26-КИТОБ
26-боб Зулмнинг ҳаромлиги ҳамда ноҳақликни эгасига қайтаришга буйруқ ҳақида
26- بَابُ تَحْرِيمِ الظُّلْمِ، وَالأَمْرِ بِرَدِّ الْمَظَالِمِ
(26)
26-BOB

 26-боб. Зулмнинг ҳаромлиги ҳамда ноҳақликни эгасига қайтаришга буйруқ ҳақида

 

Аллоҳ таоло: «Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни, шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир сураси, 18-оят).

«Золимлар учун бирон ёрдамчи йўқдир» (Ҳаж сураси, 71-оят), деб айтган.

Бу мавзуимизга Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган «Мужоҳада» бобидаги 116-рақамли ҳадис ҳам далил бўлади.

26- بَابُ تَحْرِيمِ الظُّلْمِ، وَالأَمْرِ بِرَدِّ الْمَظَالِمِ


قَالَ اللهُ تَعَالَى: {مَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ حَمِيمٍ وَلَا شَفِيعٍ يُطَاعُ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ نَصِيرٍ}.

وَأَمَّا الأَحَادِيثُ فَمِنْهَا:

حَدِيثُ أَبِي ذَرٍّ الْمُتَقَدِّمُ فِي آخِرِ (بَابِ الْمُجَاهَدَةِ). [برقم 116].

 

(26)

210. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Зулмдан сақланинглар, чунки зулм Қиёмат кунида зулматдир. Бахилликдан сақланинглар, чунки бахиллик сизлардан аввалгиларни ҳам ҳалок қилган, уларни ўзаро қон тўкиш ва ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол қилишгача олиб борган».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Зулм Ислом дини наздида мункар ва ҳаром иш. Ер юзида зулм қолмаслиги керак. Мусулмонлар доимо зулмга қарши курашмоқлари керак. Жумладан, мазлумга ёрдам бермоқлари лозим. ҳар ким имконига қараб, кимдир гап-сўз билан, кимдир амал билан мазлумдан зулмни кўтаришга уриниши керак.

«(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил» деб ўйламанг!»

Биз ҳаётимизда зулмнинг турли кўринишларига дуч келамиз. Баъзида бу ишнинг зулм эканини ҳам унутиб қўямиз. Хўш ўзи зулм нима? Унинг қандай турлари бор?!

Зулм сўзи араб тилида «Золама» феълидан олинган бўлиб, луғатда “ҳаддан ошиш”, “адолатсизликка йўл қўйиш” деган маъноларни англатади.

Истилоҳда эса, бирор бир масалада ҳақ устидан ботилга ўтиб кетиш, адолатсизлик қилишга нисбатан айтилади.

Зулмнинг бир неча турлари бор:

1) Аллоҳ таоло ҳаром қилган жонни ўлдириш. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳадиси шарфларда марҳамат қилганларидек, ҳаром қилинган жонни ўлдириш бу зулмдир. Яъни қурбонлик учун, ёхуд бизга зарар етказмаслиги учун қурбонлик қилиб ўлдиргадиган жонзотлардан ташқари жонларни ўлдириш назарда тутилмоқда.

2) Аёл ўз эрининг ҳақларини бузиши. Эр ўз аёлига моли, жони ва ҳатто болаларини ишониб топширади. Бундан ташқари эрнинг ўз аёли устидаги ҳақлари ҳам мавжуд. Агар аёл ушбу ҳақларни бузса, у ўз эрига зулм қилган бўлади.

3) Етимнинг молини ейиш. Етим фарзанд аслида ўз ота-онасидан айрилиб, мусибатга ботган ҳисобланади. Айни шу ҳолида унинг молини ейиш унга нисбатан жуда ҳам катта зулмдир.

4) Инсон ўзига ўзи зулм қилиши. Дин жиҳатидан қаралганда инсон тоат-ибодатлардан узоқлашиб, маъсиятларга берилиб кетиши ўзи учун нисбатан амалга оширган зулмидир. Бундан ташқари инсон ўз соғлигига тўғри келмайдиган, умрининг озайишига олиб келадиган ҳар қандай ишларни қилиши ҳам ўзи учун зулмдир.

5) Гуруҳ бўлиб йиғилган молдан ейиш. Бир гуруҳ инсонлар бирор нарса учун пул йиғсалар-у бошқа бир инсон уларнинг розилигисиз у пулдан олиши ҳам зулмдир.

6) Инсонлар ҳаққини бермаслик. Бу ҳолатга ҳаётимизда жуда ҳам кўп бора дуч келамиз. Бирор инсон билан бир иш устида келишсакда, унинг ҳаққини ўз вақтида бермасак у инсонга нисбатан зулмдир. Бунга мисол қилиб бировдан қарз олган инсонни ҳам айтишимиз мумкин. Қарздор ўз қарзини вақтида бермаслиги қарз берган инсонга нисбатан зулмдир.

7) Тарозидан уриб қолиш. Агар сотувчи ҳаридор айтган миқдорда махсулот тортмай, балки озайтириб бериши нафақат харидор ҳаққини ҳаром йўл билан олиши, балки харидорга нисбатан зулм ҳамдир.

8) Савдо-сотиқ жараёнига ўз маҳсулотини сотиш учун ёлғон қасам ичиш. Бу ҳам ҳаридор ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб, унга зулм қилишликдир.

Бундан ташқари зулмнинг бир неча турлари бор. Бировнинг ҳақ ҳуқуқларини поймол қилишлик ва уни устидан ҳукмронлик қилиш, уни уриш, ҳақоратлаш ила инсонларга зулм қилиб қўйиш мумкин.

Баъзи инсонлар жуда ҳам кўп зулм қилганларидан қилаётган ишлари зулм эканини билмай ҳам қоладилар. Аллоҳ таоло Шуъаро сураси, 227-оятда қуйидагича марҳамат қилади: «Золим кимсалар яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб олурлар».

Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам золимлар қисмати қандай эканини қуйидагича марҳамат қиладилар:

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта Аллоҳ золимга узоқ умр беради. Уни ушлаган вақтда эса, қутула олмайди», деб Ҳуд сурасининг 102-оятини ўқидилар”.

Аллоҳ таоло зулмни шу қадар ёмон кўрганидан ҳадиси қудсийда: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманглар» дея бандаларга хитоб қилган.

Мана зулм нима-ю унинг оқибатлари нимага олиб келиши ҳақида билиб олдик. Агар инсон зулм қилаётганини билиб қолса, энди нима қилиши керак?!

Аввало Аллоҳ таолога тавба қилиши ва бу оғир гуноҳга умри давомида қайтмаслигига амин бўлиши, ўзини ўзи тарбиялаб бориши, Аллоҳ таоло буюрган ишларни қилиб қайтарганларидан қайтиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига итоат этиши, золимлар қилаётган ишларга ақлан қараши, мазлумларнинг бечора аҳволларини тушуниб етиши, золимларнинг охиратда оқибатлари нима бўлишини эслаб, тафаккур қилиши лозим. Ана шунда инсон ўз-ўзидан бу ишлари нотўғрилигини ҳис қилиб, унда ачиниш ҳисси пайдо бўлади, Аллоҳга тавба қилади, албатта Аллоҳ мағфирати кенг зотдир.

