23-КИТОБ
23-боб Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш баёни
23- بَابٌ فِي الأَمْرِ بِالْمَعْرُوفِ وَالنَّهْيِ عَنِ الْمُنْكَرِ
(23)
23-BOB

 23-боб. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш баёни

 

Аллоҳ таоло: «Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Оли Имрон сураси, 104-оят).

«(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят).

«(Эй Муҳаммад), марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг» (Аъроф сураси, 199-оят).

«Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар» (Тавба сураси, 71-оят).

«Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Исо ибн Марям тилида лаънатлангандирлар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилишлари нақадар ёмон иш» (Моида сураси, 78–79-оятлар).

«Айтинг, (Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин» (Каҳф сураси, 29-оят).

«Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг» (Ҳижр сураси, 94-оят).

«Бу гуноҳ ишдан қайтарган зотларга нажот бердик ва золим кимсаларни итоатсиз бўлганлари сабабли қаттиқ азоб билан ушладик» (Аъроф сураси, 165-оят), деб айтган.

Бобда оятлар кўп ва маълумдир.

23- بَابٌ فِي الأَمْرِ بِالْمَعْرُوفِ وَالنَّهْيِ عَنِ الْمُنْكَرِ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَلْتَكُنْ مِنْكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَونَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَونَ عَنِ الْمُنْكَرِ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاءُ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَونَ عَنِ الْمُنْكَرِ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُدَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ. كَانُوا لَا يَتَنَاهَونَ عَنْ مُنْكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُوا يَفْعَلُونَ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَقُلِ الْحَقُّ مِنْ رَبِّكُمْ فَمَنْ شَاءَ فَلْيُؤْمِنْ وَمَنْ شَاءَ فَلْيَكْفُرْ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {فَاصْدَعْ بِمَا تُؤْمَرْ}.

وَقَال تعالى: {أَنْجَينَا الَّذِينَ يَنْهَونَ عَنِ السُّوءِ وَأَخَذْنَا الَّذِينَ ظَلَمُوا بِعَذَابٍ بَئِيسٍ بِمَا كَانُوا يَفْسُقُونَ}. وَالآيَاتُ فِي البَابِ كَثِيرَةٌ مَعْلُومَةٌ.

وَأَمَّا الأَحَادِيثُ:


(23)

191. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Ким бир мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бундай қила олмаса, тили билан, буни ҳам қила олмаса, қалби билан (норози бўлсин). Лекин бу иймоннинг энг заифидир», деб айтганларини эшитдим.

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Бошқа муҳаддислар бу ҳадиси шарифни кўпроқ амри маъруф ва наҳйи мункар бобида келтирадилар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмон кишининг мункар, Ислом дини томонидан инкор қилинган ишларга нисбатан муносабатига қараб иймони кучли ёки заиф бўлишини баён қилмоқдалар.

«Мункар иш» деганимиз дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон ишни билдиради. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:

1. «Мункар ишни қўли билан қайтариш».

Бу куч ишлатиб, деган маънони билдиради. Яъни, бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна, мункарни қайтаришдан олдин, ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.

2. Мункар ишни тили билан қайтариш.

Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам, сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.

3. Мункар ишни дили билан қайтариш.

Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди, дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилур. Бу эса, энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса, ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар.

Аллоҳ хоҳласа, «Амри маъруф ва наҳйи мункар» бобида бу ҳақида батафсил сўз юритамиз. Ушбу бобда эса, ёмонликни инкор қилиш иймонга тааллуқли иш эканини яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса, шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча, ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз керак. Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда иймон билан иши йўқ, иймон қадрланмайдиган жамиятда, ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз. Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини–Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз. Ана шундагина нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз. Ана ўшандагина, нима учун мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз.

 

 

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

 

1. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг мазкур ҳадисни ривоят қилишлари.

Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: Ҳайит куни хутбани намоздан олдин биринчи бўлиб бошлаган киши Марвон бўлди. Шунда бир киши ўрнидан туриб, деди:

- Хутбадан олдин намоз ўқилади!

- У нарса тарк қилинди! - деб жавоб берди Марвон. “Ўша одам ўз бурчини адо этди”, - дедилар Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу - Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Қай бирингиз бирон ёмонликни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин...” (Муслим ривоятлари).

Бухорий ва Муслим ривоят қилган бошқа бир ривоятда Марвоннинг қўлидан тортқилаб, юқоридаги сўзни айтган киши сифатида Абу Саид разияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳикоя қилинади ва Марвон уларга “У нарса тарк қилинди!” деб жавоб беради.

Эҳтимол, ҳалиги киши биринчи бўлиб гапиргандир. Сўнг мункарни қўл билан ўзгартириш мақсадида Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу сўз олган бўлишлари мумкин. Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир!

 

2. Ботил аҳлига қарши курашмоқ.

Ҳаёт яратилганидан буён ҳақ билан ботил яшаб келмоқда. Диллардаги иймон шуъласи ўчиб қолмаслиги учун Аллоҳ таоло Пайғамбарлар юбориб турди. Улар иймон чўғини пуфлаб, қайтадан аланга олдирдилар. Пайғамбарларнинг содиқ издошлари ҳар доим ҳар ерда Ҳақ ҳимоясида эдилар. Албатта бундай пайтларда ботил аҳли бошини эгиб яшашга мажбур бўларди. Бироқ қулай фурсат келиши билан улар яна фисқу фасод тарқатишга киришардилар. Оқибатда Ҳақнинг холис мухлислари ёмонликнинг олдини олиш учун ҳам тил билан, ҳам қўл билан ҳаракат қилиб майдонга чиқишар эди. Иймон эгалари ҳеч қачон ёвуз, сохта маъбудлар тантанасига жим қараб турмаганлар! Фақат иймон нуридан маҳрум бўлган ва ҳаёти дунёда хорликни, Охиратда эса аламли азобни ўзларига насиба қилиб олган шўрпешоналаргина золимларга таъзим қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мендан аввал Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳар бир Пайғамбарнинг фидойи ёрдамчилари ва асҳоблари бўлган. Улар ўз Пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юришган. Булар кетидан кейинги авлод келади. Улар ўзлари қилмайдиган ишларни гапиришади. Буюрилмаган ишларни қилишади. Кимки уларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши тили билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши қалби билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқ!” (Муслим ривоятлари).

 

3. Мункардан қайтармоқ.

Ҳар бир мусулмон учун ёмонликнинг олдини олмоқ вожибдир. Киши имкон қадар мункар амални тўсмоғи, уни ўзгартирмоғи лозим. Мўминлар қурблари етганича қўл, тил ва қалб билан мункарга қарши курашадилар.

а) Қалб билан инкор қилмоқ.

Яхши-ёмонни фарқламоқ ва мункар ишни қалбдан инкор этмоқ ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарзи айндир. Қалбида яхшини яхши, ёмонни ёмон деб билмаган кимса ҳалокат жарига қулайди. Ҳатто қалбида ҳам мункарни инкор этмаслик кишининг иймондан маҳрум бўлганига далолат қилади.

Али разияллоҳу анҳу дедилар: “Сизлар энг биринчи мағлуб бўладиган жиҳод қўлларингиз билан қиладиган жиҳоддир! Сўнг тилларингиз жиҳоди, сўнг қалбларингиз жиҳоди... Қачон инсон қалби яхши нарсани тан олмай қўйса, бу уни ўзгартириб, остин-устин қилиб юборади!” Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бир кишининг “Кимда-ким яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармас экан, ҳалок бўлур!” деган сўзларини эшитиб, шундай дедилар: “Қалбида яхши-ёмонни танимаган кимса ҳалок бўлур!”

б) Инсон ҳеч нарса қила олмаса, мункарни қалби билан инкор этади.

Киши мункар амални қўли ёки тили билан инкор эта олмаса, уни қалби билан ёмон кўриб, зиммасидаги масъулиятни адо этади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: “Қай бирингиз узоқроқ умр кўрса, (шундай замонларни кўрадики,) бирон мункар ишни кўрганда, унинг шу мункарни ёмон кўришини фақат Аллоҳ таоло билади, холос. Банданинг қўлидан бошқа ҳеч нарса келмайди”.

Инсон ўзи ёки молига нисбатан унинг бардоши етмайдиган даражада зарар тегишидан хавфсираса, ожиз саналади. Бироқ шундай зарар келади, деган кучли гумон ғолиб бўлмаса ҳам мункарни инкор этмай қўйса, қалбда норози бўлиб туриш билан зиммасидаги вожиб юкидан халос бўлмайди. Яъни, киши ўзини бехавотир сезган заҳоти мункарга қарши қўли ёки тили билан курашмоғи лозим.

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло Қиёматда бандасидан “Мункар ишни кўрганингда, уни инкор этишдан нима тўсди?”, деб сўрайди. Аллоҳ банданинг тилига хужжатини солса, у айтади: “Парвардигорим! Мен Сендан умидвор бўлдим ва одамлардан ажралдим!” (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).

 

в) Маъсиятга рози бўлмоқ гуноҳи кабирадир.

Маъсиятга қалбида рози бўлган кимса, ўша маъсиятнинг устида бўлган-бўлмаганидан қатъиназар, улкан гуноҳга қўл урган ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ер юзида бирон маъсият қилинса, унинг шоҳиди бўлиб, ўша гуноҳни ёмон кўрган киши, (бир ривоятда “инкор этса” дейилган) бамисоли гуноҳ-маъсиятни кўрмаган кишидек бўлади. Бирон маъсиятнинг шоҳиди бўлмаса-да, унга рози бўлган кимса худди гуноҳ-маъсиятнинг шоҳиди кабидир”.

Яъни, маъсиятни қўли ёки тили билан ўзгартишга қодир бўлмаган мусулмон уни қалбидан ёмон кўрса, бамисоли ўша маъсиятни кўрмаган кишидек унга жавоб бермайди. Бироқ гуноҳга розилик кўзи билан боқмоқ қалб инкорини ҳам йўққа чиқаради. Маълумки, маъсиятни ҳеч бўлмаса қалбда ёмон кўриш фарзи айн ҳисобланади.

 

г) Маъсиятни қўл ёки тил билан инкор қилиш икки хил бўлади:

Фарзи кифоя

Бирон маъсият-мункар ишни мусулмонларнинг бир жамоаси кўрса ёхуд эшитса, ушбу маъсиятни инкор этиш уларга вожиб бўлади. Агар жамоатдан бир киши шу ишни амалга оширса, қолганлар устидан масъулият соқит бўлади. Аммо мункарни қайтариш ёки ўзгартиришга уларнинг ҳеч бири ҳеч қандай сабабсиз эътибор бермаса, барчалари бирдек гуноҳкор бўладилар. “Ораларингиздан яхшиликка даъват қиладиган, амри маъруф ва наҳий мункар қиладиган бир жамоат бўлсин!” (Оли Имрон, 104-оят).

 

Фарзи айн.

Бирон мункарни эшитган-кўрган киши агар уни ўзгартиришга ёки тўхтатишга қодир бўлса, мазкур вазифа унинг зиммасига тушади. Шунингдек, маъсиятни бир гуруҳ мусулмонлар кўрган-эшитган бўлсалар ҳам уни ўзгартириш ёки тўсиш фақат битталарининг қўлидан келса, айни вазифа айнан ўша қодир мусулмоннинг зиммасига тушади. Агар у қодир бўла туриб маъсиятнинг олдини олмаса, гуноҳкор саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қай бирингиз бирон гуноҳ-маъсиятни кўрса...” дедилар. Яъни, ундан бошқа киши шу маъсиятни кўрмаган. Хабардорлик ва қодирлик ҳам кўрмоқ билан баробар.

 

4. Қурби етса ҳам гуноҳ-маъсиятдан қайтармаслик оқибатлари.

Агар мункар ишларнинг олди олинмаса, ер юзида фасод-бузғунчилик авж олиб, зулм тантана қилади. Яхшилар хор, ёмонлар азиз бўлади. Фазилату эзгулик барҳам топиб, жабру разолат кенг қулоч ёяди. Оқибат ҳамманинг устига Аллоҳ таолонинг ғазаби келади! “Бани Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлангандир. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир. Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишлардан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!” (Моида сураси, 78-79-оятлар).

