1883. Абу Масъуд ал-Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, одамларга етиб келган нубувват сўзларидан бири: «Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер», деган гапдир», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Ҳаё сифати бутун анбиёларда мавжуд бўлган сифатдир. Чунончи, ҳадиси шарифда келган, олдинги динлардан ислом динига ўтган нарса, бу ҳаёдир.
«Агар уялмасанг хоҳлаганингни қил!».
«Хоҳлаганингни қил» жумласида икки маъноси бор.
Биринчиси таҳдид маъносини билдиради.
Бошқа жойда «хоҳлаганингизни қилинг!», деб ҳам келган. Яъни «Сен хоҳлаганингни қилаверчи, ҳали танобингни тортиб қўямиз» маъносида.
Иккинчи маъноси, «мазаммат қилишда муболаға қилиш йўли».
Яъни «уялмайсанми шу ишни қилиб» маъносида келади.
Ҳаёнинг истилоҳий таърифи:
Ҳаё бандани айбли ишлардан тиядиган ҳис-туйғудир.
Чунончи: «Ҳаё, у билан айбланиш қўрқуви сабабли инсонни чулғаб оладиган кайфиятдир».
Яъни, ҳаё - бу, зиллату-расволик, шармандали ишлардан бандани тўсиб турадиган кайфиятнинг номидир.
Имом Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ дейди:
«Ҳаё бу – нафснинг бирор нарсадан сиқилиши ва уни тарк этишидир».
Аллома Роғиб Исфаҳоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
«Ҳаё нафснинг қабиҳ, ифлосликдан сиқилиши ва уни тарк қилишидир».
1883 - وَعَنْ أَبِي مَسْعُودٍ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ الأُولَى: إذَا لَمْ تَسْتَحِ فَاصْنعْ مَا شِئْتَ». رَوَاهُ البُخَاريُّ [6120].