198-ҳадис

198. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилла узукни кўриб қолиб, уни ечиб олиб, ташлаб юбордилар ва: «Баъзиларингиз дўзахнинг чўғини олиб, қўлига тақиб олади-я!» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан сўнг ҳалиги кишига: «Узугингни олиб, ундан (бошқа йўл билан) фойдалан», дейишган эди, «Аллоҳга қасамки, уни асло олмайман. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ташлаб юбордилар-ку!» деди».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Бу ривоятда тилло узук тақишга нисбатан охират азоби таҳдиди эслатилмоқда. Балки, амалий ишдан кейин таҳдидга ўтилмоқда.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилло узукни кўриб қолиб, уни чиқариб олиб, отиб юбордилар»

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта ҳалим ва тавозуъли зот эканликлари маълум ва машҳур. Ҳалимликлари билан шуҳрат топган зотнинг бировнинг қўлидаги тилло узукни суғуриб олиб, отиб юборишлари эркак кишининг тилло узук тақиши қанчалар оғир гуноҳ эканлигини яққол кўрсатади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланиб қолмадилар, балки ортидан қаттиқ гап ҳам айтдилар.

«Сизлардан бирингиз дўзахнинг чўғини олиб қўлига ўрнаштириб олади-я», дедилар».

Бу қўлига тилло узук таққан одам дўзахнинг чўғини узук қилиб тақиб олган билан баробар, деганидир. Албатта, бу услуб кишиларга қаттиқ таъсир қилиши турган гап. Шунинг учун ҳам, ўша мажлисда ўтирганлардан бирортаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида лом дея олмасдан жим қолдилар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан сўнг ҳалиги кишига:

«Узугингни олиб, (бошқа нарсада) фойдалан», дейишди».

Яъни, кимдир юрак ютиб узук эгасига, уни олиб тақмасанг ҳам, бошқа бирор нарса учун ишлат, деган маънодаги гапни айтди. Лекин узук эгасининг бўлари бўлиб битган эди. Унинг ўша тилло узукни умуман кўрарга кўзи йўқ эди.

«Аллоҳга қасамки, уни ҳечам олмайман. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ташлаб юбордилар-ку», деди».

Ҳа, саҳобаи киромларнинг ҳаромдан ҳазар қилишлари шу даражада эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларини бажо келтиришлари ана шундоқ савияда эди.

Ҳозирги кунда мусулмонман деб даъво қилиш билан бирга тилло узук, занжир ва бошқа нарсаларни тақиб олганлар бу ҳолдан ўрнак олишлари керак.

198 - الثَّامِنُ: عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ رَأَى خَاتَماً مِنْ ذَهَبٍ فِي يَدِ رَجُلٍ، فَنَزَعَهُ فَطَرحَهُ وَقَالَ: «يَعْمَدُ أَحَدُكُمْ إِلَى جَمْرَةٍ مِنْ نَارٍ فَيَجْعَلُهَا فِي يَدِهِ!!» فَقِيلَ: لِلرَّجُلِ بَعْدَ مَا ذَهَبَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: خُذْ خَاتَمَكَ، انتَفِعْ بِهِ. قَالَ: لَا وَاللهِ؛ لَا آخُذُهُ أَبَداً وَقَدْ طَرَحَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2090].


Улашиш
|
|
Нусха олиш