Абу Бакр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир қавм орасида гуноҳ-маъсиятлар қилинсаю, улар ўзгартишга қодир бўла туриб, маъсиятларни ўзгартирмасалар, Аллоҳ таоло улар устига умумий жазо-азоб жўнатишига сал қолади”. (Абу Довуд ривоятлари).

Жарир разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир қавм орасида бир киши маъсият ишларни қилсаю, қавм уни ўзгартиришга қодир бўла туриб ўзгартирмаса, Аллоҳ таоло улар устига ўлмасларидан олдин азоб юборади”.

Адий ибн Умайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деяётганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло хос (бир тоифа) кимсалар қилмиши сабабли оммани азобламайди. Бироқ одамлар ён-атрофларида қилинаётган мункарни кўриб туриб, уни инкор этишга қодир бўлсалар ҳам инкор этмасалар, Аллоҳ таоло оммани ҳам, хос кимсаларни ҳам азоблайди!” Бир ривоятда: “Агар мункар иш ошкора қилинса, ҳаммалари азобга ҳақли бўлади...” дейилган.

Ушбу мавзуни лўнда ва қойилмақом ёритиб берадиган мана бу ажабтовур масалга эътибор қаратинг-а: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ ҳудудида қоим банда билан мазкур ҳудудларни бузувчи кимсанинг мисоли бир кемага бўлиниб жойлашган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг тепа қисмидан, баъзиларига эса пастки қисмидан жой тегди. Пастда жойлашганлар сув ичмоқчи бўлсалар, тепадагиларга мурожаат қилишарди. Кейин улар шундай дейишди:

- Ўзимиз учун шу ердан бир тешик очиб олсак тепадагиларни ҳам қийнаб ўтирмасдик.

Агар тепадагилар уларни ўз билганларига ташлаб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади. Агар пастдагиларнинг қўлидан тутиб қолишса, ўзлари ҳам, улар ҳам омон қолишади”. (Бухорий ривоятлари).

Жамиятда содир этилган ҳар бир маъсият ушбу жамият хавфсизлигига хатар солувчи бир тирқишдир!

 

5. Нотўғри тушунчалардан йироқ бўлмоқ.

Кўпчилик мусулмонлар мункарга қарши турмасликларини турли баҳоналар билан оқлашга уринишади. Улар ўзларича Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини ҳужжат сифатида келтиришади: “Эй мўминлар, ўзингизни билингиз. Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашганлар сизларга зарар етказа олмайди”. (Моида, 105-оят).

Агар тўғри фаҳмланса, ушбу оят ҳам мункарни инкор қилишга буюраётгани аён бўлади.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу дедилар: “Эй одамлар, сизлар ушбу оятни ўқиб, уни нотўғри талқин қиласизлар. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини эшитганмиз: “Одамлар золимни кўриб туриб, унинг қўлидан тутмасалар, Аллоҳ таоло ҳаммаларини азобга гирифтор қилишига сал қолади!” (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

“Саҳиҳи Муслим” шарҳида имом Нававий ёзадилар: “Муҳаққиқ олимлар наздида ушбу оятнинг тўғри маъноси қуйидагича: Модомики, сизлар ўз устларингиздаги вазифани адо этаркансизлар, ўзгаларнинг қосирликлари сизларга зарар бермайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига ўхшайди: “Ҳеч бир кўтарувчи ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас”. (Анъом, 164-оят). Албатта амри маъруф ва наҳий мункар ҳам мукаллафнинг[1] вазифалари қаторига киради. Банда ёмонликдан қайтариш билан ўз вазифасини адо этган бўлади. Ёмоннинг ёмонликдан қайтмаганига у жавоб бермайди. Наҳий мункар қилиш билан унинг иши тугайди. Валлоҳу аълам!”

 

6. Катта зарар юзага келишидан қўрқиб наҳий мункарни тарк қилмоқ.

Инсон мункарнинг олдини олишга қодир бўлса ҳам айни мункардан каттароқ ёмонлик келиб чиқишидан қўрқса, “Икки зарарнинг енгилроғи танланади” деган аслий қоидага биноан унинг устидан вожиб соқит бўлади. Фақат наҳий мункар ортидан келадиган ёмонлик киши наздида нақд бўлиши шарт. Арзимас гап-сўзлар ёки турли ваҳима-васвасалар вожибни тарк қилишига сабаб бўла олмайди. Мукаллаф назарида деярли аниқ бўлган улкан зараргина шаръий узр ўрнига ўтади.

 

7. Амри маъруф ва наҳий мункарга қулоқ солмайдиган кимсага ҳам насиҳат қилинаверади.

Мусулмон киши бир банданинг насиҳатни қабул қилиш-қилмаслигидан қатъиназар, уни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтараверади. Олимлар бу билан мукаллаф ўз зиммасидаги вожибни адо этган бўлади, дейишади. Чунки ундан насиҳатни қабул қилдириш эмас, фақат етказиб қўйиш талаб этилган. Биз юқорида Имом Нававийнинг сўзларини келтириб ўтган эдик. “Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос”. (Ғошия сураси, 21-оят). “Сизнинг зиммангизда фақат етказиш бор, холос”. (Шўро сураси, 48-оят). “Панд-насиҳат қилинг! Зеро у панд-насиҳатлар мўминларга наф етказур”. (Зориёт, 55).

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг “ўша одам ўз устидаги вазифани адо этди”, деган сўзлари ҳам шу маънода эди.

Ҳаддан ошган қавм Аллоҳ ман этган шанба кунида балиқ овларди. Золим қавм насиҳатга қулоқ солмаслигини билсалар-да, солиҳ инсонлар уларга панд-насиҳат қилдилар. “Ўшанда бир жамоат: “Не сабабдан Аллоҳнинг ўзи ҳалок этадиган ёки қаттиқ азоблайдиган қавмга панд-насиҳат қилурсизлар?” деганларида, улар айтдилар: “Парвардигорингизга (Қиёмат кунида) узримизни айтиш учун ва шояд (улар) Аллоҳдан қўрқсалар, деб (насиҳат қилмоқдамиз)”. (Аъроф, 164-оят).

Амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан ўзларини четга тортадиган айрим кишилар “Ўзингни қийнама. Гапирган билан фойдаси йўқ!” деб бошқаларни ҳам вожиб амаллардан тўсадилар. Улар қуйидаги ояти каримани ҳужжат қилиб келтиришади: “Аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз”. (Қасос сураси, 56-оят).

Ахир бу оят Абу Толиб хусусида нозил бўлган-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларини ҳамиша Исломга даъват қилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдилар. Бироқ Абу Толиб сўнгги нафасигача ширкдан қайтмади. Ҳимоячилари ва ёрдамчилари бўлмиш Абу Толибдан айрилиб қолган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло тасалли бериб, юқоридаги оятни нозил этди. Яъни: “Сиз ўзингиз хоҳлаган кишининг қалбига иймон-ҳидоят ўрнаштира олмайсиз!” Аллоҳ таоло Пайғамбарини амри маъруф ва наҳий мункар қилишдан қайтармаган. Аксинча... “Албатта сиз тўғри йўлга етаклайсиз!” (Шўро сураси, 52-оят); “Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (Ҳақ даъватини) ошкора қилинг!” (Ҳижр сураси, 94-оят).

 

8. Ҳақ сўзни айтишдан чўчиманг!

Мусулмон киши ўзи тоқат қила оладиган моддий-маънавий зарар-азиятларга парво қилмасдан, одамларнинг маломат қилишлари, яккалаб қўйишлари ва масхараларидан чўчимасдан ва қаршисидаги банданинг обрў-эътибори, мансаби ёки бойлигидан ҳайбатга тушмасдан, ҳикмат билан муносиб сўзларни топиб, амри маъруф ва наҳий мункар қилмоғи лозим.

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хутбаларида бундай дедилар: “Огоҳ бўлинглар! Одамларнинг ҳайбати ҳақни билган кишини ҳақни айтишдан тўсмасин!”.

Абу Саид разияллоҳу анҳу йиғлаб, дедилар: “Биз қанча нарсаларни кўриб, гапиришга ботинолмадик!” (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Имом Аҳмад ривоятларида қуйидагича қўшимча ҳам бор: “Ҳақнинг айтилиши ёки улкан нарсанинг зикр этилиши билан ажал яқинлашиб ҳам қолмайди, ризқ узоқлашиб ҳам кетмайди!”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Ҳеч бирингиз ўзини камситмасин!”

- Ё Расулуллоҳ! - дейишди саҳобалар - қандай қилиб биз ўзимизни камситишимиз мумкин?

- Сизлардан кимдир Аллоҳ амри-буйруғини кўради (билади). Айни масалада (яъни шу амрга хилоф иш қилинаётганда) уни ўзгартириш учун гапириш керак эди. Бироқ у ҳеч нарса демайди. Аллоҳ таоло ундан “Фалон-фалон ўринда сени гапиришдан нима тўсди?”, деб сўрайди.

- Одамлардан қўрқдим, - дейди у. Аллоҳ таоло айтади:

- Сен Мендан қўрқишинг керак эди! (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).

Уламолар шарҳлайдилар: “Бу ерда қуруқ қўрқув-ваҳима назарда тутилаяпти. Чунки мусулмон киши инсон тоқат қила олмайдиган молиявий ёхуд маънавий зарар сабабли ёмонликни инкор қилмаса, узрли саналади”.

 

9. Раҳбарларга амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ.

Амри маъруф ва наҳий мункар бутун уммат устидаги вожибдир. Уммат раҳбарлар ва фуқаролардан таркиб топган. Демак, ҳар икки томон бир-бирларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб турмоғи лозим. Раҳбарлар гуноҳ-маъсиятга берилсалар, қодир кишилар қўллари ва тиллари билан уларни тўғрилаб қўйсинлар. Зулм ва мункар амалларнинг йўлини тўссинлар.

Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: Мен Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан сўрадим:

- Султонни яхшиликдан буюриб, ёмонликдан қайтарайинми?

- Агар сени қатл қилишидан қўрқсанг, панд-насиҳат қилма! - деб жавоб бердилар Ибн Аббос разияллоҳу анҳу.

Мен ушбу саволни икки маротаба такрорладим. У киши ҳар гал бир хил жавоб бердилар. Кейин:

- Агар панд-насиҳат қилишинг зарур бўлса, яккама-якка гаплаш! - дедилар Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу.

Имом Товус айтадилар: “Бир киши Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ҳузурларига келиб, деди:

- Шу султоннинг олдига чиқиб, унга амри маъруф ва наҳий мункар қилайми?

- Унинг учун фитна бўлма! - дедилар Ибн Аббос разияллоҳу анҳу.

- Султон мени маъсият ишга буюрса-чи?

- Буни назарда тутаётганмидинг? Ундай чоғда эркак бўл!”

Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа бўлиб кўтарилганларида раҳбар учун ҳам, раият учун ҳам фойдали бўлган қуйидаги насиҳатни айтган эдилар: “Сизларга халифа бўлдим. Ҳолбуки, мен орангиздаги энг яхши инсон эмасман. Агар ишни тўғри олиб борсам, менга кўмак беринглар. Нотўғри олиб борсам, мени тўғрилаб қўйинглар. Модомики, сизларнинг устингизда Аллоҳга итоат қилар эканман, сизлар ҳам менга итоат этинглар. Агар Аллоҳга осий бўлсам, менга бўйсунманглар!»

Раиятнинг панд-насиҳат қилиши, раҳбарларнинг қулоқ осиши лозимлиги хусусида Умар разияллоҳу анҳу қуйидагича намуна кўрсатганлар. Бир киши Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳуга “Эй Умар, Аллоҳдан қўрқ!” деб қўпол гапирди. Султонга яхши кўриниб, унга яқинлашиб олишни истаган бир кимса ушбу қулай фурсатдан фойдаланмоқчи бўлиб, деди:

- Амирулмўмининга силлиқроқ гапир!

- Агар (панд-насиҳат) калимасини айтмасангизлар, сизларда яхшилик йўқ. Агар панд-насиҳатни қабул қилмасак, бизларда яхшилик йўқ! - деб жавоб бердилар Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу.

Аллоҳ таоло Ислом раҳбарларини ана шундай нодир шахслар сийратига иқтидо этгувчилардан қилсин!

 

10. Панд-насиҳат қилиш фитна қўзғаш эмас.