Бахиллик, хасислик, очкўзлик ва баднафслик энг тубан маънавий иллатлардан ҳисобланади. Инсон ўзини ўзи тафтиш қилиб юрмаса, ўз нафсини қийнаб бўлса ҳам сахийликка, олийжанобликка одатлантирмаса бундай илатларга мағлуб бўлиши ҳеч гап эмас.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қораланган ёмон хулқлардан бири бахилликдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:  “Аллоҳ уларга Ўз фазлидан ато қилиб қўйган нарсаларда бахиллик қилувчи кимсалар бу ишларини ўзлари учун яхшилик деб ўйламай қўя қолсинлар. Балки, бу ишлари улар учун ёмонликдир. Ўша бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак!” ("Оли Имрон" сураси, 180-оят).

Бахиллик Қуръони каримнинг кўплаб оятларида ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларида мазаммат қилинади, барча улуғ зотлар, олиму фозиллар, зоҳиду обидлар томонидан қораланади ва барча халқларда жирканч ва тубан хулқ деб билинади. Агар бироз фикр юритсак, бахиллик нафсда мавжудлиги, нафслар бу разилликка ўта мойил эканлигини тушунамиз. Шу билан бирга ундан қутулиш, сақланиш ҳам мумкинлигини англаймиз.

Ҳа, инсон ўзгаларга холис эҳсон қилар экан ўша эҳсонининг кўламига қараб унинг аммора нафси қийналади, талвасага тушади ва зўр бериб бу ишдан қайтаришга ундайди. Ояти каримада айтилгани каби шайтон унга "агар бу пулингни бериб юборсанг ўзинг муҳтож бўлиб қоласан" каби сўзлар билан фақирликдан қўрқитади. Шунда инсон шайтоннинг эмас балки, Аллоҳнинг ваъдасига қулоқ тутиши маъқулдир. Аллоҳ эса саховат ва эҳсон учун мағфират ва фазлни ваъда қилади. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида бахиллик ва баднафсликдан қайтариб шундай дейди: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз. Шубҳасиз, Раббингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг ҳам, танг ҳам қилур. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб турувчи зотдир”. ("Исро" сураси, 29-30 оятлар)

Бахиллик фақат пул бериш, таомлантириш каби улуғ фазилатлардан ўзини тийишда чекланиб қолмайди. Ўзидаги ҳунар, билим ёки касбни шогирдларига ўргатмаслик ҳам бахилликка киради. Керак бўлган ўринда обрў ва мартабасини ишлатиб одамларга яхшилик қилмаслик ҳам бахилликнинг бир кўринишидир.
Иймон билан бахиллик бамисоли ўт билан сув каби бир-бирига ёт нарсалардир.

 

210 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اتَّقُوا الظُّلْمَ؛ فَإِنَّ الظُّلْمَ ظُلُمَاتٌ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، وَاتَّقُوا الشُّحَّ؛ فَإِنَّ الشُّحَّ أَهْلَكَ مـَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ، حَمَلَهُمْ عَلَى أَنْ سَفَكُوا دِمَاءَهُمْ وَاسْتَحَلُّوا مَحَارِمَهُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2578]


Улашиш
|
|
Нусха олиш

211. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни барча ҳақларни эгаларига адо қиласизлар. Ҳаттоки шохсиз қўйга шохли қўйдан қасос олиб берилади», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

211 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَتُؤَدُّنَّ الْحُقُوقَ إِلَى أَهْلِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ، حَتَّى يُقَادَ للشَّاةِ الْجَلْحَاءِ مِنَ الشَّاةِ الْقَرْنَاءِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2582].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

 212. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам орамиздаликларида видолашув ҳажи деб гапирар эдик, лекин видолашув ҳажи нима эканини билмас эдик. У зот Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг Масиҳ Дажжолни зикр қилдилар ва у ҳақда узоқ гапирдилар. У зот: «Аллоҳ қай бир набийни юборган бўлса, у ўз умматини албатта огоҳлантирган. Нуҳ ҳам, ундан кейинги набийлар ҳам ундан огоҳлантирганлар. У ораларингиздан чиқади. Унинг қандайлиги сиз учун махфийдир» деб, сўнг: «Лекин Роббингизнинг бир кўзли эмаслиги сиз учун махфий эмас. Дажжолнинг эса ўнг кўзи йўқ. Кўзи худди бўртиб турган узум донасига ўхшайди», дедилар».

«Огоҳ бўлинг, Аллоҳ қонларингиз ва молларингизни шу кунингиз, шу юртингиз ва шу ойингиз ҳарамлиги каби сизларга ҳарам қилди. Ҳой, етказдимми?» дедилар. «Ҳа», дейишди. Кейин уч марта «Аллоҳим, Ўзинг гувоҳ бўл!» деб, сўнг «Ҳолингизга вой бўлсин [ёки Шўрингиз қурсин], қаранглар, мендан кейин бир-бирининг бўйнига (қилич) урадиган кофирларга айланиб кетманглар!» дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари. Баъзисини имом Муслим ривоят қилдилар.

 

Шарҳ: Барчамизга маълумки, Дажжол қиёмат қоим бўлиши олдидан ер юзида чиқиб, кўплаб одамларнинг йўлдан адашишларига сабаб бўладиган махлуқдир. У ҳақида баъзи савол-жавобларни келтирсак.

- Дажжол қаерда яшайди?

- Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган оролда.

- Дажжол чиққанидан кейин қанча яшайди?

- 40 кун яшайди.

- Бу кунларнинг узунлиги қай даражада бўлади?

- Дажжол чиққан биринчи кун бир йилдек, иккинчи кун бир ойдек, учинчи кун бир ҳафтадек, қолган кунлар бизнинг кунларимиздек ўтади.

- Дажжолнинг ёнида нималар бўлади?

- Ёнида жаннат, дўзахи ёки икки дарё бўлиб, бири муздек, иккинчиси алангаланиб қайнаб турган бўлади.

- Ундаги жаннат ва дўзах ҳақиқийми?

- Йўқ, ундаги жаннат аслида дўзах, дўзах эса аслида жаннатдир.

- Дажжолнинг тезлиги қанчалик бўлади?

- У шамол каби тез юради. Ҳадиси шарифда шундай келган:

“Эй Расулуллоҳ! У ер юзида қандай тезликда ҳаракат қилади?” “Ортидан шамол эсган ёмғирли булут каби. У бир қавмга келиб, даъват қилади. Улар унга иймон келтириб, даъватини қабул қиладилар...” (Имом Муслим 2937. Имом Термизий 2240).

- Дажжол қаерларга кира олмайди?

- Тўрт жойга кира олмайди: Маккага, Мадинага, Қуддусга, Тур тоғига. Бир ҳадисда бундай дейилган: “Дажжолнинг оёғи, биронта маконга етмай қолмайди. Лекин Макка, Мадина, Байтул-мақдис ва Тур тоғи бундан мустасно. Чунки фаришталар уни бу жойлардан қувиб чиқаради”. (Имом Қуртубийнинг “Тазкира” китоби).

- Дажжол неча кишини ўлдиради?

- Бир мўмин йигитни ўлдиради. У йигит ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бу (мўмин киши) оламлар Роббиси ҳузурида шаҳидларнинг энг улуғидир”. (Имом Муслим, Имом Бухорий ривоятлари).

- Дажжолнинг шакли қандай?

