1901. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга тоатни назр қилган бўлса, Унга тоат қилсин. Лекин ким Унга осий бўлишни назр қилган бўлса, Унга осий бўлмасин», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ:
Шарҳ: «Назр» сўзи луғатда яхшилик ёки ёмонлик ваъда қилишни англатади. Унда огоҳлантириш маъноси бордир. Яъни, бир одам бирор ишни қилишини, албатта, лозимлигини ўзига огоҳлантириш бўлиши учун назр қилади.
Шариат истилоҳида эса, аслида шариат бўйича лозим бўлмаган, қурбат ҳосил қиладиган ишни ўша маънони англатувчи лафз билан ўзига лозим қилиб олишни «назр», деб аталади.
Мисол учун, «Аллоҳ учун минг сўм садақа қиламан» ёки «Аллоҳ учун уч кун рўза тутаман» кабилар.
Қуйидаги ояти каримада назрга вафо қилишлик аброр мўмин-мусулмон кишиларнинг сифати экани таъкидланмоқда.
«Назрга вафо қилурлар ва ёмонлиги кенг тарқаладиган бўлган Кундан қўрқурлар. Ва ўзлари бир таомни яхши кўриб турсалар ҳам мискинга, етимга ва асирга берурлар», деган (Инсон сураси, 7-8-оятлар).
Ушбу ҳадиси шарифдан иккита ҳукм чиқади:
1. Намоз ўқиш, рўза тутиш, садақа бериш каби Аллоҳ таолога тоат, ибодат ҳисобланган ишларни назр қилган одамга уларни амалга ошириш вожиб бўлади.
2. Намоз ўқимаслик, бировга ёмонлик қилиш каби Аллоҳ таолога осийлик ҳисобланган ишларни назр қилган одамга қилган назрини бузишлик ва каффорат беришлик вожиб бўлади.
1901 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ نَذَرَ أَنْ يُطِيعَ اللهَ فَلْيُطِعْهُ، وَمَنْ نَذَرَ أَنْ يَعْصِيَ اللهَ، فَلَا يَعْصِهِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [6696].