Мункарни ўзгартириш деганда қурол кўтариб чиқиш тушунилмайди. Чунки қўлларнинг қиличга югуриши фитна келтириб чиқариши ва кўп ноҳақ қонлар тўкилишига сабаб бўлиши мумкин. Мусулмонлар чиройли панд-насиҳат қилиб бир-бирларини ўнглайдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Дин насиҳатдир!

- Ким учун Ё Расулуллоҳ! - сўрашди саҳобалар.

- Аллоҳ, Унинг Китоби, Пайғамбари, мусулмонлар раҳбари ва оммаси учун! - дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Муслим ривоятлари).

Аллоҳ китоби учун насиҳат - унга амал қилмоқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун насиҳат - суннатни маҳкам тутмоқ, Ислом раҳбарлари ва оммаси учун насиҳат эса уларнинг бир-бирларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришларидир! “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни ато этадилар. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур! Шак-шубҳасиз Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир”. (Тавба, 71-оят).

 

 

11. Ҳикмат билан панд-насиҳат қилмоқ.

“Парвардигорингизнинг йўли-динига ҳикмат ва чиройли мавъиза билан даъват қилинг!” (Наҳл сураси, 125-оят).

Буюрилаётган ва қайтарилаётган иш турига ёки қайтарилаётган киши ҳолатига қараб юмшоқ ёки қаттиқ тарзда панд-насиҳат қилинади. Яъни, қайси услуб кўзланган мақсадга тезроқ ва яхшироқ етказса, ўша йўл маъқул топилади. (Эй Мусо ва Ҳорун), сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, Чунки у ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар. Шояд, панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса!” (Тоҳо, 43-44-оятлар).

“Эй Пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг!” (Тавба, 73-оят).

Шу боис амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи киши, хусусан, қуйидаги сифатларга эга бўлмоғи шарт: мулойимлик, ҳалимлик, адолатпарварлик ва илм.

Суфён Саврий айтадилар: “Қуйидаги учта сифатга эга бўлмаган кимса панд-насиҳат қилмасин: буюраётган нарсасида ҳам, қайтараётган нарсасида ҳам мулойимлик; буюраётган нарсасида ҳам, қайтараётган нарсасида ҳам адолатли бўлмоқ; буюраётган ёки қайтараётган нарсасини яхши билмоқ”.

Имом Аҳмад айтадилар: “Одамлар муросаю мадорага, мулойимликка муҳтождирлар. Амри маъруф ҳеч вақт қўрслик билан қилинмайди. Фақат фисқу фасодни ошкора қилувчига қаттиқ муносабатда бўлинади”. Чунки у ҳурматга лойиқ эмас.

Имом Аҳмад бундай дедилар: “Даъватчи мулойимлик ва хокисорлик билан буюради. Агар одамлар унга ёқимсиз сўзни айтсалар, аччиқланмайди. Акс ҳолда ўзи учун ўч олган бўлиб қолади”.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу асҳоблари бирон қавм ёнидан ўтаётиб, улардан кўнгилсиз нарсаларни кўрсалар, “Секинроқ, Худо хайрингизни берсин, секинроқ!” дер эдилар.

 

12. Сабр-тоқат билан панд-насиҳат қилмоқ ва бу йўлда етган озор-азиятларни кўтармоқ.

Ибн Шубрума айтадилар: “Амри маъруф ва наҳий мункар худди жиҳод кабидир. Бу ўринда ҳам бир шахс икки киши қаршисида сабот билан турсин. Панд-насиҳат қилувчининг икки кишидан қўрқиб қочмоғи ҳаром. Бироқ бундан ортиғига сабр қилмоғи вожиб эмас. Албатта оғир бўлса-да, азиятларга сабот билан туриб бермоқ янада афзал”.

Имом Аҳмад ҳам шуни таъкидлаганлар. “Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балоларга) сабр қил!” (Луқмон сураси, 17-оят).

Бировдан дашном ёки ҳақорат эшитиш хавфи мункарни қайтариш бурчини зиммадан соқит қилмайди.

 

13. Аллоҳ йўлида азият чекмоқ азизликдир!

Аллоҳ учун амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи одам жоҳилларнинг озорлари билан хорланиб қолмайди. Билъакс, бу ҳақиқий мукаррамлик, дунёю Охират азизлиги ва Аллоҳ йўлидаги энг улуғ шаҳидликдир!

Имом Аҳмаддан сўрашди:

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўмин ўзини хорламасин!” (яъни, тоқатидан ташқари бало-мусибатларга ўзини урмасин!) - деганмилар?!

- Бу бошқа нарса”, - деб жавоб бердилар имом Аҳмад.

Яъни, келадиган озорга чидай олмаслигини билган мўмин мункар ишни фақат қалбида ёмон кўради ва саломат қолади. Ўзининг бунга бардош бера олишини билган мўмин эса мункар қаршисида жим турмайди. Биз ана шундай қатъиятли шахслар хусусида гапираяпмиз. Албатта, мункарни қалб билан инкор этмоқ энг қуйи даражадир.

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Энг афзал жиҳод золим султон қаршисида айтилган ҳақ сўздир!” (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Шаҳидларнинг саййиди Ҳамза ибн Абдулмутталиб ва золим раҳбар қаршисига чиқиб, унга панд-насиҳат қилгани учун қатл этилган кишидир!” (Ҳоким ривоятлари).[2]

Абу Убайда ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ наздида энг мукаррам шаҳидлар ҳақида сўрадим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича жавоб бердилар: “Золим ҳоким қаршисида туриб унга панд-насиҳат қилгани учун қатл этилган киши!” (Баззор ривоятлари).

 

14. Очиқ-ойдин кўриниб турган мункар ишлар инкор этилади. Яширин мункар ишларни қидириб топиш учун жосуслик қилинмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бирингиз мункарни кўрса...” деганлар. Бироқ биз учун махфий бўлган, шак-шубҳа аралашган айрим ножўя ишлар сўраб-суриштирилмайди. Чунки бундай жосуслик Ислом шариатида ман қилинган.

Мункар ишни билган ёки жойидан, келиб чиқишидан хабардор бўлган киши худди уни кўрган киши кабидир. Масалан, ишончли одамнинг хабар бериши ёки мункар борлигини билдирувчи белгилар топилиши билан айни фасоднинг олдини олиш ва уни таг-томири билан қўпориб ташлаш учун муносиб чоралар кўрилади.

Бир мункарни фош этмоқ учун девор ошиб, уйларга бостириб кириш мумкинми? Агар тахмин этилаётган мункар иш вақти ўтса ёки ҳаяллаб қолинса кейин ўнглаб бўлмайдиган зино, одам ўлдириш каби гуноҳлардан бўлса, ушбу мункар ишларнинг кенг ёйилиб кетмаслиги, фисқу фасод томир отмаслиги учун шубҳа остига олинган ўринлар кузатилиши-текширилиши мумкин.

Мазкур доирага кирмайдиган мункар ишлар устида кузатув олиб борилмайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳуга “Фалончининг соқолидан ароқ томчилайди!” дейишганида, улуғ саҳобий қуйидагича жавоб бердилар: “Аллоҳ таоло бизни жосуслик қилишдан қайтарган!”

 

15. Ихтилофли нарсалар инкор қилинмайди.

Уламолар ижмосига биноан фақат билиттифоқ ҳаром саналган иш қилинса ёки аниқ фарз бўлган амал тарк этилса, қаршилик кўрсатилади. Масалан, ароқхўрлик, судхўрлик, аёлларнинг очиқ-сочиқ юриши, намозни тарк қилиниши ва ҳоказо.

Уламолар орасида фарзлиги ёки ҳаромлиги тортишувли бўлган масалаларга келганда инкор қилинмайди. Албатта, бу ерда уммат эътироф этган уламолар маълум далил асосида туриб тортишган, турли хил фикр билдирган масалалар назарда тутилмоқда. Хаворижлар каби суннатга хилоф юрган фирқаларнинг ихтилофлари, ҳеч қандай далилсиз чиқарилган ғайриоддий ҳукмлар ёки саҳиҳ-кучли далилга зид бўлган ихтилофлар мутлақо эътиборга олинмайди. Мисол тариқасида мутъа никоҳини келтириб ўтамиз. Мутъа маълум вақтга уйланиш демакдир. Гарчи айрим тоифалар мутъа никоҳига рухсат берган бўлсалар-да, унинг ҳаромлигига ва ҳалоллигининг мансух қилинганига[3] саҳиҳ далиллар мавжудлиги боис мазкур никоҳ ботил саналади. Мутъа никоҳига кўра уйланган кимса зинокор ҳисобланиб, ҳад урилади.

 

 

16. Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш масъулияти.

Амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ бутун уммат зиммасидаги вазифадир. Мункар ишни кўрган-билган ва инкор этишга қодир бўлган ҳар бир мусулмон суннатга мувофиқ уни рад қилмоғи шарт. Бу борада ҳоким билан маҳкум, олим билан оми ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. “Одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”. (Оли Имрон, 110-оят). “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар...” (Тавба, 71-оят).

Ҳар иккала оятда ҳам бутун умматга хитоб қилинган. Шунингдек, панд-насиҳат қилишга буюрувчи ҳадисларнинг аксарият қисми ҳам бутун умматга тааллуқлидир: “Қай бирингиз мункар ишни кўрса, уни ўзгартирсин!”; “Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринглар!”

Аммо ушбу масъулият, хусусан икки синф - олимлар ва раҳбарлар зиммасида алоҳида таъкидланган.

а) Олимлар масъулияти.

Уламолар Аллоҳнинг шариатини бошқалардан яхшироқ биладилар. Ҳикмат ва чиройли мавъиза билан панд-насиҳат қилувчи олимлар сўзига кишилар кўпроқ қулоқ солишади. Уммат илм эгаларига эҳтиром назари билан боқади. “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур”. (Мужодала сураси, 11-оят).

Уламолар ўз елкаларида турган ушбу масъулиятни унутиб қўйишлари, унга нисбатан бефарқ бўлишлари хатарли оқибатларга олиб боради.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Бани Исроил маъсиятларга берилганида уламолари уларни қайтаришди. Бироқ Бани Исроил гуноҳ-маъсиятдан қайтмади. Сўнг уламолар ҳам уларнинг мажлисларида иштирок этадиган, улар билан бирга еб-ичадиган бўлишди. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини бир-бирига аралаштириб қўйди ва уларни Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлади. Чунки улар осий бўлиб, ҳаддан ошган эдилар”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суяниб ўтирган эдилар, бирдан ўтириб олдилар-да, бундай дедилар: “Йўқ, жоним қўлида бўлган зотга қасамки, то уларни ҳаққа мажбурлаб кўндирмагунингизгача (ишингиз ўнгланмайди). (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

б) Раҳбарлар масъулияти.

Бошлиқлар зиммаларидаги ушбу улкан масъулиятни ҳис этмас эканлар, бунинг оқибати жуда хунук бўлади. Чунки раҳбарлар қўлида ҳокимият бор. Куч-қудрат эгалари бўлганлари учун ҳам улар фитна чиқиб кетишидан асло қўрқмасдан мункарни рад эта оладилар. Одамлар ҳамиша ҳокимларнинг кўрсатмалари билан ҳисоблашиб иш тутганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Султонга қулоқ солувчилар Қуръонга қулоқ солувчилардан кўпроқ бўлади”.

Ибн Асир ушбу ҳадисни “Ниҳоя”да келтириб, ёзадилар:

“Яъни, шундай одамлар борки, мавъиза ва насиҳатдан таъсирланмайдилар, бироқ ҳокимнинг калтаги ёки қиличини кўришлари билан ҳақ олдида бўйин эгиб, қаршиликни тўхтатадилар”.

Ҳоким амри маъруф ва наҳий мункарга бефарқ бўлса, фисқу фасод аҳли ўзларини жуда эркин ҳис қиладилар. Осий кимсалар шариат аҳкомларини ҳурмат қилмасдан маъсият ва бузғунчиликка киришадилар. Шу боис Аллоҳ таоло марҳамати билан ўз салтанатида собит турган, ҳақ йўлдан тойилмаган ҳокимлар яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни ўзларига асосий шиор қилиб олишади. “Албатта Аллоҳ ўзига (яъни динига) ёрдам берган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Улар - агар Биз уларни ер юзида ҳоким қилсак - намозни тўкис адо этадиган, закотни ато этадиган, яхшиликка буюрадиган, ёмонликдан қайтарадиган зотлардир. Ишларнинг оқибати Аллоҳнинг измидадир”. (Ҳаж сураси, 40-41-оятлар).