Саид ибн Жумҳон Сафийнадан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба ўқиб, шундай дедилар: “Ҳар бир Набий умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Огоҳ бўлинглар, унинг чап кўзи ғилай. Ўнг кўзининг устида ортиқча эти бор. Икки кўзининг ўртасига “кофир” деб ёзилган...” (Тайолиси ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Бошқа бир ҳадисда “Ўқишни биладиган ва билмайдиган ҳар бир мўмин уни ўқий олади” дейилган.

- Дажжолни ким ўлдиради?

- Аллоҳнинг Набийси Исо алайҳиссалом ўлдирадилар.

- Ер юзида Дажжолнинг фитнасидан каттароқ фитна бўлганми?

- Ер юзида Дажжол фитнасидан кўра каттароқ фитна бўлмаган.

Абу Умома ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга нидо қилиб, шундай дедилар:

“Эй инсонлар! Аллоҳ Одам зурриётини яратгандан бери, ер юзида Дажжол фитнасидан кўра каттароқ фитна бўлмаган. Аллоҳ азза ва жалла биронта Набийни юборган бўлса, албатта, у умматини Дажжолдан огоҳлантирган. Мен набийларнинг сўнггисиман. Сизлар энг сўнгги умматсиз. Шубҳасиз, у сизларга чиқади. Агар у мен орангизда бўлган вақтда чиқса, мен ўзим ҳар бир мусулмон учун у билан ҳужжатлашиб (ғолиб чиқаман). Агар у мендан кейин чиқса, ҳар бир киши ўзи учун ҳужжатлашади. Аллоҳ менинг ўрнимга ҳар бир мусулмонга ёрдам беради...» (Ибн Можа ривояти).

- Дажжол қаердан чиқади ва унга кимлар эргашади?

- Дажжол шарқдан, аниқроғи, Хуросондан... Исфахоннинг Яҳудийя номли қишлоғидан чиқади. Сўнгра Ироқ билан Шом ўртасидаги Ҳижоз ерига боради.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дажжол машриқдан, Хуросон деган ердан чиқади. Юзлари тери қопланган совутга ўхшайдиган гуруҳлар унга эргашади”.

(Имом Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

- Дажжолга дунёдаги барча кофирлар, яҳудийлар, шу жумладан, Исфаҳон яҳудийларидан етмиш мингтаси эргашади. Қолаверса, мусулмонлар ичидаги жоҳиллар, илмсизлар, авомлар, аёллар ва ёш болалар эргашиб кетишлари айтилган.

- Дажжол сўзининг маъноси нима?

- Дажжол сўзининг луғавий маъноларидан бири “Ерни кесиб ўтувчи” деганидир. Бу малъун, узоқ масофаларни тезлик билан босиб ўтишда, ерни тез суратда айланиб чиқишда ғайриоддий қудратга эга. Шунинг учун унга “Дажжол” деб ном берилган. У ер юзини хачирга ўхшайдиган думсиз эшагига миниб, айланиб чиқади. Эшагининг икки қулоғи ораси қирқ зироъ келади. Дажжол шамол ҳаракатлантирган ёмғирли булут каби, ер юзида тез суръатда ҳаракат қилади. Бу ҳам Аллоҳ бандаларига юборадиган синовлардан ҳисобланади.

- Дажжолдан қутулиш учун нима қилиш керак?

- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларда айтган ишларни қилиш керак.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилар эдилар: “Аллоҳим! Мен Сендан, дангасаликдан, қариб-қартайишдан, гуноҳдан, қарздор бўлишдан, қабр фитнаси ва қабр азобидан, дўзах фитнаси ва дўзах азобидан ва бойлик фитнасининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Мен Сендан яна фақирлик фитнасидан паноҳ беришингни, Масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим! Менинг хатоларимни сув, қор ва дўл билан ювгин. Оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбимни ҳам хатолардан тозалагин. Машриқ билан Мағрибни узоқлаштирганинг каби мен билан хатоларим орасини ҳам узоқлаштиргин”. (Бешовлари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

Демак, доим дуоларимизда ушбу дуони ҳам қилиб юришимиз керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Сизлардан биронта киши Дажжолга йўлиқса, унга Каҳф сурасиниг аввалини ўқисин”. (Имом Термизий ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай дедилар:

“Сизлардан биронта киши Дажжолга дуч келса, унинг юзига тупурсин ва Каҳф сурасиниг аввалини ўқисин”. (Имом Табароний ривоят қилганлар).


212 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنَّا نَتَحَدَّثُ عَنْ حَجَّةِ الْوَدَاعِ وَالنَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بَيْن أَظْهُرِنَا، وَلَا نَدْرِي مَا حَجَّةُ الْوَدَاعِ، حَتَّى حَمِدَ اللهَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ، ثُمَّ ذَكَرَ الْمَسِيحَ الدَّجَّالَ فَأَطْنَبَ فِي ذِكْرِهِ، وَقَالَ: «مَا بَعَثَ اللهُ مِنْ نَبِيٍّ إلَّا أَنْذَرَهُ أُمَّتَهُ؛ أَنْذَرَهُ نُوحٌ وَالنَّبِيُّونَ مِنْ بَعْدِهِ، وَإِنَّهُ يَخْرُجُ فِيْكُمْ: فَمَا خَفِيَ عَلَيْكُمْ مِنْ شَأْنِهِ فَلَيْسَ يَخْفَي عَلَيْكُمْ، إِنَّ رَبَّكُمْ لَيْسَ بِأَعْورَ، وَإِنَّهُ أَعْورُ عَيْنِ الْيُمْنَى، كَأَنَّ عَيْنَهُ عِنبَةٌ طَافِيَةٌ.

أَلَا إِنَّ اللهَ حَرَّمَ عَلَيْكُمْ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ، كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا، فِي بَلَدِكُمْ هَذَا، فِي شَهْرِكُمْ هَذَا، أَلَا هَلْ بَلَّغْتُ؟» قَالُوا: نَعَمْ، قَالَ: «اللَّهُمَّ اشْهَدْ – ثَلَاثاً – وَيْلَكُمْ - أَوْ: وَيْحَكُمْ - انْظُرُوا: لَا تَرْجِعُوا بَعْدِي كُفَّاراً يَضْرِبُ بَعْضُكُمْ رِقَابَ بَعْضٍ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ، وَرَوَى مُسْلِمٌ بَعْضَهُ. [خ 4402، م 66/120، 169، 169/100 في الفتن، باب ذكر الدجال].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

213. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир қарич ерни ноҳақ ўзлаштириб олса, унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Умавийлар даврида  Расулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг улуғ саҳобийларидан, ашараи мубашшаралардан бири, Саид ибн Зайд билан Мадина аҳли уни узоқ вақт гапириб юрадиган ҳодиса содир бўлди. Арво бинти Увайс Саид ибн Зайд унинг ерини бир қисмини босиб олиб ўзининг ерига қўшиб олди деб даъво қилди. Аёл гапини мусулмонлар орасида тинмай қайтарар ва ҳаммага айтиб берар эди. Сўнгра ишини Мадинаи мунаввара волийси Марвон ибн Ҳакамга олиб чиқди. Марвон бу ҳақида гаплашиш учун Саид ибн Зайднинг олдига бир қанча одамларни юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соҳобасига бу иш жуда оғир ботди ва уларга шундай деди: “Мени у аёлга зулм қилаяпди деб ўйлаяпсизларми!! Қандай қилиб унга зулм қиламан?! Ахир мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир қарич ерни ноҳақ ўзлаштириб олса, унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади” деганларини эшитганман. Эй Аллоҳ у аёл мени унга зулм қилди деб даъво қилаяпди. Агар ёлғончи бўлса унинг кўзини кўр қилгин ва уни мен билан талашаётган ердаги қудуғига улоқтиргин. Мен унга зулм қилмаганимни мусулмонларга баён қиладиган ҳужжатни зоҳир қилгин”.

