1894-ҳадис

1894. Абу Сулаймон Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Муъта куни қўлимдаги тўққизта қилич синиб тугади. Қўлимда Яман шамширигина қолди».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу нега жанг майдонида шаҳид бўлиб вафот топмадилар?... Бундаги Аллоҳнинг ҳикмати нимада эди?

Зикр этилишича, аллома Абдулфаттоҳ Абу Ғудда Ҳиндистонга сафар қилган чоғлари, у ерда аллома, муҳаддис, ҳофиз, фақиҳ Муҳаммад Яъқуб Нанутавий билан учрашадилар.

Ўша суҳбатда Муҳаммад Яъқуб шайх Абдулфаттоҳга деди: “Холид ибни Валид розияллоҳу анҳунинг 120дан ортиқ маъракада қатнашгани, иссиқларнинг шиддати ва қиличлар сояси остида содиқлик ила Аллоҳнинг йўлида шаҳодат талабида бўлганига қарамай, тўшагида вафот этиши ҳикматини биласизми?”, деб сўрадилар.

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: “Йўқ, билмайман”, дедилар.

Шунда шайх Муҳаммад Яъқуб: “Уламоларимиз айтишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Холидни “Сайфуллоҳил маслул” – Аллоҳнинг яланғочланган, қиндан чиқарилган қиличи, деб лақаблаганлар. Агар у маъракада, жанг майдонида ўлдирилганида, яъни, гўёки, Аллоҳнинг қиличи синган бўлар эди. Аллоҳнинг қиличи эса ҳеч қачон синмайди. Агар Холид жангда ўлдирилганда одамлар, Сайфуллоҳ ўлди, қилич синди, демасликлари учун ҳам Аллоҳ таоло бу зотни тўшакларида (яъни, жангдан ташқари ўлим билан) вафот топтиришни ихтиёр қилди” дедилар.

Шайх Абдулфаттоҳ ўшанда: “Аллоҳга қасамки, шу фойданинг ўзиёқ Ҳиндистонга сафар қилишимга кифоя қиларли бўлди. Бундан бошқа фойда топмаган бўлсам ҳам, шу ҳикматни англаганим, билганим сафар қилишимга етарли асос бўларди”, деган эканлар.

1894 - وَعَنْ أَبِي سُلَيْمَانَ خَالِدِ بنِ الْوَلِيدِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قالَ: «لَقَدِ انْقَطَعَتْ في يَدِي يوْمَ مُؤتَةَ تِسْعَةُ أَسْيافٍ، فَمَا بقِيَ في يَدِي إِلَّا صَفِيحةٌ يَمَانِيَّةٌ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [4265].

Улашиш
|
|
Нусха олиш