Ушбу улкан вожибни эътиборсиз қолдирган ҳокимлар Аллоҳнинг омонатига хиёнат қилган, панд-насиҳат этишлари шарт бўлган раиятни қаровсиз қолдирган бўладилар. Энг даҳшатлиси раҳбар шахсларнинг маъсият ботқоғига ботиб, панд-насиҳатга қулоқ осмай қўйишларидир. Ундан ҳам ёмони масъул амирларнинг ўзлари ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтаришга тушганларида кўринади. Табиийки, бундай чоғда улар шариат билан ҳукм юритмаётган бўладилар.

Ислом раҳбарлари, аввало, Аллоҳнинг шариатини ўрганмоқлари лозим. Амирлар дин ҳимояси, шариат устиворлиги, раиятни яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш ҳамда жамиятда эзгуликни кенг ёйиб, фисқу фасодни таг-томири билан йўқотиш йўлида ҳаракат қилиб, Пок Парвардигордан мадад сўрасинлар. Тағин дўзахга чақирувчи доҳийлардан бўлиб қолмасинлар! “Уларни дўзахга чорлаб турадиган пешволар қилиб қўйдик. Қиёмат кунида ҳам уларга ёрдам берилмас”. (Қасос сураси, 41-оят).

 

17. Панд-насиҳат қилувчининг одоблари.

Панд-насиҳати бировларга таъсир қилиши учун, аввало, кишининг ўзи айтаётган сўзларига амал қилмоғи лозим. Ана шунда Аллоҳ таоло бандасининг амалини даргоҳида қабул этади ва унинг сўзлари Қиёматда ўзига қарши ҳужжат бўлмайди. Беамал насиҳатгўйларнинг мавъизалари Қиёмат кунида ўзларига қарши ҳужжат бўлиб, уларни жаҳаннам қаърига бошлайди. “Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани гапирасизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишларни гапиришларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир”. (Саф сураси, 2-3-оятлар).

Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: Қиёмат кунида бир кимса олиб келиниб, дўзахга ташланади. Шунда қорнидан ичак-чавоғи чиқиб кетади. У дўзах ўтида худди тегирмонни айланаётган эшакдек чархпалак бўлади. Дўзахийлар унинг ёнига келиб сўрайдилар:

- Эй фалончи, сенга нима бўлди? Ахир сен одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар эдинг-ку?!

- Тўғри, - деб жавоб беради ҳалиги одам - Бироқ мен бировларни яхшиликка буюрардим-у, ўзим уни қилмасдим. Бировларни мункардан қайтарардим-у, лекин ўзим уни қилардим”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

18. Иймон хислатларидан.

Амри маъруф ва наҳий мункар қилмоқ иймон хислатларидандир. Панд-насиҳат қилувчининг фазилати ушбу амал даражасига қараб белгиланади. Мункар ишни қўли билан ўзгартувчи киши албатта тили билан ўзгартувчидан афзал бўлади. Тили билан мункарни ўзгартувчи кимса фақат қалби билан мункарни ўзгартиришга қодир биродаридан афзал саналади. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари далилдир: Бу энг заиф иймондир!”; “Кучли мўмин кучсиз мўминга қараганда яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир. Албатта барчаларида хайр-яхшилик бор”.

 

19. Ниятнинг поклиги.

Панд-насиҳат қилувчи шахс шуҳрат ёки обрў-эътибор топиш каби дунёвий ғаразларни кўзламасдан холис Аллоҳ таоло розилиги учун яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарсин. Мўмин киши ҳаром ишни кўрганида Аллоҳнинг фармони бажарилмаётгани учун дарғазаб бўлиб, мункардан қайтаради. У биродарлари Парвардигор ғазабини келтирадиган ишларни қилиб қўйиб, аламли азобга гирифтор бўлмасликлари учун амри маъруф қилади. Ҳавои нафсга бўйсуниб ҳақ йўлдан тойилиб кетмасликка чақиради. Ҳақиқий мўмин ўз зиммасидаги амри-маъруф ва наҳий мункар масъулиятини чуқур ҳис қилади. Парвардигори ғазабига йўлиқмаслик учун фақат Унинг ҳузуридаги ажру мукофотлар умидида яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаради.

Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен намозни тўкис адо этишга, закотни беришга ва барча мусулмонларга насиҳат қилишга сўз бериб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат бердим”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

20. Ҳақиқий қуллик.

Чин мўминлар Аллоҳ таолони жуда улуғлаганларидан, Унга исён қилинишини, Унинг унутилишини тасаввур эта олмаганликларидан амри маъруф ва наҳий мункарга астойдил эътибор берадилар. Улар ҳақли равишда пок Парвардигор ҳамиша улуғланиши, Унга шукроналар айтилиши лозим деб биладилар. Аллоҳ таоло муҳаббати улар қалбининг тўридан жой олиб, қон-қонларига сингиб кетган бўлади. Шунинг учун бундай ихлосли зотлар инсонларнинг маъсиятдан қайтиб, тоат-ибодатларга берилиши йўлида ҳеч нарсаларини аямайдилар. Ҳатто даъват ортидан келган азият ва зарарларни ҳам мамнуният билан қабул қиладилар. Улар баъзан ўзларига ёмонлик қилган кимсаларга ҳам Аллоҳдан ҳидоят ва мағфират тилайдилар. Албатта бундай улуғ мартабага фақат ҳақиқий иймон ва ихлос эгаларигина мушарраф бўлурлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрик қавмдан зулм-азият кўрган ҳолатларида юзларидан оққан қонларини артиб, яна ўша золим кимсалар ҳақига дуо қилардилар: “Парвардигоро! Қавмимни Ўзинг мағфират этгин. Улар билмасдан қилаяптилар!”

Салафлардан бири айтганлар: “Майли, танамни қайчилар билан қиймалаб ташласинлар, фақат бутун инсоният Аллоҳга итоат этса, бас!”.

Абдуллоҳ ибн Умар ибн Абдулазиз оталарига дедилар: “Аллоҳ йўлида иккимизни қозонларга солиб қайнатишса ҳам, розиман”.

Аллоҳ муҳаббати билан тўлиб-тошган бу қалблар ўзларига яхши кўрган хайрли неъматни ўзгаларга ҳам чин маънода соғинадилар.

 

21. Улуғ олимнинг хулосаси.

Ислом оламининг илми сербарака ва серманфаат бўлган раббоний олимларидан бири - имом Нававий “Саҳиҳи Муслим” шарҳида ушбу мавзу, яъни амри маъруф ва наҳий мункар мавзусида ҳам сўз юритганлар. Қуйида улуғ имомнинг нодир хулосаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз: “Амри маъруф ва наҳий мункар бобининг аксарият қисмига узоқ замонлардан буён амал қилинмайди. Бизнинг замонамизда фақат ундан айрим расм-русумларгина қолган, холос. Аслида амри маъруф ва наҳий мункар боби жуда кўп ишларга калит ҳисобланмиш улкан бобдир. Жамиятда бузғунчилик кўпайса, яхши-ёмон бирдек жазоланади. Агар ҳеч ким золимнинг қўлини зулмдан тўхтатмаса, Аллоҳнинг балоси ҳаммага ёғилади. “Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар”. (Нур сураси, 63-оят).

Аллоҳ розилиги йўлида ҳаракат қилувчи ва Охират талабгори бўлган ҳар бир мусулмон фарзанди ушбу бобга қаттиқ эътибор берсин. Зеро, бугун амри маъруф ва наҳий мункарнинг катта қисми зое бўлган. Панд-насиҳат қилувчи киши ниятини холис қилиб, ишга киришсин. Қаршисидаги кимсанинг юқори мартаба эгаси эканлиги уни ҳақ сўзни айтишидан тўсиб қўймасин. Зеро Аллоҳ таоло бундай деган: “Албатта Аллоҳ ўзига (яъни, динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур!” (Ҳаж сураси, 40-оят); “Ким Аллоҳга боғланса, бас, аниқки, у тўғри йўлга ҳидоят қилинибди”. (Оли Имрон сураси, 101-оят); “Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилган-курашган зотларни албатта ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз”. (Анкабут сураси, 69-оят); “Одамлар: “Иймон келтирдик”, дейишлари билангина имтиҳон қилинмаган ҳолларида қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан олдингиларни имтиҳон қилган эдик-ку?! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ (“Иймон келтирдик”, деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур”. (Анкабут сураси, 2-3-оятлар).

Собир бандалар бошларига тушган мусибатнинг катта-кичиклигига қараб ажр оладилар. Мўмин киши биров билан яхши муносабатда бўлгани ёхуд унинг дўстлиги учун амри маъруф ва наҳий мункардан тўхтамайди. У ўрталарида қандай муносабат-манфаат мавжудлигидан қатъиназар, биродарини ҳамиша яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради. Албатта биродарликнинг маълум ҳақ-ҳурмати бор. Биродарини Охират яхшилигига чақириб, уни аламли азобдан огоҳ этмоқ ҳам шу дўстликнинг ҳақлари ичига киради. Ҳақиқий дўст биродарининг охирати обод бўлишини истайди. Бу йўлда яқин ўртоғининг мол-давлати бироз камайса ҳам парво қилмайди. Душман эса инсонни Охиратда маҳрумлар қаторида туришини кўзлайди. Майли, айни маҳрумлик кишига ҳаёти дунёда қўшимча фойдалар келтирса ҳам, у рози. Фақат Охиратда хайрли насибадан бебаҳра қолса, бас. Мана шунинг учун шайтон бизга душман ҳисобланади. Пайғамбарлар - уларга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин! - мўминларниг чин дўстларидир. Чунки улар мудом умматларнинг охирати ҳақида ғам чекканлар, ҳидоятга чорлаганлар. Марҳаматли Аллоҳ таолодан бизни, яқинларимизни ва барча мусулмонларни ўз розилигига муваффақ этишини сўраймиз! Аллоҳ таоло барчамизни раҳмати ва марҳамати соясига олсин. Валлоҳу аълам.

Имом Нававий яна бундай дейдилар: “Панд-насиҳат қилувчи киши кўзлаган мақсадига эришмоғи учун хушмуомала бўлмоғи лозим.

Имом Шофеъий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким биродарига яширинча мавъиза қилса, дарҳақиқат, унга насиҳат ва яхшилик қилибди. Ошкора панд-насиҳат ўқувчи киши, биродари обрўсини тўккан ва уни ёмонотлиқ қилган бўлади”.

Амри маъруф ва наҳий мункар бобида кўпчилик қуйидаги камчиликка бепарво қарайди: Масалан, сиз бировнинг айб-нуқсонли нарса сотаётганини кўриб, индамадингиз. Албатта, бу очиқ-ойдин кўриниб турган хато. Олимлар фатвосига кўра, нуқсонни кўриб-билиб турган киши сотувчини бу ишдан қайтариши ва олувчини молнинг айби-нуқсонидан огоҳ этиши вожиб. Аллоҳнинг ўзи Билгувчироқдир!”



Мукаллаф – балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида бўлган инсон.

Шаҳидлар саййиди – ажр-мукофоти улуғроқ ва Аллоҳга яқинроқ шаҳид.

 

Мансух қилинган – ҳукми бекор қилинган.

191 - فَالأَوَّلُ: عَنْ أَبي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَراً فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيْمَانِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [49].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

192. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ мендан олдинги бирор умматга юборган набий борки, албатта ўз уммати ичидан унинг суннатини тутадиган, ишига эргашадиган ҳаворийлари ва саҳобалари бўлган. Сўнгра уларнинг кетидан ёмон авлод қолган. Улар қилмаган ишини гапирар, ўзларига буюрилмаган нарсани қилишар эди. Ким уларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир. Ким уларга қарши тили билан курашса, у мўминдир. Ким уларга қарши қалби билан курашса, у мўминдир. Шундан кейин ханталнинг* уруғича ҳам иймон йўқ».

 

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги сўзлар бор:

Абдуллоҳ ибн Умарга бу ҳадисни айтиб берган эдим, рад этди. Ибн Масъуд келиб, Қанога* тушганида Абдуллоҳ ибн Умар уни кўргани бирга боришимни талаб қилди. Мен у билан бирга жўнадим. Ўтирганимизда Ибн Масъуддан мана шу ҳадис ҳақида сўрадим. Шунда у буни худди мен Ибн Умарга айтиб бергандек қилиб айтиб берди».

