20-КИТОБ
20-боб Яхшиликка далолат қилиш ва ҳидоятга ёки залолатга чақириш баёни
20- بَابٌ فِي الدِّلَالَةِ عَلَى خَيْرٍ، وَالدُّعَاءِ إِلَى هُدًى أَوْ ضَلَالَةٍ
(20)
20-BOB

 20-боб. Яхшиликка далолат қилиш ва ҳидоятга ёки залолатга чақириш баёни

Аллоҳ таоло: «Сиз (одамларни ҳам ёлғиз) Парвардигорингизга (ибодат қилишга) чорланг» (Қасос сураси, 87-оят).

«(Эй Муҳаммад) Парвардигорингизнинг йўлидинига донолик-ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг» (Наҳл сураси, 125-оят).

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида сураси, 2-оят),

«Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган жамоат бўлсин» (Оли-Имрон сураси, 104-оят), деб айтган. 

20- بَابٌ فِي الدِّلَالَةِ عَلَى خَيْرٍ، وَالدُّعَاءِ إِلَى هُدًى أَوْ ضَلَالَةٍ

 

قَالَ تَعَالَى: {وَادْعُ إِلَى رَبِّكَ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوعِظَةِ الْحَسَنَةِ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَتَعَاوَنُوا عَلَى البِرِّ وَالتَّقْوَى}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَلْتَكُنْ مِنْكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ}.


(20)

180. Абу Масъуд Уқба ибн Амр ал-Ансорий ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга худди ўшани қилганнинг ажридек ажр бордир», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича эди.

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, уловсиз қолганини айтиб, улов сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончининг олдига бор», дедилар.

Бас, унинг олдига борди ва у улов берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ажр берилади», дедилар».

 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, уловсиз қолганини айтиб, улов сўради».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларида унга бериладиган улов йўқ экан, фалончининг олдига боргин, сенга улов берса ажаб эмас, деган маънода гап қилдилар. Ҳалиги улов сўраган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилган одамга борган эди, у улов берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир яхшиликка далолат қилса, унга ажр берилади», дедилар.

Бу ерда яхшиликка далолат қилувчи – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, яхшиликни қилувчи – улов берган одам. Улов берган одам қанчалик ажрга эга бўлса, уни бу яхшиликка далолат қилган зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам шунча ажр берилади.

Эҳтимол, бизда яхшиликка далолат қилиш яхши иш, деган тушунча бордир. Аммо бу ҳадиси шарифда баён қилинган руҳ йўқ. Агар бу ҳадисдаги руҳдан бир оз бўлганида эди, ичимизда яхшиликка далолат қилмайдиган одам қолмас эди.

Исломнинг яхшилик тарафдори эканини қаранг. Ният бобида яхшиликни ният қилган одамга уни қилмасидан олдин савоб ёзилиши айтилган эди. Бу ерда яхшиликни ният қилмаса ҳам, бошқа кишини яхшиликка далолат қилгани учун худди ўша яхшиликни қилувчидек савоб олиши айтилмоқда.

Бу эса сиз билан бизнинг доимо яхшиликка даъват қилувчилардан бўлишимизни тақозо қилади. Қаранг, динсиз, диёнатсиз, иймонсиз одамга калимаи шаҳодатни ўргатиб, уни иймонга далолат қилган одам қанчалар савобга эга бўлади?! Бир одам мўмин-мусулмон бўлиб қанча савоб топса, у ҳам ўшанча савобга эга бўлади! Бетавфиқ бўлиб, намоз ўқимай юрган одамни намозга далолат қилган одам ўша намозга кирган одам умр бўйи намоз ўқиб қанча савоб олса, шунча савобга эга бўлар экан. Бошқа ибодат ва яхшилик ишларга далолат қилишни ҳам шунга қиёс қилавериш мумкин.

Баъзи китобларда ушбу ҳадисни илмни етказиш вожиблиги ва унинг фазли ҳақидаги бобда келтиришган. Чунки кишиларга илмни етказиш яхшиликка далолат эканидандир. Яъни, бир одам бошқаларга илм ўргатса, яхшиликка далолат қилган бўлади. Ундан илм ўрганган одамлар қандай амал қилиб савоб олсалар, ўргатган устоз ҳам улар олган савоб миқдорида савоб олади.

