бу Мусо алайҳиссаломга қавми айтган гапнинг ўзгинаси-ку! Улар: “Анавиларнинг илоҳлари бўлгани сингари, бизларга ҳам бир илоҳ қилиб беринг!” дейишган эди, - дедилар. Сўнгра, қўшиб қўйдилар: - Сизлар жоҳиллик қилаётган қавмсизлар, ҳали сизлардан аввал ўтган қавмлар йўлига изма-из эргашасизлар...

 

5. Имом Муслим ривоятларида келган: “Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у албатта рад қилинур” лафзининг маъноси

Баъзи кишилар ўзлари бидъат ўйлаб чиқармасалар-да, бошқалар чиқарган бидъатларни қилиб юрадилар. Бундайларга Имом Бухорийнинг "Кимки динимизда асли йўқ бўлган нарсани пайдо қилса..." ривоятини келтирсангиз саркашлик билан: "Буни мен пайдо қилганим йўқ, шунинг учун қилавераман", - дея жавоб бериши мумкин. Шунда, унга Имом Муслимнинг “Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у рад қилинур” ривоятини келтирсангиз, бидъатчи учун узр-баҳоналарга ўрин қолмайди.

 

6. Ҳадиснинг мазмунидан қуйидаги нарса маълум бўлади:

Ким Ислом шариатига мувофиқ бўлмаган бирон бидъатга асос солса, бошқаларнинг гуноҳи унинг зиммасига юкланади, амали ўзига қайтарилади ва Аллоҳ таолонинг азоби ваъда қилинган кишилар қаторига киради.

 



[1] Фиқҳ фанида алоҳида муомалот боби мавжуд бўлиб, у бандалар ўртасидаги никоҳ, тижорат, ижара, шерикчилик, қарз бериш ёки олиш каби битим ва шартномаларнинг қоидалари тўғрисида баҳс юритади. (Таржимон).

[2] Асар – Салафи солиҳлардан ривоят қилинган сўзлар.

[3] Улар шундай қилинса, қуролга куч киради, кескирлашади деб эътиқод қилишарди. (Тарж.)

 

176 - عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2697، م 1718].

وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: «مَنْ عَمِلَ عمَلًا لَيْسَ عَلَيْهِ أَمْرُنَا فَهُوَ رَدٌّ». [م 1718، 18].

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

177. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида кўзлари қизариб, овозлари баландлаб, ғазаблари шиддатли тус оларди. Ҳатто «Олдингизга субҳидамдаёқ етиб келади! Олдингизга кечқурун етиб келади!» дея қўшиндан огоҳлантираётгандек бўлардилар. У зот икки бармоқларини – кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб, «Қиёмат билан мен мана шу иккисидек юборилдим», дердилар. У зот яна шундай дердилар: «Аммо баъд: энг яхши сўз Аллоҳнинг Китобидир. Энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг ёмони бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир». Кейин яна шундай дер эдилар: «Мен ҳар бир мўминга унинг ўзидан ҳам ҳақлироқман. Кимдан мол­ҳол қолса, аҳлига бўлади. Кимдан қарз ёки қаровчисиз оила қолса менга, менинг зиммамгадир».

Имом Муслим ривояти.

177 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ إِذَا خَطَبَ احْمَرَّتْ عَيْنَاهُ، وَعَلَا صَوْتُهُ، وَاشْتَدَّ غَضَبُهُ، حَتَّى كَأَنَّهُ مُنْذِرُ جَيْشٍ يَقُولُ: «صَبَّحَكُمْ وَمَسَّاكُمْ» وَيقُولُ: «بُعِثْتُ أَنَا وَالسَّاعَةَ كَهَاتَيْنِ» وَيَقْرُنُ بَينَ إِصْبَعَيْهِ؛ السَّبَابَةِ وَالْوُسْطَى، وَيَقُولُ: «أَمَّا بَعْدُ: فَإِنَّ خَيْرَ الْحَدِيثِ كِتَابُ اللهِ، وَخَيْرَ الْهَدْيِ هَدْيُ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَشَرَّ الأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلَّ بِدْعَةٍ ضَلَالَةٌ» ثُمَّ يقُولُ: «أَنَا أَوْلَى بِكُلِّ مُؤْمِنٍ مِنْ نَفْسِهِ، مَنْ تَرَكَ مَالًا فَلأَهْلِهِ، وَمَنْ تَرَكَ دَيْناً أَوْ ضَيَاعاً، فَإِليَّ وعَلَيَّ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [867].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

Ирбоз ибн Сориядан ривоят қилинган юқоридаги «Суннатни муҳофаза қилиш» бобидаги 164-рақамли ҳадисни ҳам бу бобга далил қилинади.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба қилаётган пайтларидаги ҳоллари ва хутбада айтадиган гапларидан баъзи намуналар келтирилмоқда.

Ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбаларини чин дилдан қилганлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилар эканлар, худди лашкарни жанг­дан олдин душмандан огоҳлантираётган аскарбошига ўхшаб, кўзлари қизариб, овозлари баланд, ғазаблари шиддатли бўлиб кетар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилиб ўз умматларини дунёнинг қийинчиликларига қарши курашга чорлар эдилар. Бу жангда ғолиб келиб, дунё ва охиратда ғалабага эришишга ҳозирлар эдилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбаларида  кишиларни қиёматнинг яқин қолгани билан огоҳлантирар ва ўзларининг Пайғамбар қилиб юборилганликлари ҳам қиёматнинг яқин қолгани аломати эканини айтиб, бунга икки бармоқларини бир-бирига жуфтлаб ишора қилиб кўрсатар эдилар.

Демак, хутба қилувчи хатибларимиз ҳам ўзлари гапираётган мавзу ила яшамоқлари, чин қалбларидан чиқариб гапирмоқлари керак. Шу билан бирга, хутбалари таъсирли бўлиши учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб таъсирли ишоралар, услубларни қўллашлари лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча хутбалари бошида ҳамду санодан сўнг:

«Албатта, гапнинг яхшиси Аллоҳнинг китобидир. ҳидоятнинг яхшиси Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир. ҳар бир бидъат залолатдир», дер эдилар.

Ушбу қисқа, пурмаъно сўзларни мўмин-мусулмонларга доимо эслатиб туриш лозим. Қолаверса, ҳар бир мусулмон бу муборак сўзларни  ёдлаб олиб, доимо такрорлаб юрмоғи керак.

Хатиблар эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб одамларга бу сўзларни тез-тез эслатиб туришлари лозим.

1. «Гапнинг яхшиси Аллоҳнинг китобидир».

Дунёда ундан яхши китоб йўқдир. Шунинг учун бандалар барча эътиборларини Аллоҳнинг китоби– Қуръони каримни ўрганишга ва унга амал қилишга қаратмоқлари лозим. Афсуски, бу нарсани ўрнига қўя олмаяпмиз. Кўпчилигимиз амал қилиш у ёқда турсин, Аллоҳнинг китобидан бир сўз ҳам билмаймиз. Билганларимиз эса жуда оз. Ўша озгина билганларимизга ҳам амал қилишга дангасамиз.

2. «Ҳидоятнинг яхшиси Муҳаммаднинг ҳидоятидир».

Дунёда бу ҳидоятдан яхши ҳидоят йўқ. ҳар бир инсон учун икки дунё бахт-саодати йўлини аниқ кўрсатиб берадиган ҳидоят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятидир. У зотнинг ҳидоятларидан бошқа икки дунё саодатини кўрсатишга даъвогарлик қиладиган нарса залолатдир.

Биз мусулмонлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб етмоғимиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини мукаммал ўрганишга, унга сидқидилдан амал қилишга ўтишимиз керак. Икки дунё саодатини бошқа томондан излашимиз залолат эканини тушуниб етмоғимиз лозим.

3. «Ишларнинг ёмони янги пайдо бўлганларидир».

Яъни, динда йўқ, бидъат сифатида янгидан пайдо бўлган нарса энг ёмон ишдир. Шунинг учун хурофий ишлардан қочиш керак. Ишларнинг энг ёмони ўшалар эканини асло унутмаслик керак.

4. «Ҳар бир бидъат залолатдир».

Бидъат Исломда йўқ нарсани Исломдан деб кўрсатиш бўлиб, у залолатдир, адашишдир. ҳар бир залолат эса дўзахга олиб боради. Мусулмонлар бу ҳақиқатни ҳам яхшилаб англаб олишлари лозим.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбаларида:

«Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўз жонидан ҳам қимматлиман. Ким мол тарк қилса, унинг аҳлигадир. Ким қарз ёки зое (бола) тарк қилса, менга ва менинг зиммамгадир», дер эдилар.

Энди ушбу гапларни таҳлил қилиб кўрайлик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун унинг ўз жонидан ҳам қимматлироқ эканлари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир мўминни ҳидоятга бошлашлари ва ҳалокатдан қутқариб қолишларидандир.

«Ким мол тарк қилса, унинг аҳлигадир».

Яъни, ким вафотидан кейин ортида молу дунёси қолса, уни ўз аҳли – меросхўрлари бўлиб оладилар.

«Ким қарз ёки зое (бола) тарк қилса, менга ва менинг зиммамгадир».

Яъни, ким вафот қилсаю ортидан қарз қолса, ўша қарзни узадиган одам бўлмаса ёки ёш болалар қолсаю уларни кафолатга оладиган одам ҳам бўлмаса, ўша қарз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳисобларидан, мусулмонларнинг Байтул молидан узилади. Ўша қаровсиз қолган ёш болалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки Байтул молнинг қаромоғига ўтадилар.

وَعَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ رضي الله عنه حَدِيثُهُ السَّابِقُ فِي بَابِ الْمُحَافَظةِ عَلَى السُّنَّةِ [برقم 164].


Улашиш
|
|
Нусха олиш