Уламоларнинг айтишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо баъзилар буни нотўғри тушуниб, фитна ва урушга сабаб бўлмасин, деган маънода мазкур ҳадисни рад қилган.

(Ровий) Солиҳ айтади: «Шунга ўхшаш ҳадис Абу Рофеъдан ҳам ривоят қилинган».

* Хантал – майда сариқ гулли, қўзоқ мевали ўсимлик; горчица.

* Қано – Мадина водийларидан бири.

 

192 - الثَّانِي: عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا مِنْ نَبِيٍّ بعَثَهُ اللهُ تَعَالى فِي أُمَّةٍ قَبْلِي إِلَّا كَانَ لَهُ مِنْ أُمَّتِهِ حَوَارِيُّونَ وَأَصْحَابٌ يَأْخُذُونَ بِسُنَّتِهِ وَيَقْتَدُونَ بِأَمْرِه، ثُمَّ إِنَّهَا تَخْلُفُ مِنْ بَعْدِهِمْ خُلُوفٌ يَقُولُونَ مَالَا يَفْعَلُونَ، وَيَفْعَلُونَ مَالَا يُؤْمَرُونَ، فَمَنْ جَاهَدَهُمْ بِيَدِهِ فَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَمَنْ جَاهَدَهُمْ بِلِسَانِهِ فَهُوَ مُؤْمِنٌ، ومَنْ جَاهَدَهُمْ بقَلْبِهِ فَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَيْسَ وَرَاءَ ذَلِكَ مِنَ الإِيْمَانِ حَبَّةُ خَرْدَلٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [50].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

193. Абулвалид Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қийинчиликда ҳам, енгилчиликда ҳам, (рози бўлиб) ёқтирганда ҳам, (норози бўлиб) ёқтирмаганда ҳам, ҳаққимиз берилмаганда ҳам қулоқ солишга ва итоат қилишга, бу ишни (раҳбарликни) эгаллаб турганлар билан тортишмасликка, фақат (уларда) ошкора куфрни кўрсангиз-у, бу ҳақда сизда Аллоҳдан ҳужжат‑далил бўлса, мустасно. Қаерда бўлмайлик, Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмай, ҳақни айтишга байъат қилдик».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ:

1. «Қийинчиликда ҳам, енгилчиликда ҳам, (рози бўлиб) ёқтирганда ҳам, (норози бўлиб) ёқтирмаганда ҳам, ҳаққимиз берилмаганда ҳам қулоқ солиш ва итоат қилиш».

Албатта, бу қулоқ солиб итоат қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмон раҳбарларга бўлади. Бу шарт ҳар бир жамият учун жуда зарур. Бошлиққа қулоқ осиб итоат қилинмаган жойда тартиб-интизом, муваффақият бўлмайди. Шунинг учун ҳам, Исломда бу нарсага катта аҳамият берилган.

2. «...ишни ўз аҳлидан низо қилмаслик».

Саҳобаи киромлар истилоҳида ишбошилик «иш» деб юритилган. «Бу иш ҳақида сўровдим, бу иш тўғрисида гап юритадиган бўлсак», каби ибораларда ишбошилик кўзда тутилган. Бу ерда ҳам, бу ишни ўз аҳлидан низо қилмаслик, деганда ишбошиликни топширилган одамдан олиш учун талашиб-тортишмаслик маъноси чиқади. Чунки агар шундоқ бўлмаса, талабгорлар кўпайиб, мансаб учун уруш-жанжал авжга чиқиши мумкин.

3. «Фақат очиқ-ойдин куфр кўрсангиз ва сизда Аллоҳдан бурҳон-ҳужжат бўлса», деганлар.

Яъни, агар очиқ-ойдин куфрнинг содир бўлганини кўрсангиз ҳамда сизда бунга кучли ва аниқ ҳужжат бўлса, низо қилсангиз бўлади, деганлари. Бошқа хатолар юз берса, мусулмонлар насиҳат қиладилар, хатони очиқ кўнгил билан кўрсатадилар.

4. «Қаерда бўлсак ҳам, Аллоҳ учун маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳақ гапни гапириш...».

Бу мусулмончиликнинг кўзга кўринган фазилатларидан биридир. Қаерда бўлса ҳам, ҳеч нарсадан қўрқмасдан, Аллоҳ учун фақат ҳақ гапни айтиш–чин мусулмон одамнинг сиймоси. Аллоҳ розилиги ана шундай топилади. Шунинг учун ҳам, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган байъат шартларига қўшилган.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан қилинган яна бир ривоятда халифалик ишини низо қилмаслик тўғрисидаги шартдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 

193 - الثالثُ : عَنْ أَبِي الوَلِيدِ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: «بَايَعْنَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَى السَّمْعِ وَالطَّاعَةِ فِي العُسْرِ وَاليُسْرِ، وَالْمَنْشَطِ وَالْمَكْرَهِ، وَعَلَى أَثَرَةٍ عَلَيْنَا، وَعَلَى أَلَّا نُنَازِعَ الأَمْرَ أَهْلَهُ إِلَّا أَنْ تَرَوْا كُفْراً بَوَاحاً عِنْدَكُمْ مِنَ اللهِ تَعَالَى فِيْهِ بُرْهَانٌ، وَعَلَى أَنْ نَقُولَ بِالْحَقِّ أَيْنَمَا كُنَّا لَا نَخَافُ فِي اللهِ لَوْمَةَ لَائِمٍ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 7199، م 1709/41، 42 في الإمارة، باب وجوب طاعة الأمراء في غير معصية].

«الْمَنْشَطُ وَالْمَكْرَهُ» بِفَتْحِ مِيمَيهِمَا: أَيْ: فِي السَّهْلِ وَالصَّعْبِ، وَ«الأَثَرةُ: الإخْتِصَاصُ بِالْمُشْتَركِ، وَقَدْ سَبَقَ بيَانُهَا [برقم 56]. «بَوَاحاً» بِفَتْحِ الْبَاءِ الْمُوَحَّدَةِ بَعْدَهَا وَاوٌ ثُمَّ أَلِفٌ ثُمَّ حَاءٌ مُهْمَلَةٌ؛ أَيْ ظَاهِراً لَا يَحْتَمِلُ تَأْوِيلًا.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

194. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ белгилаган чегарада турадиган киши билан ундан (чегарадан) чиқадиган киши кемага чиқиш учун қуръа ташлаган одамларга ўхшайди. Уларнинг айримлари унинг юқорисига, айримлари пастига жойлашди. Пастдагилар сув олмоқчи бўлишса, тепадагиларнинг олдидан ўтишар эди. Шунда улар: «Агар биз ўз тегишимиздан бир тешик очиб олганимизда, тепадагиларга озор бермасдик», дейишди. Бордию (тепадагилар) уларни ўз истакларига қўйиб беришса, ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар уларнинг қўлларидан тутишса, омон қолишади ва барчалари омон қоладилар».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: «Аллоҳ белгилаган чегарада турадиган киши» деганда амру маъруф ва наҳий мункар қиладиган кишини тушунилади.  

Агар киши ўзи солиҳ бўлиб, аҳли ва болалари ҳамда унга эргашувчилар шариатга хилоф ишни қилишса, барчалари Аллоҳнинг азобига баробар дохил бўлишади. Чунки кемага тушганнинг жони бир-да.


194 - الرَّابِعُ: عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَثَلُ القَائِمِ فِي حُدُودِ اللهِ، وَالْوَاقِعِ فِيهَا كَمَثَلِ قَوْمٍ اسْتَهَمُوا عَلَى سَفِينَةٍ، فَصَارَ بَعْضُهُمْ أَعْلَاهَا وَبَعْضُهُمْ أَسْفَلَهَا، فَكَانَ الَّذِيْنَ فِي أَسْفَلِهَا إِذَا اسْتَقَوْا مِنَ الْمَاءِ مَرُّوا عَلَى مَنْ فَوْقَهُمْ فَقَالُوا: لَوْ أَنَّا خَرَقْنَا في نَصِيبِنَا خَرْقاً وَلَمْ نُؤْذِ مَنْ فَوْقَنَا، فَإِنْ تَرَكُوهُمْ وَمَا أَرَادُوا هَلَكُوا جَمِيعاً، وَإِنْ أَخَذُوا عَلَى أَيْدِيهِم نَجَوْا وَنَجَوْا جَمِيعاً». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [2493].

«القَائمُ في حُدودِ اللهِ تعَالى» مَعْنَاهُ: الْمُنْكِرُ لَهَا، القَائِمُ فِي دَفْعِهَا وَإِزَالَتِهَا، وَالْمُرَادُ بِالحُدُودِ: مَا نَهَى اللهُ عَنْهُ، وَ«اسْتَهَمُوا»: اقْتَرَعُوا.


Улашиш
|
|
Нусха олиш
195. Мўминлар онаси Умму Салама Ҳинд бинти Абу Умаййа Ҳузайфа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳали  устингизга шундай амирлар омил қилинадики, (уларнинг баъзи ишларини) маъқуллайсиз ва (баъзи ишларини) мункар санайсиз. Ким ёқтирмаса, пок бўлибди; ким инкор қилса, саломат қолибди; лекин рози бўлган ва эргашганлар ундай эмас». «Эй Аллоҳнинг Расули, уларга уруш қиламизми?» дейишди. «Модомики, ораларингизда намозни қоим қилишар экан, йўқ», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Бунинг маъноси шуки, кимки қалби билан кариҳ кўриб, қўли ва тили билан инкор қилишга қодир бўлмаса, гуноҳлардан ўзини оқлаб, вазифасини адо қилибди. Кимки тоқати етганича инкор қилса, бу гуноҳлардан омонда бўлибди. Энди кимки уларнинг амалларидан рози бўлиб, уларга эргашса, гуноҳкор бўлибди.

Имом Нававий айтдилар:

Бу ҳадис Расулуллоҳ с.а.в.нинг очиқ ойдин мўъжизаларидандир. Чунки келажакни аввалдан айтгандилар, ҳақиқатда бу нарса содир бўлди. Демак, ким бирор мункар ишни кетказишдан ожиз бўлса, сукут қилгани учун гуноҳкор бўлмайди. Балки ўша нарсага дилида рози бўлиб, уни қалбида кариҳ кўрмагани учун гуноҳга ботади. 

 

195 - الخَامِسُ: عَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ أُمِّ سَلَمَةَ هِنْدٍ بِنْتِ أَبِي أُمَيَّةَ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «إِنَّهُ يُسْتَعْمَلُ عَلَيْكُمْ أُمَرَاءُ، فَتَعْرِفُونَ وَتنُكِرُونَ، فَمَنْ كَرِهَ فَقَدْ بَرِىءَ، وَمَنْ أَنْكَرَ فَقَدْ سَلِمَ، وَلَكِنْ مَنْ رَضِيَ وَتَابَعَ»، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَلَا نُقَاتِلُهُمْ؟ قَالَ: «لَا، مَا أَقَامُوا فِيكُمُ الصَّلَاةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1854/63].

مَعْنَاهُ: مَنْ كَرِهَ بِقَلْبِهِ ولَمْ يَسْتطِعْ إنْكَاراً بِيَدٍ وَلَا لِسَانٍ فَقَدْ بَرِئَ مِنَ الإِثْمِ وَأَدَّى وَظِيفَتَهُ، وَمَنْ أَنْكَرَ بَحَسَبِ طَاقَتِهِ فَقَدْ سَلِمَ مِنْ هَذِهِ الْمَعْصِيَةِ، وَمَنْ رَضِيَ بِفِعْلِهِمْ وَتَابَعَهُمْ عَلَيهِ، فَهُوَ العَاصِي.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

196. Мўминлар онаси Уммул Ҳакам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузурига даҳшатга тушган ҳолда кириб: «Лаа илааҳа иллаллоҳ! Яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой! Бугун Яъжуж ва Маъжуж деворидан мана шунча очилди», дедилар. – У бошмалдоғи билан ёнидагисини ҳалқа қилди. – Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда солиҳлар бўла туриб ҳам ҳалок бўлаверамизми?» дедим. У зот: «Ҳа, агар нопоклик кўпайса», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида:

 

«Улар: «Эй, Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан? » дедилар», деган (94-оят).

