218-ҳадис

218. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган одам ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк этган одам ҳақиқий муҳожирдир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Имом Термизий ва Насаийлар ривоятида: «Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласи зиёда келган.

Ушбу ҳадисда ҳамда унга Термизий ва Насаийлар ривоятидаги қўшимчада учта муҳим масала, учта муҳим таъриф келмоқда. Яъни, ҳақиқий афзал мусулмон, афзал муҳожир ва афзал мўмин ҳақида баҳс юритилмоқда. Ушбу ҳадисда келган мусулмон, муҳожир ва мўмин таърифи афзаллик таърифидир. Мисол учун,

«Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган одам ҳақиқий мусулмондир» деган жумладан «мусулмонларга тили ва қўли билан озор етказган одам мусулмон бўлмайди» деган маъно чиқмайди. Бу таърифлардаги гаплар, «фалончини одам деса бўлади», «фалончи ҳақиқий одам» қабилидаги гапга ўхшайди. Исломнинг беш рукнларига амал қилган одам мусулмон ҳисобланаверади. Аммо мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал мусулмонни бундоқ таърифлашларида оз сўз билан улкан маънони англатиш, луғат бойликларидан усталик билан фойдаланишнинг олий мақомлари ўз аксини топгандир.

Ислом, мусулмон сўзлари «саломатлик» «тинч­лик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда.

«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзони кўзда тутилган эмас. Одатда, кўпроқ одамларга тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади.

«Муҳожир» ҳижрат қилувчи (бошқа жойга кўчувчи) деганидир. Ҳижрат Аллоҳнинг йўлида, дину диёнат йўлида элу юртининг фироқига учрашдир. Бу улуғ мақом Исломда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар мушриклар тазйиқи туфайли она юртлари–Маккаи Мукаррамани ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан бошланган.

 «Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк этган одам ҳақиқий муҳожирдир», демоқдалар. Бу таъриф ҳам худди аввалги таърифда зикр қилинган нарсаларни ўзида мужассам қилгандир. Луғавий маъноси ватан, элу юрт ҳижронидан иборат бўлган ҳижрат Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқда бўлишда ҳам собит бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Дину диёнат учун ватанидан, яқин қариндошларидан узоқда бўлиш муҳожирлик, деб аталади. Шу боис, Аллоҳ қайтарган ишлар-гуноҳлардан узоқда бўлишлик ҳам дин-диёнатга амал қилиш учун бўлгани туфайли муҳожирлик, деб аталмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлик мақомига эришиш йўлини осонлаштириб, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтган одам–муҳожир эканини эълон қилиб қўйибдилар. Ўзи шундоқ ҳам Аллоҳ қайтарган ҳар бир нарсадан қайтиш–мусулмон банданинг бурчи. Аммо меҳр ила, шафқат ила, бурчни бажарган одамга мукофот–муҳожирлик мақоми эълон қилинибди. Хўш, бу мукофотга мусулмонлар қанчалик интилмоқдалар?! Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қанчалик қайтмоқдалар? Аллоҳ таоло мусулмонларни ёлғондан, ҳаромдан, ароқдан, зинодан, зулмдан, ўғриликдан, алдамчиликдан ва бошқа кўпгина нарсалардан қайтарган. Агар ушбу ҳадисга амал қилганимизда, ушбу разолатлар жамиятимизда мутлақо бўлмас эди.

 

Энди, Термизий ва Насаий ривоятларида келган:

«Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» деган таърифга тўхталайлик. Иймон, мўмин сўзлари «омонлик», «ишончли» маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда «хушфеъл» маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни, ўз жонлари ва молу мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари ҳамиша комил бўлади.

Мўминлик ана қандоқ яхши нарса! Мўминни кўрган одам ундан хурсанд бўлади, унга ҳавас қилади. Мўминлиги учун унга жонини, молини ишонади. Чунки мўминлик омонлик тимсолидир. Афсуски, ҳозирда мўминлик даъвосини қилиб юрган айрим кишиларнинг қилмишларидан динга янги юзланганлар нафратланиб, ҳатто диндан қайтиб кетган ҳоллари содир бўлмоқда. Ислом таълимотларидан, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан узоқлашишнинг оқибати–шу!

218 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللهُ عَنْهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 10، م 40].


Улашиш
|
|
Нусха олиш