1887. Яна у киши розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг дийдорини яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини яхши кўради. Ким Аллоҳнинг дийдорини ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини ёмон кўради», дедилар. Оиша: «Эй Аллоҳнинг Набийси! Ўлимни ёмон кўришми? Ҳаммамиз ҳам ўлимни ёмон кўрамиз-ку?» деган эди, у зот шундай дедилар: «Бу сен айтгандек эмас. Мўминга Аллоҳнинг раҳмати, розилиги ва жаннати ҳақида башорат берилса, у Аллоҳнинг дийдорини яхши кўради, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини яхши кўради. Кофирга Аллоҳнинг азоби ва ғазаби «башорат» берилса, у Аллоҳнинг дийдорини ёмон кўради, Аллоҳ ҳам унинг дийдорини ёмон кўради».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Одатда банданинг Аллоҳ таолога мулоқот бўлиши ҳақида гап кетса, ўлим тушунилади. Чунки ўлимдан кейингина банда Аллоҳга рўбарў бўлиши мумкин, холос.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким Аллоҳнинг мулоқотини яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унинг мулоқотини яхши кўради. Ким Аллоҳнинг мулоқотини ёқтирмаса, Аллоҳ ҳам унинг мулоқотини ёқтирмайди, деганларида ҳам эшитувчиларнинг хаёлига дарҳол ўлим келди. Ўлимни эса ҳеч ким яхши кўрмайди. Унда кўпчиликнинг ҳоли нима бўлади? Табиатида бор ўлимни ёмон кўришлик сифати туфайли Аллоҳ таолонинг ёқтирмаслигига учрайдими?
Шунинг учун ҳам Оиша онамиз ёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан бирлари: «Албатта, биз ўлимни ёқтирмаймиз», дедилар.
Бу гапда унда ҳолимиз нима бўлади, деган савол ҳам бор эди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гаплари ўлим тўғрисида эмас, ўлим ҳақ бўлганидан кейин бўладиган ҳолат ҳақида эканини баён қилдилар.
Ҳар кишига ўлим ҳозир бўлганидан кейин мўмин ёки кофир бўлишига қараб унинг олдида, нариги дунёда нима тургани ҳақида хабар берилар экан. Мўмин ўзини олдинда кутиб турган Аллоҳнинг розилиги ва карамига эришиш учун тезроқ Аллоҳга мулоқот бўлишини яхши кўрар экан. Аллоҳ ҳам унга тезроқ мулоқот қилиб уни мукофотлашни яхши кўрар экан.
Кофир эса ўлганидан кейин ўзини олдинда Аллоҳнинг азоби ва уқубати кутиб турганини билганидан кейин у томонга бориш, Аллоҳга мулоқот бўлишини ёқтирмай қолади. Ундоқ нобакор банданинг мулоқотини Аллоҳ таоло ҳам албатта ёқтирмайди.
1887 - وَعَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَحَبَّ لِقاءَ اللهِ أَحَبَّ اللهُ لِقَاءَهُ، وَمَنْ كَرِهَ لِقَاءَ اللهِ كَرِهَ اللهُ لِقَاءَهُ»، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَكَرَاهِيَةُ الْمَوْتِ؟ فَكُلُّنَا نَكْرَهُ الْمَوْتَ، قَالَ: «لَيْسَ كَذَلِكَ، وَلَكِنَّ الْمُؤْمِنَ إِذَا بُشِّرَ بِرَحْمَةِ اللهِ وَرِضْوَانِهِ وَجَنَّتِهِ أَحَبَّ لِقَاءَ اللهِ، فَأَحَبَّ اللهُ لِقَاءَهُ، وَإنَّ الْكَافِرَ إِذَا بُشِّرَ بِعَذَابِ اللهِ وَسَخَطِهِ، كَرِهَ لِقَاءَ اللهِ، وَكَرِهَ اللهُ لِقَاءَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2684].