Ўша икки тоғ орасидаги бирон гапни англамайдиган қавм Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят этдилар. Уларнинг ер юзидаги бузғунчиликларидан арз қилдилар.

«Улар: «Эй, Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир».

Яъжуж ва Маъжуж ҳақида ҳам жуда кўп гаплар бор. Бу ҳам тахминий гаплардан иборатдир. Биз эса ўз одатимизча, Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз. Шуниси хайрли.

«Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан? » дедилар».

Мазкур қавм Зулқарнайндан, агар харож тўплаб берсак, ўша Яъжуж ва Маъжужлар билан бизнинг орамизга тўсиқ қуриб берасанми, деб сўрадилар. Шу билан уларнинг ҳужумларидан, бузғунчиликларидан қутулмоқчи бўлдилар.

Зулқарнайн мазкур қавм билан Яъжуж ва Маъжуж орасида радм–улкан ва мустаҳкам тўсиқ қура бошлади. Дастлаб:

 «Менга темир парчаларини келтиринг», деди.

Яъни, одамларни темир топиб келишга буюрди. Улар олиб келган темир парчаларини ўша икки тоғ орасига тўплата бошлади.

 «Ниҳоят, икки тоғ томонлари ила баробарлашганда: «Дам уринглар», деди».

Яъни, темир парчаларини тўплаб-тўплаб, икки тоғ орасини тўлдирдилар. Ундан кейин Зулқарнайн босқонлар билан дам уриб, темирларни қизитиб, эритишга киришди.

«Ниҳоят, у(тўп темир)ни ўтга айлантиргач: «Олиб келинглар устидан мис қуяман», деди» (96-оят).

Яъни, икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб алангалатиб, эритиб олов ҳолига келтирдилар. Ана шунда Зулқарнайн одамларига, энди эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман, деди.

Мис аралашган темир янада мустаҳкам бўлиши яқинда кашф этилди. Демак, ўша замонда ҳам Зулқарнайн Аллоҳ унга берган илм орқали бу сирни яхши билган ва жуда мустаҳкам девор қуриб, ҳалиги қавмнинг Яъжуж ва Маъжужнинг ҳужумларидан сақланишига ёрдам берган.

«Бас, улар унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар» (97-оят).

Яъни, Яъжуж ва Маъжужлар Зулқарнайн қурган радм–девор тўсиқ устига чиқа олмадилар ва улар уни тешиб ҳам ўта олмадилар. Зулқарнайнга Яъжуж ва Маъжуждан шикоят қилиб ёрдам сўраган қавмлар омонликка эришдилар. Зулқарнайн ишни жуда ҳам пухта амалга оширган эди.

Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида:

 «Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида. Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг, куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб: «Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик. Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар», деган (96-97-оятлар).

«Каҳф» сурасида айтиб ўтилганидек, қиёматнинг аломатларидан бири–Зулқарнайн қурган садд-тўғон очилиб, Яъжуж ва Маъжужлар чиқиб кетишидир. Ушбу оятда:

«Ниҳоят, Яъжуж ва Маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида» деб айтилмоқда.

Демак, улар жуда кўп бўлиб, кўпликларидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келар эканлар.

«. . . Ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги ҳолни кўрсанг. . . »

Яъни, қиёмат қойим бўлгандаги ҳолни кўрсанг, унинг даҳшатидан, қўрқинчи ва азобидан

«. . . Куфр келтирганларнинг кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолади.

Кўзларини юма олмайдилар. Айни пайтда, ўз ҳолларига йиғлай бошлайдилар:

«Ҳолимизга вой! Бизлар бундан ғафлатда эдик».

Яъни, қиёмат қойим бўлиб, ҳамма қайта тирилиб, сўроқ-савол, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот бўлишидан ғафлатда эдик. Бундай бўлишини ўйлаб кўрмаган эдик.

«Йўқ! Бизлар зулм қилгувчилар эдик», дерлар».

Йўқ, биз ғафлатда эмас эдик. Балки билиб туриб тайёргарлик кўрмаган эдик. Ишонмаган эдик. Зулм қилган эдик, дерлар.

Ақоид илми уламоларимиз Яъжуж ва Маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганишиб, қуйидаги хулосани айтадилар:

«Яъжуж ва Маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқишлари қиёматнинг аломатларидан бир аломатдир. Улар ер юзини фасодга ва харобга тўлғазадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди».

196 - السَّادسُ : عَنْ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ أُمِّ الْحَكَمِ زَيْنَبَ بِنْتِ جَحْشٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ عَلَيْهَا فَزِعاً يَقُولُ: «لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَيْلٌ لِلْعَرَبِ مِنْ شَرٍّ قَدِ اقْتَرَبَ، فُتِحَ الْيَوْمَ مِنْ رَدْمِ يَأْجُوجَ وَمَأْجُوجَ مِثْلُ هَذِهِ» وَحَلَّقَ بإِصْبَعَيهِ الإِبْهَامِ وَالَّتِي تَلِيهَا. فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَنَهْلِكُ وَفِينَا الصَّالحُونَ؟ قَالَ: «نَعَمْ، إِذَا كَثُرَ الْخَبَثُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 3346، م 2880].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

197. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўлларда ўтиришдан сақланинглар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бошқа иложимиз йўқ, чунки шу ерда гаплашиб ўтирамиз», дейишди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Йўл четида) ўтиришдан бошқага кўнмайдиган бўлсангиз, у ҳолда йўлнинг ҳаққини беринглар», дедилар. «Йўлнинг ҳаққи нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. У зот: «Кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, маъруфга буюриб, мункардан қайтариш», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан жамоат жойларида хусусан, йўлларнинг бўйида ўтириш аслида одобдан эмаслигини билиб оламиз. Бироқ, агар бирор сабаб ёки зарурат билан ўтирилса ҳам, ўша ўтиришнинг ҳаққини адо этиш лозим экан.  Бу ҳақларни юкорида санаб ўтилди.  Афсуски, бугунги кунимизда бу одобларга деярли риоя қилинмайди. Йўлнинг бўйига ўтириб олиб, турли зарарли ишлар билан шуғулланиб ўтирганларни кўп кўрамиз. Карта, нарда, ошиқ ўйнаб йўлдан ўтганларга назар солиб, гап отиб ўтирадиганлар, хўроз уриштираётганлар, ит уриштираётганлар гуноҳлари билан бошқаларга салбий таъсир қилаётганлар ҳам кам эмас.

Кўриб турибмизки, бекордан-бекорга йул буйида ўтириш яхши эмас. Агар йўл бўйида ноилож тарзда ўтириб қолинган чоғда ҳам, кўзни нолойиқ нарсалардан тийиб, бировга озор бермай, йўлдан ўтувчиларни саломига алик олиб, кези келганда яхшиликка амр килиб, ёмонликдан кайтариб туриш лозим бўлади. 

 

197 - السَّابِعُ : عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِيَّاكُمْ وَالْجُلُوسَ فِي الطُّرُقَاتِ» فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ مَالَنَا مِنْ مَجَالِسِنَا بُدٌّ، نَتَحَدَّثُ فِيهَا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: إِذَا أَبَيْتُمْ إِلَّا الْمَجْلِسَ فَأَعْطُوا الطَّريقَ حَقَّهُ» قَالُوا: وَمَا حَقُّ الطَّرِيقِ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «غَضُّ الْبَصَرِ، وَكَفُّ الأَذَى، ورَدُّ السَّلَامِ، وَالأَمْرُ بِالْمَعْرُوفِ، وَالنَّهْيُ عَنِ الْمُنْكَرِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6229، م 2121].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

198. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилла узукни кўриб қолиб, уни ечиб олиб, ташлаб юбордилар ва: «Баъзиларингиз дўзахнинг чўғини олиб, қўлига тақиб олади-я!» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан сўнг ҳалиги кишига: «Узугингни олиб, ундан (бошқа йўл билан) фойдалан», дейишган эди, «Аллоҳга қасамки, уни асло олмайман. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ташлаб юбордилар-ку!» деди».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Бу ривоятда тилло узук тақишга нисбатан охират азоби таҳдиди эслатилмоқда. Балки, амалий ишдан кейин таҳдидга ўтилмоқда.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилло узукни кўриб қолиб, уни чиқариб олиб, отиб юбордилар»

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта ҳалим ва тавозуъли зот эканликлари маълум ва машҳур. Ҳалимликлари билан шуҳрат топган зотнинг бировнинг қўлидаги тилло узукни суғуриб олиб, отиб юборишлари эркак кишининг тилло узук тақиши қанчалар оғир гуноҳ эканлигини яққол кўрсатади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланиб қолмадилар, балки ортидан қаттиқ гап ҳам айтдилар.

«Сизлардан бирингиз дўзахнинг чўғини олиб қўлига ўрнаштириб олади-я», дедилар».

Бу қўлига тилло узук таққан одам дўзахнинг чўғини узук қилиб тақиб олган билан баробар, деганидир. Албатта, бу услуб кишиларга қаттиқ таъсир қилиши турган гап. Шунинг учун ҳам, ўша мажлисда ўтирганлардан бирортаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида лом дея олмасдан жим қолдилар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан сўнг ҳалиги кишига:

«Узугингни олиб, (бошқа нарсада) фойдалан», дейишди».

Яъни, кимдир юрак ютиб узук эгасига, уни олиб тақмасанг ҳам, бошқа бирор нарса учун ишлат, деган маънодаги гапни айтди. Лекин узук эгасининг бўлари бўлиб битган эди. Унинг ўша тилло узукни умуман кўрарга кўзи йўқ эди.

«Аллоҳга қасамки, уни ҳечам олмайман. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ташлаб юбордилар-ку», деди».

Ҳа, саҳобаи киромларнинг ҳаромдан ҳазар қилишлари шу даражада эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларини бажо келтиришлари ана шундоқ савияда эди.

Ҳозирги кунда мусулмонман деб даъво қилиш билан бирга тилло узук, занжир ва бошқа нарсаларни тақиб олганлар бу ҳолдан ўрнак олишлари керак.

198 - الثَّامِنُ: عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ رَأَى خَاتَماً مِنْ ذَهَبٍ فِي يَدِ رَجُلٍ، فَنَزَعَهُ فَطَرحَهُ وَقَالَ: «يَعْمَدُ أَحَدُكُمْ إِلَى جَمْرَةٍ مِنْ نَارٍ فَيَجْعَلُهَا فِي يَدِهِ!!» فَقِيلَ: لِلرَّجُلِ بَعْدَ مَا ذَهَبَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: خُذْ خَاتَمَكَ، انتَفِعْ بِهِ. قَالَ: لَا وَاللهِ؛ لَا آخُذُهُ أَبَداً وَقَدْ طَرَحَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2090].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

199. Абу Саид Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оиз ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан эди. У Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳузурига кириб, «Болам, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бошлиқларнинг энг ёмони бузғунчилардир», деганларини эшитганман. Ўшалардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўл!» деди. У: «Ўтир, сен – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг пучакларидансан», деган эди, «Уларнинг пучаги бормиди? Пучаклар улардан кейин ва улардан бошқаларда (пайдо) бўлди-ку», деди».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Аллоҳ саҳобалардан рози бўлсин, уларнинг барчалари соф эдилар. Имом Ҳусаннинг қотиллари Убайдуллоҳ Ибн Зиёддек золимнинг олдида ҳам ҳақни гапиришдан ҳеч нарса тўхтата олмас эди.

199 - التَّاسِعُ: عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْحَسَنِ البَصْرِيِّ: أَنَّ عَائِذَ بْنَ عَمْروٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ دَخَلَ عَلَى عُبَيْدِ اللهِ بْنِ زِيَادٍ فَقَالَ: أَيْ بُنَيَّ؛ إِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ شَرَّ الرِّعَاءِ الْحُطَمَةُ» فَإِيَّاكَ أَنْ تَكُونَ مِنْهُمْ، فَقَالَ لَهُ: اجْلِسْ، فَإِنَّمَا أَنْتَ مِنْ نُخَالَةِ أَصْحَابِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: وَهَلْ كَانَتْ لَهُمْ نُخَالَةٌ؟! إِنَّمَا كَانَتِ النُّخَالَةُ بَعْدَهُمْ وَفي غَيرِهِمْ!! رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1830].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

200. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар ёки (бундай қилмайдиган бўлсангиз) Аллоҳ таоло сизларга бир балони юборади. Сўнгра дуо қилсангизлар ҳам, дуоларингиз қабул қилинмайди», дедилар.