Шунинг учун илм ўрганиш, бошқаларга илмини ўргатиш ўта савобли иш ҳисобланади. Бу хайрли иш орқали ҳеч ким эриша олмайдиган улкан савобларга эришиш мумкин.

Имом Байҳақий ва Абу Яълолар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга сахийлар сахийсининг хабарини берайми? Сахийларнинг сахийси Аллоҳдир. Мен одам боласининг энг сахийсиман. Мендан кейин сиздан энг сахийингиз, илм ўрганиб, илмини тарқатган одамдир. У қиёмат куни ёлғиз ўзи бир уммат бўлган ҳолида тирилтирилади. Ва жонини Аллоҳнинг йўлида сахийлик билан тутган кишидир», деганлар.

Бу ҳадисда уламолар сахийликда Аллоҳнинг йўлида жонини ҳам қизғанмаган шаҳидлардан ҳам сахийроқ қилиб васф этилмоқдалар.

Имом Ибн Можа Абу Зарр ал-ўифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Зарр! Эрталаб туриб Аллоҳнинг китобидан бир оят ўрганмоғинг сен учун юз ракат (нафл) намоз ўқиганингдан яхшироқдир. Эрталаб туриб амал қилингану қилинмаган илмдан бир боб ўқимоғинг сен учун минг ракат (нафл) намоз ўқиганингдан яхшироқдир», деганлар.

Шунчалик тарғиботдан кейин ҳам илмга қизиқмайдиган одам қолиши мумкинми?

180 - وَعَنْ أَبِي مَسْعُودٍ عُقبَةَ بْنِ عَمْرٍو الأَنْصَارِيِّ الْبَدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ دَلَّ عَلَى خَيْرٍ فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِ فَاعِلِهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1893].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

 181. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким яхшиликка чақирса, ўзига эргашганларнинг ажрича унга ҳам ажр ёзилиб туради ва бу уларнинг ажридан ҳеч нарсани камайтирмайди. Ким ёмонликка чақирса, ўзига эргашганларнинг гуноҳича унга ҳам гуноҳ ёзилиб туради ва бу уларнинг гуноҳидан ҳеч нарсани камайтирмайди».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадисда илм эгаллаб, кишиларни ҳидоятга чақирувчи бўлишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга, жоҳилликдан, кишиларни залолатга чақирувчи бўлишдан қайтарилмоқда.

«Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса, уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди».

Илмли киши бир тўғри, савобли ишга чақирса, у туфайли қанча одам ўша савобли ишни қилса, унга эргашганларнинг ажрича ажр бўлар экан, қолаверса, амал қилувчиларнинг савоби камайиб ҳам қолмас экан. Илмнинг фойдасини қаранг. Илмли кишига кишиларни ҳидоятга чақиргани учун берилган улкан савобга қўшимча равишда ўша чақириққа биноан қилинган амалларнинг барчасига берилган савобчалик савоб ёзилар экан. Модомики, у киши тарқатган илм бор экан, одамлар унга амал қилиб турар эканлар, илм эгаси вафот этиб кетса ҳам орқасидан савоби бориб турар экан. Шу билан бир вақтда, бунинг акси ҳам бўлиши мумкин.

«Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди»

Бир жоҳил одам кишиларни залолатга чақирса, улар жоҳилнинг ёмон чақириғи боис адашиб, залолатга кетишлари, гуноҳ қилишлари мумкин. Ана ўшанда залолат даъватчисига одамларни залолатга даъват қилгани учун оладиган гуноҳи устига унинг даъвати ила залолатга кетганларнинг амалига берилган гуноҳларнинг барчаси юкланар экан. Шу билан бирга, ёмон амал қилганларнинг гуноҳи камайиб ҳам қолмас экан.

Демак, ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи бўлиш учун уринмоғи лозим. Мусулмон киши одамларни залолатга, гуноҳ ишларга чиқирувчи бўлмаслиги керак. Агар яхшиликка даъват қила олмаса, яхшиликка даъват қилаётганларга эргашсин, уларга қўлидан келган ёрдамини берсин. Залолатга, ёмонликка даъват қилаётганлардан узоқда бўлсин, уларга хайрихоҳлик кўрсатмасин, одамларни ҳам улардан эҳтиёт бўлишга чақирсин.