Орадан кўп ўтмай Мадинанинг Ақиқ водийсида олдин унинг мисли кузатилмаган кучли сел оқди. Сел иккаласи ихтилоф қилаётган чегарани очиб ташлади. Шунда барча мусулмонларга Саид ибн Зайдни ростгўй эканлиги равшан бўлди. Шундан кейин бир ой ўтмасдан аёл кўр бўлиб қолди ва ўша ерини айланиб юрганида қудиғига йиқилди. Абдуллоҳ ибн Умар айтади: Биз ёшлигимизда бир инсон бошқаси билан уришиб қолса: “Аллоҳ сени Арвони кўр қилганидек кўр қилсин” деганини эшитар эдик.

Буни ҳеч ажабланарли жойи ҳам йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мазлумнинг дуосидан сақланинг, чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ” дер эдилар. Агар бу мазлум тириклигида жаннат башоратини олган ўнта саҳобийдан бири Саид ибн Зайд бўлсачи?!

Инсонларнинг ҳаққи борасида Аллоҳдан қўрқайлик. Аллоҳнинг ҳузурига Аллоҳ билан ўзи ўртасидаги мингта гуноҳ билан бориш, гарданида банданинг ҳаққи билан боришдан яхшироқдир. Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ва авфи билан Ўз ҳаққидан истаса воз кечиши мумкин. Аммо адолати билан бандалар ҳаққини олиб беради.

Эй меросдаги ака-укалари ҳаққини эгаллаб олганлар! Эй мардикорни ишлатиб ҳаққини бермасдан ҳайдаб юборганлар! Эй гувоҳсиз бировдан қарз олиб ундан тонадиганлар! Эй ёлғон гувоҳлик бериб ҳақни ноҳақ ва ноҳақни ҳақ қиладиганлар! Ўзингизга келинг. Охират маҳкамаси қоим қилиниб самолар ва ернинг Қозиси маҳкамага тортмасидан ҳақларни эгаларига қайтаринг. У ерда доллар йўқ, сўм йўқ. Ўша кунда золим қутилиш учун бутун борлиғини беришга тайёр бўлади. Аммо ундан қабул қилинмайди.

Бугун амал бор, жазо йўқ. Эртага эса жазо бор, амал бўлмайди. Ҳаром қилинган қонни тўкмасдан, бировга зулм қилмасдан Аллоҳга йўлиққанларга, бировнинг обрўсини тўкмасдан, молини емасдан охиратга борганларга саломлар бўлсин!

213 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ ظَلَمَ قِيدَ شِبْرٍ مِنَ الأَرْضِ طُوِّقَهُ منْ سَبْعِ أَرَضِينَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2453، م 1612].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

214. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ золимга фурсат беради, ниҳоят, уни тутганда эса қочирмайди», дедилар. Кейин «Роббинг золим шаҳар-қишлоқларни олганида ана шундай олади. Албатта, унинг олиши аламлидир, шиддатлидир»ни қироат қилдилар».

(Ҳуд сураси, 102-оят).

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг азобидан эҳтиёт бўлмаслик золим бўлишга ва золимликни давом эттиришга олиб боради. Аммо вақтинчалик азоб келмаслиги Аллоҳ таолонинг азобидан эҳтиёт бўлмаса бўлаверар экан, фалончи шунча зулм қилса ҳам ҳеч нарса бўлмади-ку, деган фикрга зинҳор бормаслик керак. Аллоҳ таоло муҳлат беради ва жазосиз қўймайди.

214 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ لَيُمْلِي لِلظَّالِمِ، فَإِذَا أَخَذَهُ لَمْ يُفْلِتْهُ، ثُمَّ قَرَأَ: {وَكَذَلِكَ أَخْذُ رَبِّكَ إِذَا أَخَذَ الْقُرَى وَهِيَ ظَالِمَةٌ إِنَّ أَخْذَهُ أَلِيمٌ شَديدٌ}. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 4686، م 2583].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

215. Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени (Яманга) юбораётиб, шундай дедилар: «Сен аҳли китоб қавмдан бирининг ҳузурига боряпсан. Уларни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва менинг Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик беришга чақир. Агар улар бунга итоат қилишса, Аллоҳ уларга ҳар кеча-кундузда беш маҳал намозни фарз қилганини билдир. Агар бунга итоат қилишса, Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, фақирларига бериладиган закотни фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, (закот олишда фақат) энг яхши мол-мулкини олишдан эҳтиёт бўлгин. Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўлгин, чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқдир».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи ҳижрий санада, Видолашув ҳажидан аввал Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга волий, қози ва муаллим этиб юборганлар. Бу ҳодиса жуда машҳур бўлиб, кўпгина ҳадислар бу ҳақда турли маънодаги баёнларни ифода этган. У ҳадисларнинг ҳар бири Ислом давлати раҳбари томонидан чет вилоятларга волий, қози ва муаллим юбориш ишининг намунаси, қўлланмаси бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк раҳбарлик услублари, ўз вакилларини юбораётган юрт ва унинг шароитлари, одамларнинг маълумотларини ҳисобга қандай олганлари очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Албатта, сен аҳли китоб қавмнинг ҳузурига борасан», деганларини яманликлар яҳудий ёки нас­роний эканлар, деб тушунмаслик керак. Яман эски маданий марказ бўлгани учун ўқиш-ёзишни биладиган, илмли, Таврот ва Инжилдан хабардор одамлар борлиги кўзда тутилиб, улар аҳли китоб, деб аталмоқда. Демак, бир жойга вакил бўлиб борадиган одам борган жойнинг одамлари билан муомала қилганида адашиб кетмаслиги учун бу ҳолатни эътиборга олиши керак.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бошқа қавмга борган мусулмон вакил уларга аввало иймонни талқин қилиши зурурлиги.

Уларни Аллоҳни бир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ Пайғамбар деб гувоҳлик беришга даъват қилиши зарурлиги. Бу эса, мусулмонлар қаерга борса, уруш бошлаганлар, деган даъвонинг ботил эканини кўрсатади.

2. Иймон келтирган одамга дарҳол намоз фарз эканини баён қилиш лозимлиги.

Банда шаҳодат калимасини айтиш ила мўмин-мусулмонлар жамоасига аъзо бўлади, энди шу жамоанинг аъзоси сифатида Аллоҳ томонидан фарз қилинган амалларни ўташинг керак; улар намоз, закот, рўза, ҳаж, деб тушунтиришга ўтилган.

3. Бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз экани. Намозни Аллоҳ фарз қилгани. Ким намоз ўқимаса, Аллоҳга қарши чиққан ҳисобланиши.

4. Закотни ҳам Аллоҳ таоло фарз қилгани.

Муҳаммад алайҳиссалом ёки Ислом давлати томонидан солинган солиқ эмаслиги.