Имом Термизий ривояти.  У киши бу ҳадисни ҳасан, дедилар.

 

Шарҳ: Демак, амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк қилган қавмга етадиган кўпдан кўп бало офатларнинг ичида уларнинг дуоси қабул бўлмаслик офати ҳам бор экан. Дуоси қабул бўлмайдиган қавм бўлиб қолишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.

Аллоҳ таоло: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз», деган. Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири–бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканлигидир.

Умматларнинг сараси Ислом умматидир.

Умматларнинг йўлбошчиси Ислом умматидир.

Умматларнинг пешқадами Ислом умматидир.

Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу умматга хитоб қилиб:

«Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз», деб турибди.
Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар.

Бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар.

Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.

Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан бири–амри маъруф қилишдир. Чунки, Аллоҳ таоло:

«Амри маъруф қиласиз», демоқда.

Аввал ишора этилганидек, Ислом уммати дунёда яхшилик байроғини юқори кўтаради.

Адолат байроғини юқори кўтаради. Ҳақиқат байроғини юқори кўтаради. Фазилат байроғини юқори кўтаради. Ҳамда бутун инсониятни бу ишларга чақиришни ўзига фарз деб билади.

Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан иккинчиси–наҳйи мункар қилишдир. Чунки, Аллоҳ таоло:

«Наҳий мункар қиласиз», демоқда.

Мункар барча ёмонлик, зулм, ботил ва разилатлар, демакдир. Бинобарин, Ислом уммати дунёдаги барча ёмонликка қарши, зулмга, ботилга ва разилатга қаршидир. Айни чоқда, бутун инсониятни ёмонликдан, зулмдан, ботилдан ва разилатдан қайтаришни ўзига фарз деб билади.

Ислом умматининг одамлар учун чиқарилган энг яхши ум-мат бўлишининг асосий сабаби–Аллоҳга иймон келтиришдир. Чунки, Аллоҳ таоло:

«Ва Аллоҳга иймон келтирасиз», демоқда.

Инсониятни тўғри йўлга бошлаб, нотўғри йўлдан қайтаришдек улкан машаққатли ишни амалга оширишга уни Аллоҳга бўлган иймони ундайди. Иймон асосларнинг асосидир. Жумладан, яхшиликка чақириб, амри маъруф ва наҳйи мункар қилишнинг ҳам асоси иймон бўлгандагина мақсадга етишилади. Ана шундагина икки дунёда бахт-саодатга эришилади.

Акс ҳолда, нуқсонга дучор бўлинади.

Бу ҳақиқат ушбу оятдан бошқа оятларда ҳам таъкидланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида ҳам ўз аксини топган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом минбарда турганларида бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай одам яхши одам?» деб сўради. Пайғамбар алайҳиссалом: «Одамларнинг яхшиси–қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», дедилар.

Имом Термизий ривоят этган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Бани Исроил гуноҳга ботганда, уламолари қайтардилар. Улар қайтмадилар. Кейин эса, уламолар ҳам улар билан бирга ўтириб, еб-ичдилар. Бас, Аллоҳ қалбларини бир-бирига аралаштириб юборди ва Довуд, Сулаймон ва Ийсо ибн Марям тилларида лаънатлади», дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, туриб ўтирдилар ва: «Менинг нафсим қўлида бўлган зот билан қасамки, уларни ҳаққа қайтармагунингизча, бўлмайди», дедилар.

Имом Абу Довуд ибн Умайра ал-Киндийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: 

«Ер юзида бир гуноҳ содир бўлганда, гувоҳ бўлган одам уни инкор этса, худди кўрмаган одамдек (гуноҳдан холи) бўлади. Ким кўрмаган бўлса-ю, розилик билдирса, гувоҳ бўлган одамдек (гуноҳкор) бўлади», дедилар.

Имом ал-Ҳоким Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Шаҳидларнинг улуғи Ҳамзадир ва золим подшоҳга амри маъруф, наҳйи мункар қилганда ўлдирилган одамдир», деганлар.

Аллоҳ таоло. «Оли Имрон» сурасида: «Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир», деган.

Яъни, Аллоҳга ҳақиқий иймон келтирган ва унинг йўлида ҳақиқий биродар бўлган жамоа яхшиликка чақирадиган, амри маъруф-наҳйи мункар қиладиган умматга айлансин. Яҳшиликка чақириб турувчи жамоа бўлмаса, дунёда эзгулик қолмайди. Маъруфга, яъни, фазилат, ҳақиқат, яхшилик ва адолатга буюриб, мункардан, яъни разилат, ботиллик, зулм ва ёмонликдан қайтариб турадиган жамоа бўлмаса, ҳеч бир қавм, ҳеч бир уммат нажот топа олмайди.

Амри маъруф–наҳйи мункар ишлари яхши йўлга қўйилган жамиятдагина яхшилик ёмонлик қилишдан осон бўлади. Фазилатга эришиш разилатга кетишдан кўра енгил бўлади.

Ҳақиқат ботилдан устун бўлади. Адолат зулмдан устун туради. Аллоҳнинг улуғ неъмати Исломга муяссар бўлган бандалар жамоасига–мусулмон умматига Аллоҳ таоло амри маъруф–наҳйи мункарни фарз қилди. Агар бу уммат бошқа фарзлар қатори ушбу фарзни ҳам ўз ўрнида адо қилса, бахт-саодатга эришади. Акс ҳолда, фалокатга учрайди. Бу ҳақиқатни ушбу оятнинг хотимасидан ҳам билиб олса бўлади.

«Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир».

Яъни, яхшиликка чақириб амри маъруф–наҳйи мункар қилган умматлар нажот топгувчилардир. Бошқалар эмас.

Бу ҳақиқатни Аллоҳнинг Расули Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадисларида баён қилиб қўйганлар.

Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз:

«Мендан олдинги умматларга юборилган Пайғамбарларнинг ҳар бирининг амрини тутадиган, ишига эргашадиган саҳобалари ва яқинлари бор эди. Улардан кейин, қилмаганини гапирадиган ва амр бўлмаганини қиладиганлар келдилар. Бас, ким ўшаларга қарши қўли билан жиҳод қилса, ўша мўминдир. Ким ўшаларга қарши тили билан жиҳод қилса, ўша мўминдир. Ким ўшаларга қарши дили билан жиҳод қилса, ўша мўминдир. Бундан сўнг седананинг уруғича ҳам иймон қолмайди», дедилар.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Менинг нафсим қўлида бўлган зот билан қасамки, албатта, амри маъруф қиласизлар, албатта, наҳйи мункар қиласизлар. Бўлмаса, Аллоҳ сизга Ўз ҳузуридан иқоб юборади. Сўнгра дуо қилсангиз, қабул бўлмайди» дедилар.

Аллоҳ таоло.: «Тавба» сурасида: «Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар бер!» деган.

Бу ояти каримада мўмин кишининг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда, агар уларда бу сифатлар мавжуд бўлса, мўминлик шарафига эришадилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва-саллам берадиган хушхабарга ҳақли бўладилар:

«Тавба қилувчилар»–билиб-билмай содир этган ҳамма гуноҳларидан тавба қилиб қайтадилар. Гуноҳларга чин қалбдан афсус-надомат чекадилар ва уни иккинчи қайта такрорламайди-лар.

«Ибодат қилувчилар»–Роббиларига домий равишда ихлос билан ибодат қиладилар, Унинг амрларини бажариб, наҳийларидан қайтадилар.

«Ҳамд айтувчилар»–яъни, Аллоҳ таолога ҳамду сано ва мақтовлар айтиб, шукр қилиб яшайдилар.

«Рўза тутувчилар» – бу ҳам мўмин банданинг энг улкан сифатларидандир. Аллоҳнинг розилиги учун ўз ихтиёри билан емоқ-ичмоқ ва турли лаззатли ҳамда шаҳватли нарсаларни тарк этиш олийжаноб сифатдир.

«Рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар»–намоз ўқувчилар, яхшилаб ўқувчилар. Намоз диннинг устуни бўладию, мўмин кишининг асосий сифати бўлмасмиди?

«Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар»–буни шариат тилида амру маъруф, наҳий мункар дейилади. Яъни, мўмин киши фақат ўзини ўйлайдиган худбин шахс бўлмайди. Балки ўзига етган яхшиликларни бошқаларга ҳам етишини ўйлайди. Бунинг учун амалий ҳаракат ҳам қилади. Чунки Ислом дини унга ўзгаларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришни фарз қилгандир.

«Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир».

Дунёдаги ҳар бир яхшию ёмон ишни Аллоҳ таоло Ўз дини орқали баён қилиб, чегаралаб кўрсатиб қўйгандир. Мўмин инсон ана ўша чегаралардан чиқмайди. Аллоҳ таолонинг кўрсатма-ларига тўғри амал қилиб яшайди. Ушбу сифатларга эга бўлганлар–мўминлардир.

Эй Пайғамбар: «Ва мўминларга хушхабар бер!»

Мазкур сифатларни ўзларида мужассам қилганлари учун улар икки дунёнинг саодатига сазовордирлар.

Аллоҳ таоло. «Ҳаж» сурасида: «Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарурлар. Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир», деган.

Ояти каримадаги «Уларга ер юзида имкон берсак» жумласи-дан «макон берсак» маъноси ҳам тушунилади. Бунга қўшимча «ер юзида нусрат, ғалаба берсак» маънолари ҳам чиқади. Диёрла-ридан «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун чиқарилган мусулмонларга ер юзида макон, нусрат, ғалаба–имкон берсак:

«...намозни тўкис адо этурлар...»

Ҳовлиқиб кетмайдилар, балки Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қиладилар, у билан боғланишни кучайтирадилар.

«...закотни берурлар...»

Ер юзида имкон топганларидан кейин, молу дунёга ўч бўлмайдилар. Балки бахиллик дардидан устун келиб, молиявий ибодатларини ҳам ўз ўрнида адо этадилар. Закотларини бериб, жа-миятларидаги бева-бечора, камбағалларга енгиллик яратадилар.

«...яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарурлар».

Кишиларни динда яхши билинган барча ишларга даъват қиладилар. Ёмон билинган барча ишлардан қайтарадилар.

Шу ишлари Аллоҳга ёрдам беришларидир, шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга ёрдам, нусрат беради.

«Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир».

Аллоҳ хоҳлаган оқибатини келтириб чиқаради. Хоҳласа, мағлубиятни ҳам ғалабага айлантириб юборади.

 

200 - الْعَاشِرُ: عَنْ حُذَيفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ؛ لَتَأْمُرُنَّ بِالْمَعْرُوفِ، وَلَتَنْهَوُنَّ عَنِ الْمُنْكَرِ، أَوْ لَيُوشِكَنَّ اللهُ أَنْ يَبْعَثَ عَلَيْكُمْ عِقَاباً مِنْهُ، ثُمَّ تَدْعُونَهُ فَلَا يُسْتَجَابُ لَكُمْ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [2169].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

201. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жиҳодларнинг энг афзали – золим султон (ёки золим амир) олдидаги ҳақ сўздир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

 

Шарҳ: Дунё яратилганидан буён ҳақ билан ноҳақлик ўртасида мужодала бор. Инсонлар ҳақни ноҳақликдан ажратиб олишлари учун Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборган.

Ҳар бир мусулмон яхши-ёмонни фарқлаши ва ёмонликдан сақланиши, унинг олдини олиши вожибдир. Қалбида яхшини ях­ши, ёмонни ёмон деб билмаган кимсадан яхшилик кутилмайди. Киши имкон қадар ноҳақликнинг олдини олиши, уни ўзгартири­ши лозим. Ҳақиқий мўминлар қурблари етганича қўл, тил ва дил билан ноҳақликка қарши курашади.