Дарҳақиқат, Исломда бардавом савоб етказиб турадиган ишлардан бири илм ҳисобланади. Илм йўлида қилинган амал ҳеч қачон зое кетмайди. Балки бундан ўз эгасига унинг ўлимидан кейин ҳам савоблар етиб туради. Ушбу таълимотлар билан бобдаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида яна ҳам яқинроқ танишамиз.

Илмнинг асари боқий қолишини унутмайлик. Доимо илмга яқин бўлишга интилайлик, кишиларни ҳам шунга даъват қилувчилардан бўлайлик!

181 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ دَعَا إِلَى هُدًى كَانَ لَهُ مِنَ الأَجْرِ مِثْلُ أُجُورِ مَنْ تَبِعَهُ، لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئاً، وَمَنْ دَعَا إِلَى ضَلَالَةٍ كَانَ عَلَيْهِ مِنَ الإِثْمِ مِثْلُ آثَامِ مَنْ تَبِعَهُ، لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ آثَامِهِمْ شَيْئاً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2674].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

 182. Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни: «Мен бу байроқни шундай кишига бераманки, Аллоҳ унинг қўли билан фатҳ қилади, у Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўради, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳам уни яхши кўради», дедилар. Одамлар туни билан у кимга берилиши ҳақида гаплашиб чиқишди. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди. Ҳар ким унинг ўзига берилишини орзу қилар эди. У зот: «Алий ибн Абу Толиб қани?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг кўзлари оғрияпти», дейишди. «Унга одам юборинглар», дедилар. Уни етаклаб келишди. У зот унинг кўзларига туфлаб қўйиб, ҳаққига дуо қилган эдилар, шу заҳоти тузалиб, худди оғримагандек бўлиб қолди. Сўнг у зот байроқни унга бердилар. Алий: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз каби (мусулмон) бўлмагунларича уларга қарши жанг қилайми?» деди. У зот шундай дедилар: «Уларнинг майдонига кириб боргунингча шошилмай боргин. Кейин уларни Исломга чақиргин. Уларнинг зиммасига Аллоҳнинг ҳақларидан нималар вожиб бўлишини айтгин. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сен туфайли бир кишини ҳидоят қилиши қизил туяларинг бўлишидан афзалдир».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бирининг шоҳиди бўлмоқдамиз. Кўзлари қаттиқ оғриб қолган беморга дам солиб, дуо қилишлари билан худди кўрмагандек бўлиб тузалиб кетиши катта мўъжизадир. Бу иш ўша пайтда у зотнинг ҳар бир ҳаракатларини синчковлик билан кузатиб турган дўсту душманнинг орасида бўлганлиги билан ҳам эътиборга сазовордир.

Саодат замонининг энг сара мусулмонлари, жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Умари Одил ва Усмон Зуннурайни каби зотлар жамланиб турганларида, олдиндан улуғ васф қилиб қўйилган шахс мартабасига ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг танланишлари у кишининг фазллари қанчалик улуғ эканлигини билдиради.

Ушбу ҳадиси шарифдан яна бир улкан исломий ҳақиқатни, яъни, мусулмонлар фатҳ ишларини уруш учун эмас, кишиларни яхшиликка, Исломга чақириш учун олиб борганликларини англаб оламиз. Агар уруш қилиш ниятлари бўлганда, бу ишга Хайбар аҳли лойиқ эдилар. Ўша пайтда Хайбар Исломга ва мусулмонларга қарши халқ­аро марказга айланган эди. У ердан тинмай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши, Ислом жамиятига қарши турли иғволар ва ҳаракатлар чиқиб турган эди. Ўша кундан аввалги куни уруш ҳам бўлиб ўтган эди. Аммо шундоқ бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан байроқни олган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уларга қарши ўзларига ўхшагунча уруш қилишлари ҳақидаги масалани яна бир бор сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларни яна бир бор масалани тинч йўл билан ҳал қилишга, Исломга тарғиб қилишга иршод қилдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбар куни Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи, сен учун энг афзал неъматлардан кўра яхшироқдир», деган сўзлари мусулмонларнинг фатҳ ишларидаги шиори бўлиб қолган эди.