5. Ислом фақат қалбдаги эътиқод, тилдаги гап эмас, балки ҳаётдаги тўла амал, ҳаттоки мол-мулкдаги тасарруфот ҳам экани.

6. Закотни бойлардан олиниб, камбағалларга берилиши.

Закот билан шуғулланадиган махсус идора ва кишилар бўлган. Уларнинг Қуръондаги номлари Омили закот, яъни, закот ишчисидир. Бизда закотчи, деб таржима қилинган. Ана ўша масъул кишилар закот илмини яхши билганлар. Одамларнинг закотини ҳисоб-китоб қилиб олиб, ҳақдорларга бўлиб берганлар.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «бойларидан олиб камбағалларига қайтариладиган», деганларидан уламоларимиз ҳар бир юрт­нинг бойларидан олинган закот ўша юртнинг камбағалларига тарқатилади, деган ҳукмни олганлар.

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи Хуросондан тўпланиб, Шомга олиб келтирилган закотни яна Хуросонга қайтариб юборган. Чунки ўз юртида ҳожат бўлатуриб, закотни бошқа томонга олиб кетиш турли гап-сўзларга, норозиликларга, ҳатто юрт раҳбарларига қарши фитналар, ҳаракатлар уюштирилишига сабаб бўлиши мумкин. Зотан, адолат юзасидан ҳам тўғри келмайди. Агар закот тўпланган юртда унга ҳожат бўлмасагина у бошқа юртга олиб бориб тарқатилади.

8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «яхши молларини олишдан ҳазир бўл», деганлари закотчилар учун умумий қоидадир.

Закотчи, мисол учун, бировнинг қўйларини санаб, ўнта қўйни закотга олишни аниқлади дейлик. Шунла қўрадаги энг яхши ўнта қўйни танлаб олмайди. Балки яхшиларини эгасига қолдиришга ҳаракат қилади.

Бунинг муқобили ўлароқ, закот берувчига энг ёмон молни закотга бермаслик тарғиб қилинган, у ҳам бунга амал қилишга ўтади. Натижада ўртача сифатга эга қўйлар закот учун олинади.

Бу қоида ҳамма нарсанинг закотида ҳам қўлланилади. Чунки бир кишининг моли ичидаги энг яхшиларига унинг алоҳида муҳаббати бўлади. Бошқасини олиш имкони бўла туриб, закотчи танлаб-танлаб, айнан мол соҳиби яхши кўрганларини олиб кетса, мол соҳиби кўнглида ғашлик қолиши мумкин.

9. Мазлум кишининг дуосидан қўрқиш.

Бу золимларга танбеҳ бўлиши керак. Бировга зулм қилган одам эртами-кечми офатга, дуои бадга учраши турган гап. Чунки золимнинг зулмини кўрган мазлум, ўзига ўхшаш бир банда томонидан хорланса ҳам Аллоҳ томонидан тақдирланади. Аллоҳнинг ҳузурида мазлум инсоннинг мартабаси кўтарилади. ҳаттоки, Аллоҳ ўртадаги пардани ҳам кўтариб қўяди. Мазлумнинг дуосини тўсиқсиз қабул қиладиган бўлади. Ана ўшанда мазлум қилган дуо кўп нарсаларга сабаб бўлиши мумкин. Золим бўлмаган кишилар ҳам мазлумнинг дуосидан сақланиб юришлари, яъни, унга ёмонлик қилмасликлари лозим. Аксинча, кўнглини кўтариб, яхшилик қилиб дуосини олишга уринишлари керак.

Албатта, бу ҳадисда Исломнинг рукнлари ва фарз­ларининг бир қисми баён қилинди.

215 - وَعَنْ مُعَاذٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: بَعَثَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «إنَّكَ تَأْتِي قَوْماً مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ، فَادْعُهُمْ إِلَى شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إلَّا اللهُ، وَأَنِّي رَسُولُ اللهِ، فَإِنْ هُمْ أَطَاعُوا لِذَلِكَ، فَأَعْلِمْهُمْ أَنَّ اللهَ قَدِ افْتَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِي كُلِّ يَومٍ وَلَيْلَةٍ، فَإِنْ هُمْ أَطَاعُوا لِذَلِكَ، فَأَعْلِمْهُمْ أَنَّ اللهَ افْتَرَضَ عَلَيهِمْ صَدَقَةً تُؤْخَذُ مِنْ أَغْنِيَائِهِمْ فَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ، فَإِنْ هُمْ أَطَاعُوا لِذَلِكَ، فَإِيَّاكَ وَكَرَائِمَ أَمْوَالِهِمْ. وَاتَّقِ دَعْوَةَ الْمَظْلُومِ؛ فَإِنَّهُ لَيْسَ بَيْنَهَا وَبَيْنَ اللهِ حِجَابٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1496، م 19].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

216. Абу Ҳумайд Абдураҳмон ибн Саъд ас-Саъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Лутбия деган аздлик бир кишини садақага омил қилиб тайинладилар. У қайтиб келгач: «Бу сизларга, бу эса менга ҳадя қилинди», деди. Бас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб, Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнгра:

«Аммо баъд! Мен сизлардан бир кишини Аллоҳ мени бошлиқ қилган нарсага тайинласам, у киши келиб, «Бу сизларга, мана буниси менга ҳадя қилинди», деб айтяпти. Агар ростгўй бўлса отасининг уйида ёки онасининг уйида ўтирмабди‑да, унга ҳадя қилинадими ёки йўқми, кўрар эди! Аллоҳга қасамки, кимки бундан (садақадан) бирор нарсани ноҳақ олса, қиёмат куни уни кўтариб келади. Яна сизларни пишқириб турган туяни ёки бўкираётган молни ёки маъраётган қўйни кўтариб, Аллоҳга йўлиқаётганида кўрмайин, деб кейин қўлларини кўтариб – ҳатто қўлтиқлари остидаги оқликни кўрдик – «Аллоҳим, етказдимми? Аллоҳим, етказдимми?» деб айтдилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини закотларини йиғиш вазифасига тайинладилар. Ҳисобчи келганда, у киши: “Мана бу сизларга, буниси менга ҳадя қилинди”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар рост гапираётган бўлсанг, отангнинг ёки онангнинг уйида ўтирганингда ҳам бу ҳадя сенга келармиди?” – дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам идоралар, ҳукумат бирлашмаларини пора ва молиявий фасодлардан покладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлади”, – деганлар.

У зот: “Кимни бир ишга тайинлаб, маош бериб турсак ва у киши маошдан ортиқчасини олса, у ўғриликдир”, – деб марҳамат қилдилар.