Мусулмон киши ўзи тоқат қила оладиган моддий-маънавий зарар-азиятлардан, одамларнинг маломат қилишлари, яккалаб қў­йишлари ва масхараларидан чўчимай, қаршисидаги банданинг обрў-эътибори, мансаби ёки бойлигидан саросимага тушмай, ҳик­мат билан муносиб сўзларни топиб, ўрни келганида ҳақ сўзни айтиши керак.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутбаларида бундай дедилар: “Ёдда тутинглар! Одамларнинг ҳайбати ҳақни билган кишини ҳақни айтишдан тўсмасин!”»

Бу ҳадис ровийси Абу Саид розияллоҳу анҳу йиғлаб: “Биз қанча нарсаларни кўриб, гапиришга ботинолмадик!” деган экан.

Имом Аҳмад “Муснад”ида қуйидаги ривоятни келтиради: “Ҳақ­нинг айтилиши ёки улкан нарсанинг зикр этилиши билан ажал яқинлашиб ҳам қолмайди, ризқ узоқлашиб ҳам кетмайди!”

Бу дунёда инсон ҳақ сўзни ўз ўрнида айтмай, бошқаларнинг маломатидан сақланиб қолиши мумкин. Лекин охиратда Аллоҳ таолонинг маломатидан қутулолмайди.

Дарҳақиқат, инсон ноҳақликнинг олдини олишга қодир бўлса ҳам, айни ноҳақликдан каттароқ ёмонлик келиб чиқишидан қўрқ­са, “Икки зарарнинг енгилроғи танланади” деган аслий қоидага биноан, зиммасидан вожиб соқит бўлади. Лекин бунинг ортидан келадиган ёмонлик киши наздида аниқ бўлиши шарт. Арзимас гап-сўзлар ёки турли ваҳима-васвасалар вожибни тарк қилишга сабаб бўлолмайди. Ўз назарида деярли аниқ бўлган улкан зараргина шаръий узр ўрнига ўтади. Бу ҳолатда ўзи ёки молига нисбатан унинг бардоши етмайдиган даражада зарар тегишидан хавф бўлгани учун ожиз саналади. Лекин инсон тили билан айта олмаган ҳақиқатни дили билан тасдиқлаб, зиммасидаги масъулиятдан қутулиши керак. Яъни, ноҳақликни ҳеч бўлмаганда дилдан ёмон кўриши лозим. Ноҳақликни дилдан ёмон кўрмаслиги унинг ўша ноҳақлик тарафида эканини билдиради. Шу сабабли, ноҳақликни ҳеч бўлмаса қалбдан ёмон кўриш ҳар бир кишининг зиммасидаги фарз ҳисобланади.

Кўпчиликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Жиҳоднинг энг афзали золим подшоҳ олдида айтилган ҳақ сўздир” деган ҳадислари эслатилса, улар урушга ундаш маъносини ва ҳадисда келган “ҳақ сўз”дан дўқ-пўписа маъносини тушунишади. Бу ҳадис у маънога ишора қилмайди. Ҳадисда ҳақ йўлга чақирадиган одам дўқ-пўписа қилиши керак, деган маъно йўқ. Ҳадиснинг умумий маъноси подшоҳ зулм ва дўқ-пўписа қилганда ҳам, юмшоқ сўз билан ҳақни баён қилиб, ўзини тута билиш кераклигига ишора қилади. Аллоҳ таолони ҳақ динида қоим турадиган киши ширин сўзли бўлиб, адоват ва камчиликлардан узоқда туради.

 

201 - الْحَادِي عَشَرَ: عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَفْضَلُ الْجِهَادِ كَلِمَةُ عَدْلٍ عِنْدَ سُلْطَانٍ جَائِرٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [د 4344، ت 2174].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
202. Абу Абдуллоҳ Ториқ ибн Шиҳоб ал-Бажалий ал-Аҳмасий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (отлари) узангига оёқларини қўйиб турганларида, бир киши: «Жиҳоднинг қайси бири афзал?» деб сўради. Шунда у зот: «Золим подшоҳ ҳузуридаги (айтилган) ҳақ сўз», дедилар.

Насаий саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.

 

202 - الثَّانِي عَشَرَ: عَنْ أَبِي عَبْدِ الله طَارِقِ بْنِ شِهَابٍ الْبُجَلِيِّ الأَحْمَسِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا سَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَقَدْ وَضَعَ رِجْلَهُ في الغَرْزِ: أَيُّ الْجِهَادِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: «كَلِمَةُ حَقٍّ عِنْدَ سُلْطَانٍ جَائِرٍ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ. [7/161].

وَ«الْغَرْزِ» بِعَيْنٍ مُعْجَمَةٍ مَفْتُوحَةٍ، ثُمَّ رَاءٍ سَاكِنَةٍ ثُمَّ زَايٍ، وَهُوَ: رِكَابُ كَورِ الْجَمَلِ إِذَا كَانَ مِنْ جِلْدٍ أَوْ خَشَبٍ، وَقِيلَ: لَا يَخْتَصُّ بِجِلْدٍ وَخَشَبٍ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

203. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бану Исроилга биринчи кириб келган камчилик шуки, бир одам бошқа бир одамни кўриб, «Ҳой, Аллоҳдан тақво қил! Тўхта! Нима қиляпсан? У сен учун ҳалол эмас», дер эди, лекин бу уни эртасига ўша одамни яна ўша ҳолатда кўрганда у билан еб-ичишдан, у билан бирга ўтиришдан қайтармас эди». (яъни, ёмон кимса билан муомала қилиб юраверар эди). Мана шундай қилиб юраверишганидан кейин Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини бир-бирига уриб (бир хил қилиб) қўйди. Кейин у зот «Бану Исроилдан куфр келтирганлар Довуд ва Ийсо ибн Марям тилидан лаънатландилар. Бу эса осийлик қилганлари, тажовузкор бўлганлари учун бўлди. Улар қилинган ёмон ишдан бир-бирини қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон! Улардан кўплари куфр келтирганларни дўст тутганини кўрасан. Қасамки, уларга нафслари тақдим қилган нарса – Аллоҳнинг уларга ғазаб қилгани ва азобда мангу қолишлари нақадар ёмон! Агар Аллоҳга, Расулга ва унга нозил қилинган нарсага иймон келтирганларида уларни дўст тутмас эдилар. Лекин уларнинг кўпчилиги фосиқлардир»[1] оятини ўқидилар. Сўнгра яна: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, сизлар албатта яхшиликка буюринглар, мункардан қайтаринглар, золимнинг қўлидан ушлаб, ҳаққа буриб қўйинглар ва ҳақда тутиб туринглар. Ёки Аллоҳ қалбларингизни бир-бирига уриб, бир хил қилиб қўяди. Сўнгра Бани Исроилни лаънатланганидек сизларни ҳам лаънатлайди».

 

Абу Довуд ва Термизийлар ривояти. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

Бу лафз Абу Довудникидир. Термизийнинг ривоятлари лафзида қуйидагича келган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бани Исроил гуноҳларга кўмилиб кетишганида, уламолари уларни гуноҳ қилишдан қайтарди. Лекин улар бундан ўзларини тўхтатишмади. (Қавм тўхтамагандан кейин уламолари ҳам) улар билан бир мажлисда ўтириб, бирга овқатланиб, ичиб (алоқани узмасдан аралишиб) юраверишди. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини бир-бирига уриб (бир хил қилиб) қўйди, улар исён ва ҳаддан ошганликлари сабабли Довуд ва Исо ибн Марям тилидан уларни лаънатлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суяниб турган эдилар, ўтирдиларда: Йўқ, бундай бўлманг! Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, золимларни ҳаққа мойил қилиб, унга уларни маҳкам эгинглар», деб айтдилар».



[1] Моида сураси, 78-81-оятлар.

 

203 - الثَّالِثَ عشَرَ: عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ أَوَّلَ مَا دَخَلَ النَّقْصُ عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ: أَنَّهُ كَانَ الرَّجُلُ يَلْقَى الرَّجُلَ فَيَقُولُ: يَا هَذَا؛ اتَّقِ اللهَ وَدَعْ مَا تَصْنَعُ؛ فَإِنَّهُ لَا يَحِلُّ لَكَ، ثُمَّ يَلْقَاهُ مِنَ الْغَدِ وَهُوَ عَلَى حَالِهِ، فَلَا يَمْنَعُهُ ذَلِكَ أَنْ يَكُونَ أَكِيلَهُ وَشَرِيبَهُ وَقَعِيدَهُ، فَلَمَّا فَعَلُوا ذَلِكَ ضَرَبَ اللهُ قُلُوبَ بَعْضِهِمْ بِبَعْضٍ» ثُمَّ قَالَ: {لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَى لِسَانِ دَاوُدَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ * ذَلِكَ بِمَا عَصَوْا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ * كَانُوا لَا يَتَنَاهَوْنَ عَنْ مُنْكَرٍ فَعَلُوهُ لَبِئْسَ مَا كَانُوا يَفْعَلُونَ * تَرَى كَثِيراً مِنْهُمْ يَتَوَلَّوْنَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَبِئْسَ مَا قَدَّمَتْ لَهُمْ أَنْفُسُهُمْ} إِلَى قَولِهِ: {فَاسِقُونَ} [المائدة: 78، 81} ثُمَّ قَالَ: «كَلَّا، وَاللهِ، لَتَأْمُرُنَّ بالْمَعْرُوفِ، وَلَتَنْهَوُنَّ عَنِ الْمُنْكَرِ، وَلَتَأْخُذُنَّ عَلَى يَدِ الظَّالِمِ، وَلَتَأْطِرُنَّهُ عَلَى الْحَقِّ أَطْراً، وَلَتَقْصُرُنَّهُ عَلَى الْحَقِّ قَصْراً، أَوْ لَيَضْرِبَنَّ اللهُ بِقُلُوبِ بَعْضِكُمْ عَلَى بَعْضٍ، ثُمَّ لَيَلْعَنَنَّكُمْ كَمَا لَعَنَهُمْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. [د 4336 – 4337، ت 3047].

هَذَا لَفْظُ أَبِي دَاوُدَ، وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَمَّا وَقَعَتْ بَنُو إِسْرَائِيلَ فِي الْمَعَاصِي، نَهَتْهُمْ عُلَمَاؤُهُمْ فَلَمْ يَنْتَهُوا، فَجَالَسُوهُمْ فِي مَجَالِسِهِمْ، وَوَاكَلُوهُمْ وَشَارَبُوهُمْ، فَضَرَبَ اللهُ قُلُوبَ بَعْضِهِمْ بِبَعْضٍ، وَلَعَنَهُمْ عَلَى لِسَانِ دَاوُدَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ذَلِكَ بِمَا عَصَوْا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ» فَجَلَسَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ - وَكَانَ مُتَّكِئاً - فَقَالَ: «لَا وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ؛ حَتَّى تَأْطِرُوهُمْ عَلَى الْحَقِّ أَطْراً».

قَولُهُ: (تَأْطِرُوهُمْ): أَيْ تَعْطِفُوهُمْ، (وَلَتَقْصُرَنَّهُ) أَيْ لَتَحْبِسُنَّهُ.

 

Улашиш
|
|
Нусха олиш

204. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Абу Бакр: «Эй инсонлар, сизлар қуйидаги оятни ўқиганмисизлар? «Эй мўминлар, ўзингизни билинг! (Яъни, гуноҳлардан сақланинг!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас» (Моида сураси, 105-оят). Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар золимни кўра туриб, унинг қўлидан тутишмас экан, Аллоҳ яқинда уларга умумий қилиб азоб юборади», деб айтганларини эшитдим», дедилар.

Абу Довуд, Термизий ва Насаийларнинг саҳиҳ санад билан қилган ривояти.

 

204 - الرَّابِعَ عَشَرَ: عَنْ أَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّكُمْ تَقْرَءُونَ هَذِهِ الآيةَ: {يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا عَلَيْكُمْ أَنْفُسَكُمْ لَا يَضُرُّكُمْ مَنْ ضَلَّ إِذَا اهْتَدَيْتُمْ} [المائدة: 105] وَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ النَّاسَ إِذَا رَأَوُا الظَّالِمَ فَلَمْ يَأْخُذُوا عَلَى يَدَيْهِ أَوْشَكَ أَنْ يَعُمَّهُمُ اللهُ بِعِقَابٍ مِنْهُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ، وَالنَّسَائِيُّ بِأَسَانِيدَ صَحِيحَةٍ. [د 4338، ت 2168، سك 11092].


Улашиш
|
|
Нусха олиш