1873-ҳадис

1873. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Мўмин киши эҳтиёткор ва фатонатли бўлгани учун икки марта қоқилмайди.

Ушбу ҳадиси шариф Абу Изза Ал-Жумаҳий исмли мушрик шоир ҳақида айтилган эди. У мусулмонларга асир тушган пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бошқа ҳажв қилиб шеър ёзмаслик ҳақида сўз бергач уни озод қилиб юборган эдилар. У нобакор озод бўлгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган ваъдасини бузиб, одамларни яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши қайрай бошлади. У иккинчи бор мусулмонлар қўлига асир тушгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга “Муҳаммадни яна лақиллатиб келдим дейишингга йўл қўймайман. Мўмин киши бир тешикдан икки марта чақилмайди” дедилар ва уни ўлимга ҳукм қилдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан мўмин-мусулмон одам ўз ишини пухта бажариши, алданиб қолишга йўл қўймаслигини тушунамиз. Бир ишни охирини ўйламай кўр-кўрона таваккул қилиш шариати исломияни кўрсатмасига мувофиқ эмас. Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифдаги “тешик, ҳашорат чақиши, икки марта” лафзлари мажозийдир. Чунки айрим пайтлар мўмин-мусулмон одамлар ҳам алданиб қоладилар. Гоҳида эса такрор-такрор ҳам алданадилар. Бу ҳадиси шариф худди “Исломда зарар кўриш ҳам, бировга зарар етказиш ҳам йўқ” деган ҳадисга ўхшайди. Яъни, мўмин одам ҳам гоҳида зарар кўриб қолиши мумкин. Ёки кимгадир билиб-билмай зарар етказиб қўйиши ҳам мумкин. Бу ҳадисдаги асосий эътибор мўмин одам бошига тушган ҳодисалардан хулоса чиқариши керак, деган нуқтадир. Ҳар икки ҳадиси шарифда айтилган ҳолатга тушиб қолмаслик чораларини кўриб қўйиш кераклигини тушунамиз” дейдилар.

1873 - وَعَنْ أَبِي هُرَيْرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ مَرَّتَيْنِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6133، م 2998].

Улашиш
|
|
Нусха олиш