216 - وَعَنْ أَبِي حُميْدٍ عَبْدِ الرَّحْمَنِ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: اسْتَعْمَلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا مِنَ الأَزْدِ يُقَالُ لَهُ: ابْـنُ اللُّتْبِيَّةِ عَلَى الصَّدَقَةِ، فَلَمَّا قَدِمَ قَالَ: هَذَا لَكُمْ وَهَذَا أُهدِيَ إِلَيَّ، فَقَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ عَلَى الْمِنْبَرِ، فَحَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: «أَمَّا بَعْدُ: فَإِنِّي أَسْتَعْمِلُ الرَّجُلَ مِنْكُمْ عَلَى الْعَمَلِ مِمَّا وَلَّانِي اللهُ، فَيَأْتِي فَيَقُولُ: هَذَا لَكُمْ، وَهَذَا هَدِيَّةٌ أُهْدِيَتْ لِي!! أَفَلَا جَلَسَ فِي بَيْتِ أَبِيهِ وَأُمِّهِ حَتَّى تَأْتِيَهُ هَدِيَّتَهُ إِنْ كَانَ صَادِقاً؟! وَاللهِ؛ لَا يَأْخُذُ أَحَدٌ مِنْكُمْ شَيْئاً بِغَيْرِ حَقِّهِ إلَّا لَقِيَ اللهَ يَحْمِلُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَلَا أَعْرِفَنَّ أَحَداً مِنْكُمْ لَقِيَ اللهَ يَحْمِلُ بَعِيراً لَهُ رُغَاءٌ، أَوْ بَقَرَةٌ لَهَا خُوَارٌ، أَوْ شَاةً تَيْعَرُ، ثُمَّ رَفَعَ يَدَيْهِ حَتَّى رُئِيَ بَيَاضُ إبْطَيْهِ فَقَالَ: «اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ» ثَلَاثاً. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 2597، م 1832/27].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

217. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким биродарининг шаънига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса, уни бугундинор ҳам, дирҳам ҳам бўлмай қолишидан олдинрози қилиб олсин. Агар солиҳ амали бўлса, ундан қилган зулми миқдорида олинади; яхшиликлари бўлмаса, ҳақ эгасининг ёмонликларидан олиниб, бунга юклатилади».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Агар киши бировнинг шаънига туҳмат, иғво ёки ғийбат қилиш орқали футур етказса, ундан розилик сўраб қўйиши керак бўлади. Шунингдек, агар икки кишининг ўртасида гап-сўз ўтган бўлса, улар ҳам бир-бирларидан рози-ризолик сўрашлари лозим. Хусусан, бировга моддий зиён етказган киши етказилган зарарни тўлаш билан унинг эгасини рози қилиши даркор. Аммо ана шундай розилик олаётган киши розилик ҳисобга ўтиши учун бўлиб ўтган ноҳақликнинг нима эканини, миқдорини, кўламини очиқ-ойдин айтиши шартми ёки шарт эмасми, деган саволга уламолар турлича жавоб берганлар: баъзилар шарт, деса, бошқалар шарт эмас, дейди.

 

217 - وَعَنْ أَبي هُرِيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ كَانَتْ عِنْدَهُ مَظْلَمَةٌ لأَخِيهِ، مِنْ عِرْضِهِ أَوْ مِنْ شَيْءٍ، فَلْيتَحَلَّلْه ِمِنْهُ الْيَوْمَ قَبْلَ أَلَّا يَكُونَ دِينَارٌ وَلَا دِرْهَمٌ، إنْ كَانَ لَهُ عَمَلٌ صَالِحٌ أُخِذَ مِنْهُ بِقَدْرِ مَظْلَمَتِهِ، وَإِنْ لَمْ يَكُنْ لَهُ حَسَنَاتٌ أُخِذَ مِنْ سَيِّئَاتِ صَاحِبِهِ فَحُمِلَ عَلَيْهِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [2449].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

218. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган одам ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк этган одам ҳақиқий муҳожирдир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: Имом Термизий ва Насаийлар ривоятида: «Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласи зиёда келган.

Ушбу ҳадисда ҳамда унга Термизий ва Насаийлар ривоятидаги қўшимчада учта муҳим масала, учта муҳим таъриф келмоқда. Яъни, ҳақиқий афзал мусулмон, афзал муҳожир ва афзал мўмин ҳақида баҳс юритилмоқда. Ушбу ҳадисда келган мусулмон, муҳожир ва мўмин таърифи афзаллик таърифидир. Мисол учун,

«Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган одам ҳақиқий мусулмондир» деган жумладан «мусулмонларга тили ва қўли билан озор етказган одам мусулмон бўлмайди» деган маъно чиқмайди. Бу таърифлардаги гаплар, «фалончини одам деса бўлади», «фалончи ҳақиқий одам» қабилидаги гапга ўхшайди. Исломнинг беш рукнларига амал қилган одам мусулмон ҳисобланаверади. Аммо мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал мусулмонни бундоқ таърифлашларида оз сўз билан улкан маънони англатиш, луғат бойликларидан усталик билан фойдаланишнинг олий мақомлари ўз аксини топгандир.

Ислом, мусулмон сўзлари «саломатлик» «тинч­лик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда.

«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзони кўзда тутилган эмас. Одатда, кўпроқ одамларга тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади.

«Муҳожир» ҳижрат қилувчи (бошқа жойга кўчувчи) деганидир. Ҳижрат Аллоҳнинг йўлида, дину диёнат йўлида элу юртининг фироқига учрашдир. Бу улуғ мақом Исломда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар мушриклар тазйиқи туфайли она юртлари–Маккаи Мукаррамани ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан бошланган.

 «Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк этган одам ҳақиқий муҳожирдир», демоқдалар. Бу таъриф ҳам худди аввалги таърифда зикр қилинган нарсаларни ўзида мужассам қилгандир. Луғавий маъноси ватан, элу юрт ҳижронидан иборат бўлган ҳижрат Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқда бўлишда ҳам собит бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Дину диёнат учун ватанидан, яқин қариндошларидан узоқда бўлиш муҳожирлик, деб аталади. Шу боис, Аллоҳ қайтарган ишлар-гуноҳлардан узоқда бўлишлик ҳам дин-диёнатга амал қилиш учун бўлгани туфайли муҳожирлик, деб аталмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлик мақомига эришиш йўлини осонлаштириб, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтган одам–муҳожир эканини эълон қилиб қўйибдилар. Ўзи шундоқ ҳам Аллоҳ қайтарган ҳар бир нарсадан қайтиш–мусулмон банданинг бурчи. Аммо меҳр ила, шафқат ила, бурчни бажарган одамга мукофот–муҳожирлик мақоми эълон қилинибди. Хўш, бу мукофотга мусулмонлар қанчалик интилмоқдалар?! Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қанчалик қайтмоқдалар? Аллоҳ таоло мусулмонларни ёлғондан, ҳаромдан, ароқдан, зинодан, зулмдан, ўғриликдан, алдамчиликдан ва бошқа кўпгина нарсалардан қайтарган. Агар ушбу ҳадисга амал қилганимизда, ушбу разолатлар жамиятимизда мутлақо бўлмас эди.

 

Энди, Термизий ва Насаий ривоятларида келган:

«Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» деган таърифга тўхталайлик. Иймон, мўмин сўзлари «омонлик», «ишончли» маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда «хушфеъл» маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни, ўз жонлари ва молу мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари ҳамиша комил бўлади.

Мўминлик ана қандоқ яхши нарса! Мўминни кўрган одам ундан хурсанд бўлади, унга ҳавас қилади. Мўминлиги учун унга жонини, молини ишонади. Чунки мўминлик омонлик тимсолидир. Афсуски, ҳозирда мўминлик даъвосини қилиб юрган айрим кишиларнинг қилмишларидан динга янги юзланганлар нафратланиб, ҳатто диндан қайтиб кетган ҳоллари содир бўлмоқда. Ислом таълимотларидан, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан узоқлашишнинг оқибати–шу!

