1880. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Юртларнинг Аллоҳга энг суюкли ери масжидларидир. Юртларнинг Аллоҳга энг ёқимсиз ери бозорларидир», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги масжидлар ва бозорларга нисбатан айтилган васфлар уларда содир бўладиган ишлар юзасидан айтилган.
Одатда масжидларда Аллоҳга ибодат қилинади, тиловату зикр, ваъз-насиҳатлар бўлади. Илм ўрганилади. Мусулмонларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, руҳий-маънавий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Умуман, икки дунё фойдасига оид ишлар бўлади.
Шунинг учун ҳам масжидлар Аллоҳ таоло энг яхши кўрган масканлардир. Шунинг учун ҳам масжид Аллоҳнинг уйи, дейилади. ҳар бир нарсанинг шарафи эгасининг шарафига қараб бўлади. Аллоҳнинг уйи бўлишдан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:
«Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир. Бас, ўз уйида таҳорат қилиб, Мени Ўз уйимда зиёрат қилган бандага хушҳоллик бўлсин. Зиёрат қилинган зиёрат қилувчини икром этиши ҳақдир».
Демак, масжидларга кўпроқ боришимиз, уларда кўпроқ ибодат қилишимиз, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишимиз лозим.
Масжидга бориб унда кўзда тутилган нарсадан бошқа нарса билан машғул бўлиш яхши эмас. У ерда ношаръий ишлар, гап-сўзлар умуман бўлмаслигига ҳаракат қилмоғимиз шарт.
Бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жойлардандир. Одатда, у ерда ёлғон, алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш каби ҳодисалар содир бўлади
Исломда савдо-сотиқ ишларида ҳалол бўлишга қаттиқ тарғиб қилинади. Алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш, савдо-сотиқда қаллоблик қилиш қаттиқ қораланади.
Ҳадисда бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жой тариқасида саналиши ҳам шу жумлага киради. Бозор бозор бўлгани учун эмас, унда ҳаром-хариш, ношаръий ишлар кўплиги учун шундоқ васфга эга бўлган. Шунинг учун мусулмонлар бозорда доимо эҳтиёт бўлишлари керак. Бозорга кирганда ҳам Аллоҳдан паноҳ сўраб кириш керак, юрганда ҳам паноҳ сўраб юриш керак.
1880 – وَعَنْهُ، عَنِ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَحَبُّ الْبِلَادِ إِلَى اللهِ مَسَاجِدُهَا، وَأَبَغَضُ الْبِلَادِ إِلَى اللهِ أَسْوَاقُهَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [671].