182 - وَعَنْ أَبي العَبَّاسِ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَوْمَ خَيْبَرَ: «لأُعْطِيَنَّ الرَّايَةَ غَداً رَجُلًا يَفْتَحُ اللهُ عَلَى يَدَيْهِ، يُحِبُّ اللهَ وَرَسُولَهُ، وَيُحِبُّهُ اللهُ وَرَسُولُهُ» فَبَاتَ النَّاسُ يَدُوكُونَ لَيْلَتَهُمْ أَيُّهُمْ يُعْطَاهَا، فَلَمَّا أَصْبَحَ النَّاسُ غَدَوْا عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، كُلُّهُمْ يَرجُو أَنْ يُعْطَاهَا، فَقَالَ: «أَيْنَ عَلِيُّ بْنُ أَبِي طَالِبٍ؟» فَقِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ هُوَ يَشْتَكِي عَيْنَيْهِ، قَالَ: «فَأَرْسِلُوا إِلَيْهِ» فَأُتِي بِهِ، فَبَصَقَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فِي عَيْنَيْهِ، وَدَعَا لَهُ، فَبَرأَ حَتَّى كَأَنْ لَمْ يَكُنْ بِهِ وَجَعٌ، فأَعْطَاهُ الرَّايَةَ، فَقَالَ عَلِيٌّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أُقَاتِلُهُمْ حَتَّى يَكُونُوا مِثْلَنَا؟ فَقَالَ: «انْفُذْ عَلَى رِسْلِكَ حَتَّى تَنْزِلَ بِسَاحَتِهِمْ، ثُمَّ ادْعُهُمْ إِلَى الإِسْلَامِ، وَأَخْبِرْهُمْ بِمَا يَجِبُ عَلَيْهِمْ مِنْ حَقِّ اللهِ تَعَالَى فِيهِ، فَوَاللهِ؛ لأَنْ يَهْدِيَ اللهُ بِكَ رَجُلًا وَاحِداً خَيْرٌ لَكَ مِنْ حُمُرِ النَّعَمِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 3701، م 2406].

قَولُهُ: «يَدُوكُونَ»: أَيْ يَخُوضُونَ وَيَتَحَدَّثُونَ، قَوْلُهُ: «رِسْلِكَ» بِكَسْرِ الرَّاءِ وَبِفَتْحِهَا لُغَتَانِ، وَالْكَسْرُ أَفْصَحُ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

183. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Асламлик бир йигит: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ғазот қилмоқчиман, лекин жиҳозланадиган нарсам йўқ», деди. У зот: «Фалончининг олдига боргин, у жиҳозланган эди, касал бўлиб қолди», дедилар. Унинг олдига бориб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга салом айтдилар ва жиҳозланган нарсаларингни менга беришингни айтдилар», деди. У: «Эй Фалона, унга жиҳозлаган нарсаларимни бергин, бирор нарсасини олиб қолмагин. Аллоҳга қасамки, ундан бирор нарсани олиб қолмасанг, сенга бунда барака бўлади», деди».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф яхшилик бобида катта қоидадир. Ким бир яхшиликка далолат қилиб, одамларни ўша ишга тарғиб этса, ўргатса, ўша яхшиликни қилган қанча савоб олса, унга далолат этган ҳам гаунча савоб олар экан. Уламо аҳли, устозлар, муршидлар, уламо ва муаллифлар бу борада пешқадам кишилардир, улардан таълим ва маълумот олганлар қилган яхшиликларига қанча савоб олсалар, улар ҳам шунча савоб оладилар, деганлар.

183 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ فَتًى مِنْ أَسْلَمَ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنِّي أُرِيدُ الْغَزْوَ وَلَيْسَ مَعِي مَا أَتَجَهَّزُ بِهِ؟ قَالَ: «ائْتِ فُلَاناً؛ فَإِنَّهُ قَدْ كَانَ تَجَهَّزَ فَمَرِضَ» فَأَتَاهُ فَقَالَ: رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يُقْرِئُكَ السَّلَامَ وَيَقُولُ: أَعْطِنِي الَّذِي تَجَهَّزْتَ بِهِ، فَقَالَ: يَا فُلَانَةُ؛ أَعْطِيهِ الَّذِي تجَهَّزْتُ بِهِ، وَلَا تحْبِسِي مِنْهُ شَيْئاً، فَوَاللهِ؛ لَا تَحْبِسِي مِنْهُ شَيْئاً فَيُبَارَكَ لَكِ فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1894].


Улашиш
|
|
Нусха олиш