218 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللهُ عَنْهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 10، م 40].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

219. Ва яна ўша зотдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларига Киркира деган киши мутасадди эди. У ўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар. Бориб, уни қарашган эди, бир абоа* топиб олишди. У буни ўлжага хиёнат қилиб олган экан».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Абоа - жундан тикилган, чопонга ўхшаш устки кийим.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдинги пайғамбарларга душман билан бўлган урушда қўлга тушган ўлжаларни олиш, улардан фойдаланиш ҳалол қилинмаган эди. Улар ўлжаларга эга бўлолмас, улардан фойдаланмас эдилар. Баъзилари ўлжаларни бир ерга тўплаб, ўт қўйиб кетар эдилар. Кейинчалик баъзи пайғамбарларнинг умматлари ўз динлари, пайғамбарлари таълимотига хилоф равишда ўлжаларни олишган бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло бу масалада ҳам, Ўзининг Пай­ғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга лутфи карам кўрсатди. Ислом душманларига қарши олиб борилган шаръий урушларда тушган ўлжаларни ҳалол қилди. Бунинг ҳукми Қуръони Каримнинг Анфол (Ўлжалар) сурасида баён қилинган. Тушган ўлжаларнинг бешдан бири Аллоҳ ва Унинг Расули учун ажратилади. Қолгани эса, ҳақдорларга махсус тартиб асосида тақсимлаб берилади.

Анфол сурасида Аллоҳ таоло: «Бас, ўлжага олган нарсаларингиздан ҳалол-пок ҳолда енглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир», деган (69-оят).

Ўлжага олинган молларни ҳалол қилиб бериш ҳам Аллоҳ таолонинг мусулмонларга кўрсатган бир мар­ҳаматидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло асирлар учун, яъни, уларни озод қилиш учун олинадиган молни ҳам ҳалол қилди. Бу нарса олдинги пай­ғамбарлар умматларига ҳалол қилинмаган эди.

Ўлжа ва тўлов моли дунё иши бўлгани учун эҳтиёткорлик қилинмаса, ҳаром аралашиб қолиши эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда:

«Аллоҳга тақво қилинглар», демоқда. Юқорида айтиб ўтганимиз мусулмонларга берилган инъомларнинг ўз ўрни бор, улар ҳам яхши. Аммо энг катта неъмат Аллоҳ талодан мўминларга келадиган мағфират ва раҳматдир.

«Албатта, Аллоҳ мағфират қилгувчи ва раҳм­ли Зотдир».

Ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. Киркира деган одамни дўзахдадир деб айтишларига сабаб, чунки бу кимса ўлжа тақсимланишидан олдин чўпонга ўхшаш кийимни беркитиб олган эди. Исломда ўлжа бошлиқ томонидан тақсимланганидан кейин олиш орқали ҳалол бўлади. 

219 - وَعَنْهُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ عَلَى ثَقَلِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ يُقَالُ لَهُ كِرْكِرَةُ، فَمَاتَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «هُوَ فِي النَّارِ» فَذَهَبُوا يَنْظُرُونَ إِلَيْهِ، فوَجَدُوا عَبَاءَةً قَدْ غَلَّهَا. رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [3074].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

220. Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорисдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Замон* Аллоҳ осмонлару ерни яратган кундаги ҳолатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Шулардан тўрттаси ҳарам ойлар бўлиб, учтаси кетма-кетдир: зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва жумодо билан шаъбон ўртасидаги Музарнинг (ойи)* ражабдир», дедилар. Сўнг: «Бу қайси ой?» дедилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади», дедик. Сукут қилдилар, ҳатто уни ўз номидан бошқа ном билан атасалар керак, деб ўйладик. «Зулҳижжа эмасми?» дедилар. «Ҳа», дедик. «Бу қайси юрт?» дедилар. «Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади», дедик. Сукут қилдилар, ҳатто уни ўз номидан бошқа ном билан атасалар керак, деб ўйладик. «Балда* эмасми?» дедилар. «Ҳа», дедик. «Бу қайси кун?» дедилар. «Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади», дедик. Сукут қилдилар, ҳатто уни ўз номидан бошқа ном билан атасалар керак, деб ўйладик. «Наҳр* куни эмасми?» дедилар. «Ҳа», дедик. «Қонларингиз, молларингиз, ва шаън-обрўларингиз» сизлар учун ҳаромдир. Худди мана шу юртингиздаги, шу ойингиздаги мана шу кунингиз ҳарам бўлганидек. Тез орада Роббингизга йўлиқасиз, У Зот сизлардан амалларингиз ҳақида сўрайди. Мендан кейин ҳаргиз бир-бирининг бўйнини чопадиган кофирлар бўлиб кетманглар. Огоҳ бўлинглар, ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин. Шояд баъзи етказилганлар уни эшитганлардан кўра англовчироқ бўлса», дедилар. Кейин: «Огоҳ бўлинглар, етказдимми?» «Огоҳ бўлинглар, етказдимми?» дедилар». Биз: «Ҳа, етказдингиз», дедик. Шунда у зот: «Аллоҳ, Ўзинг гувоҳ бўл», деб айтдилар».

Муттафақун алайҳ.

 

* «Замон» сўзи араб тилида «вақт» деган маънони билдириб, ҳар қандай қисқаю узун вақт учун ишлатилаверади. Бу ерда эса замон деганда йил назарда тутилган. Уларнинг Аллоҳ осмонлару ерни яратган кундаги ҳолатига қайтиши ҳаром ойларнинг ўз жойига қайтишидир. Жоҳилиятда одамлар ҳаром ойларнинг ўрнини ўзгартириб юборишар, уруш қилгилари келса, ҳаром ойни ҳалол қилиб олишар, уруш қилгилари келмаса, ҳалол ойни ҳаром ой қилиб олишар эди.

* Жоҳилият даврида Музар қабиласи ражаб ойини бошқалардан кўра кўпроқ улуғлагани учун шундай ҳам дейилган.

* Балда – Маккаи Мукарраманинг номларидан бири.

 

Шарҳ: Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Видолашув ҳажида ҳайит куни қилган хутбаларидан бир парча келтирилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хутбалари билан қуйидаги ояти кариманинг шарҳини қилмоқдалар:

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони, Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг».

Ушбу ояти карима ойларнинг ҳисоби табиий равишда Аллоҳ осмонлару ерни яратган пайтдаёқ, уларнинг ҳаракатига боғлиқ қилиниб, ўн иккита қилиб белгиланганини баён қилмоқда.

Бу доимий равишда бир хил турадиган собит ҳисобдир. Унда инсоннинг ҳеч даҳли йўқ. Инсон фақат Аллоҳ яратган нарсаларга қараб, Аллоҳ берган ақл билан ойларни санайди, холос.

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган».

Ўн битта ҳам, ўн учта ҳам қилиб бўлмайди. Янги ой чиққан куни янги ой бошланади. У йигирма тўққиз ёки ўттиз кун бўлади. Кейин яна янгиси чиқади. Олдиндан белгилаб қўйилган ҳисоб билан, ой тўлин бўлганда ҳам, янги ой бошланди, дейилмайди. Бундай дейиш хато ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таолонинг ишига бандаси аралаша билмайди.

«Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)­дир».

Яъни, ўн икки ойдан тўрттасида уруш қилиш Аллоҳ томонидан ҳаром қилингандир. Бу ойлар зул­қаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари бўлиб, мазкур ойларда уруш қилиш ҳаром.

«Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг».

