1897-ҳадис

1897. Яна у киши розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким вафот этсаю, унинг зиммасида рўза (қазо)си бўлса, яқинлари ўша рўзани тутсин», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Бу ҳадисдан ўлган киши учун унинг яқинлари қазо рўзасини тутиб бериши жоизлиги тушунилади.

Яқинлари - меросхўрлар ёки меросхўр бўлмаганлар ҳамдир.

Шарҳ: Бир одам сафар ёки беморлик туфайли маълум кунлар рўзасини тута олмади ёки рўза тутишни назр қилдию тута олмай вафот қилди. Ана шунда, унинг зиммасидаги фарз ёки вожиб рўзани унинг валийи тутиб қўйса бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

«Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, онам вафот қилдилар. У кишининг зиммасида бир ойлик рўза бор. Унинг қазосини мен тутсам бўладими?» деди.

«Агар онангнинг қарзи бўлса, сен унинг номидан адо қилармидинг?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Бас, Аллоҳнинг қарзини адо қилмоқ муҳимроқ», дедилар».

(Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаръий ҳукмни тушунтириш учун банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги бурчини бошқа банда ҳузуридаги бурчига ўхшатиб таққосламоқдалар. ҳақиқатан ҳам онанинг бир бандадан қарзи бўлиб, ўз қарзини адо этмай туриб вафот қилса, қарзни фарзанд узади. Тутилмай қолган рўза ҳам онанинг Аллоҳ ҳузуридаги қарзи, уни бола адо этиши авлороқ. Онага бошқа қариндошлар ҳам қиёс қилинади. Ким зиммасида тутилмаган рўзаси бўлиб туриб вафот этса, қазосини маййитнинг валийи тутади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аёл келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, онам вафот этдилар. Унинг зиммасида назр рўзаси бор эди. У кишининг номидан мен рўза тутсам бўладими?» деди.

«Айтгин-чи, агар онангнинг қарзи бўлсаю, уни сен берсанг, у онангдан адо этилган бўлармиди?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Бас, онангнинг номидан рўза тутавер», дедилар».

(Икки Шайх ривоят қилган).

Бу ҳадисда ҳам деярли аввалги ҳадисдаги ҳолат такрорланмоқда. Фақат сўровчи аёл киши ва тутилмай қолган рўза назр рўза эканида фарқ бор. Демак, ўлган кишининг ортидан тутилмай қолган назр рўзаси ҳам тутилади. Қиз ўз онасининг тута олмай ўтиб кетган рўзасини тутса бўлади.

Ушбу уч ҳадисга имом Аҳмад ибн ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида амал қилинади.

Ҳанафий, Моликий ва Шофеъий мазҳабларида эса ўлган одамнинг номидан рўза тутгандан кўра, таом берган яхши, дейдилар. Чунки рўза намозга ўхшаш баданий ибодат бўлиб, уни ҳар бир шахс ўзи адо этиши керак. Бу ибодатни бировнинг номидан бошқа одам адо эта олмайди. Бу фикрни қўллаш учун ҳадислар ҳам бор. Қуйида улардан иккитаси ривоят қилинади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ўлсаю, унинг зиммасида ойнинг рўзаси бўлса, унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берсин», дедилар».

(Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган).

Бу ҳадисда эса, ўлган кишининг зиммасидаги рўзани соқит қилиш учун, тутилмай қолган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир мискинни тўйдирадиган таом бериш зарурлиги айтилмоқда.

1897 - وَعَنْهَا رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ مَاتَ وَعَلَيْهِ صَوْمٌ، صَامَ عَنْهُ وَلِيُّهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1952، م 1147].

وَالْمُخْتَارُ: جَوَازُ الصَّوْمِ عَمَّنْ مَاتَ وَعَلَيْهِ صَوْمٌ؛ لِهَذَا الْحَدِيثِ، وَالْمُرَادُ بِالْوَليِّ: الْقَرِيبُ، وَارِثاً كَانَ أَوْ غَيْرَ وَارِثٍ.

Улашиш
|
|
Нусха олиш