1875. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки пуфлашнинг ораси қирқдир», дедилар», деди. Эй Абу Ҳурайра «Қирқ кунми?» дейишди. У: «Билмадим», деди. «Қирқ йилми?» дейишди. У: «Билмадим», деди. «Қирқ ойми?» дейишди. У: «Билмадим», деди. Инсоннинг бирор нарсаси йўқки, чириб битмаса. Фақат биргина суяк мустасно бўлиб, у ажбуз-занабдир. Қиёмат куни хилқат ўшандан таркиб олади». «Кейин Аллоҳ осмондан сув туширади. Шунда улар (одамлар) ўтўлан каби униб чиқишади», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Ажбуз-занаб» – умуртқанинг энг сўнгги поғонасида, думғазада жойлашган учбурчак шаклдаги суякча бўлиб, седанадек келадиган уруғ. У инсоннинг уруғи ҳисобланади.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Инсоннинг бир суяги бор, ер уни ҳеч қачон еб битира олмайди. Қиёмат куни қайта яралиш ҳам ўшандан бўлади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у қайси суяк?» дейишди. У зот: «Ажбуз-занаб», дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Кўриниб турганидек, ушбу ҳадисда бу суяк фақат ерда чиримаслиги ҳақида гап боряпти. Демак, бу ҳадис думғаза суягининг оловда ҳам ёнмаслигига далил бўла олмайди. Баъзилар ушбу ҳадисни думғаза суяги қиёматга қадар бутун ҳолатда сақланиб қолади, яъни унинг ҳеч бир қисми ерда асло чиримайди, деб тушунганлар. Бироқ Пайғамбар алйҳиссалом ушбу суякнинг қанча қисмигина сақланиб қолиши ҳақида бошқа бир ҳадисда баён қилганлар:
Саъд ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Тупроқ инсондаги ажбуз занаб (думғаза суяги)дан бошқа ҳар бир нарсани ейди”. “Унинг мисли қандай, ё Расулуллоҳ?” дейилди. “Хантал уруғидек. (Қиёмат кунида инсон) ундан униб чиқади (қайта тирилади)”, дедилар.
Ушбу ҳадисда ҳам Пайғамбар алайҳиссалом думғаза суягининг тупроқда чиримаслигини баён қилиш билан бир қаторда, ушбу суякдан фақат хантал уруғидек қисми сақланиб қолиши, қиёмат кунида инсон ҳам худди шу уруғдан ўсимлик униб чиққандек қайта тирилишини баён қилганлар.
Aслида думғаза суяги катталик жиҳатидан хантал уруғидан анчагина катта: думғаза суяги – 2 сантиметр, хантал уруғи эса ундан деярли 20 баробаргача кичкина, яъни 1–2 миллиметр атрофида. Инсон вафот этгандан кейин унинг барча суяклари билан бир қаторда думғаза суяги ҳам бошқа суяклардан кечроқ бўлса-да чиришни бошлайди. Лекин ҳадисда зикр қилинганидек, думғаза суягининг аксар қисми чириб, хантал уруғичалик келадиган қисмигина сақланиб қолади. Чиримай қолган ушбу қисм шу даражада кичиклиги ва тупроққа қоришиб кетганлиги сабабидан одатда буни оддий кўз билан илғашнинг умуман иложи йўқ.
Юқоридаги ҳадислардан билиб олишимиз мумкинки, вафот этган инсоннинг думғаза суягидан хантал уруғидек келадиган қисми ҳеч қачон тупроқда чиримас экан. Ўз-ўзидан мабодо инсон ўтда куйдирилса, фаразан кислота ёки лавада эриб кетса ҳам, ундаги думғаза суягининг хантал уруғидек келадиган қисми йўқ бўлмайдими, деган савол туғилади.
Aввало айтишимиз керакки, хантал уруғи шу даражада кичкиналиги боис, инсоннинг думғаза суяги ўтда ёнган ёки эриган тақдирда ҳам кул ёки кукун ҳолида сақланиб қолиши мумкин. Фаразан сақланиб қолмаган тақдирда ҳам, Aллоҳ таоло инсонни усиз ҳам қайта тирилтира олиши бошқа оят ва ҳадисларда баён қилинган:
Ҳузайфа разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деб айтганларини эшитдим: «Бир киши қошига ўлим келиб, ҳаётдан умидини узгач, аҳлу аёлига: «Агар ўлсам, атрофимга кўп ўтин тўпланглар-да, ёқиб юборинглар. Сўнг ўтда гўштларимни ёндириб бўлиб, суякларимнинг ўзигина қолганда уларни олинглар-да, янчиб кукун қилинглар. Кейин, мени (кукунимни) иссиқ (ёки шамол бўлган) кунлардан бирида сочиб юборинглар!» – деб васият қилди. Сўнг, Аллоҳ таоло уни қайта таркиб топдириб: «Нечун бундай қилдинг?» – деди. У: «Сендан қўрққанимдан» – деди, Аллоҳ таоло уни мағфират қилди».
Юқоридаги ҳадисда инсоннинг барча суяклари (думғаза суяги ҳам) янчиб кукун ҳолга келтирилган тақдирда ҳам, Aллоҳ таоло инсонни қайта тирилтира олиши назарда тутилмоқда. Демак, ҳатто думғаза суягининг ҳам кукун ҳолатга келгунга қадар эзилиши мумкинлиги, бироқ Aллоҳ таоло усиз ҳам инсонни қайта тирилтиришга қодирлиги ҳадисда баён қилинмоқда.
1875 – وَعَنْهُ، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «بَيْنَ النَّفْخَتَيْنِ أَرْبعُونَ» قَالُوا يَا أَبَا هُرَيْرَةَ، أَرْبَعُونَ يَوْماً؟ قَالَ: أَبَيْتُ، قَالُوا: أَرْبعُونَ سَنَةً؟ قَالَ: أَبَيْتُ. قَالُوا: أَرْبَعُونَ شَهْراً؟ قَالَ: أَبَيْتُ «وَيَبْلَى كُلُّ شَيءٍ مِنَ الإنْسَانِ إلَّا عَجْبَ الذَّنَبِ، فِيهِ يُرَكَّبُ الْخَلْقُ، ثُمَّ يُنَزِّلُ اللهُ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً، فَيَنْبُتُونَ كَمَا يَنْبُتُ الْبَقْلُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4935، م 2955].