Юқорида зикр қилинган ҳукм тўғри дин – Ислом ҳукми. Бу ҳукмга хилоф равишда ҳаром ойларда уруш қилиб, ўзингизга зулм қилманг.

Бу ҳолатни зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойларини яхшилик асоси қилиб қўйилиши деб тушуниш керак. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар тўхтаган. Ҳатто арзимаган нарса учун йиллаб уруш қиладиган араб қабилалари ҳам уруш қилишдан тийилганлар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам унга бу ойларда ёмон сўз айтмаган.

Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди. Ҳарами шариф макон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси бўлса, уруш ҳаром қилинган тўрт ой замон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу хутбалари энг машҳури бўлиб, бу хутбада у зот мусулмонларнинг қонлари, моллари ва обрўлари ҳарами шарифдек, ҳайит кунидек ва ҳаж ойидек ҳурматли эканини ва уларнинг ҳурматини кетказиб, мусулмонлар бир-бирлари билан уришишлари мумкин эмаслигини баён қилиб берганлар. Албатта, бу хутбада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари билан видолашишлари ҳам бор эди.

220 - وَعَنْ أَبي بَكْرَةَ نُفَيْعِ بْنِ الْحَارِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ الزَّمَانَ قَدِ اسْتَدَارَ كَهَيْئَتِهِ يَوْمَ خَلَقَ اللهُ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضَ: السَّنَةُ اثْنَا عَشَرَ شَهْراً، مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ: ثَلَاثٌ مُتَوَالِيَاتٌ: ذُو الْقَعْدَةِ وَذُو الْحِجَّةِ وَالْمُحَرَّمُ، وَرَجَبُ مُضَرُ الَّذِي بَيْنَ جُمَادَى وَشَعْبَانَ، أَيُّ شَهْرٍ هَذَا؟» قُلْنَا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، فَسَكَتَ حَتَّى ظَنَنَّا أَنَّهُ سَيُسَمِّيهِ بِغَيْرِ اسْمِهِ، قَالَ: أَلَيْسَ ذَا الْحِجَّةِ؟ قُلْنَا: بَلَى، قَالَ: «أَيُّ بَلَدٍ هَذَا؟» قُلْنَا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، فَسَكَتَ حَتَّى ظَنَنَّا أَنَّهُ سَيُسَمِّيهِ بِغَيْرِ اسْمِهِ، قَالَ: «أَلَيْسَ الْبَلْدَةَ؟!» قُلْنَا: بَلَى، قَالَ: «فَأَيُّ يَومٍ هَذَا؟» قُلْنَا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، فَسَكَتَ حَتَّى ظَنَنَّا أَنَّهُ سَيُسَمِّيهِ بِغَيْرِ اسْمِهِ، قَالَ: «أَلَيْسَ يَوْمَ النَّحْرِ؟!» قُلْنَا: بَلَى، قَالَ: «فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ، كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا فِي بَلَدِكُمْ هَذَا فِي شَهْرِكُمْ هَذَا، وَسَتَلْقَوْنَ رَبَّكُمْ فَيَسْأَلُكُمْ عَنْ أَعْمَالِكُمْ، أَلَا فَلَا تَرْجِعُوا بَعْدِي كُفَّاراً يَضْرِبُ بَعْضُكُمْ رِقَابَ بَعْضٍ، أَلَا لِيُبَلِّغِ الشَّاهِدُ الْغَائِبَ، فَلَعَلَّ بَعْضَ مَنْ يَبْلُغُهُ أَنْ يَكُونَ أَوْعَى لَهُ مِنْ بَعْضِ مَنْ سَمِعَهُ»، ثُمَّ قَالَ: «أَلَا هَلْ بَلَّغْتُ، أَلَا هَلْ بَلَّغْتُ؟» قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: «اللَّهُمَّ اشْهَدْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 4406، م 1679].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

221. Абу Умома Иёс ибн Саълаба ал-Ҳорисий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким (ёлғон) қасам билан бир мусулмоннинг ҳаққини олиб қўйса, Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилиб, жаннатни ҳаром қилибди», дедилар. Шунда бир киши у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, озгина нарса бўлса ҳамми?» деди. «Арокнинг бир чўпи бўлса ҳам», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Арок – илдизи ва новдасидан мисвок тайёрланадиган дарахт.

Ушбу ҳадисдан ёлғон қасам эвазига эришилган нарсанинг
катта кичиклигидан қатъи назар, гуноҳкорга дўзах азоби бўлаверишини билиб оламиз.

Бошқа бир ҳадисда қуйидагича келади:

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мусулмон одамнинг (ёки ўз биродарининг, дедилар) молини узиб олиш учун ёлғон қасам ичса, Аллоҳга мулоқот бўлганида У зот ундан ғазабланган ҳолда бўлур. Бас, Аллоҳ ўшанинг тасдиғини: «Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга, ана ўшаларга, охиратда ҳеч насиба йўқдир», деб нозил қилди», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, АбуДовуд, Термизий ва Насаий ривояти.

Ушбу ҳадисда ровий шакда бўлгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ровий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «мусулмон одамнинг» ёки «биродарининг» деганларини аниқ ажрата олмай қолган. Шунинг учун омонатга хиёнат қилмаслик мақсадида икки лафзни ҳам келтирган.

Бировнинг молини ноҳақдан, меники, деб даъво қилиб, сўнгра, ботил даъвосини тасдиқлаш учун маҳкамада ёлғон қасам ичган одам қиёмат куни Аллоҳ таолога рўбарў бўлганида, Аллоҳ азза ва жалла ўша одамдан ғазабланган ҳолда бўлар экан. Бундоқ ноқулай ҳолдан ҳар бандани Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони айтиб туриб, ўз сўзларининг тасдиғи учун, «Албатта Аллоҳнинг аҳдини ва қасамларини озгина баҳога сотадиганларга, ана ўшаларга охиратда ҳеч насиба йўқдир», ояти каримасини тиловат қилдилар.

Бундан эса, ноҳақдан бировнинг молини олиш учун ёлғон қасам ичишни Аллоҳ таоло қасамни озгина баҳога сотиш, деб атаганини билиб оламиз. Ундоқ одамларнинг охиратда ҳеч қандай насибаси қолмас экан. Бу эса, ўз навбатида, ёлғон қасам ўз эгасини жаҳаннам оловига шўнғитишига яна бир ёрқин далилдир.

 

221 - وَعَنْ أَبِي أُمَامةَ إِيَاسِ بنِ ثعْلَبَةَ الْحَارِثِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنِ اقْتَطَعَ حَقَّ امْرِيءٍ مُسْلِمٍ بيَمِينِهِ فَقَدْ أَوْجَبَ اللهُ لَهُ النَّارَ، وَحَرَّمَ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ»، فَقَالَ رَجُلٌ: وَإِنْ كَانَ شَيْئاً يَسِيراً يَا رَسُولَ اللهِ؟ فَقَالَ: «وَإِنْ قَضِيباً مِنْ أَرَاكٍ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [137].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

222. Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: «Сизлардан кимни бирон ишга омил қилсам, бир дона игна ёки ундан каттароқ нарсани биздан яширса, бу хиёнат бўлиб, Қиёмат куни ўша билан келади!» дедилар. Ансорлардан бир қоратанли киши туриб, у зотнинг олдиларига келгани ҳамон кўз ўнгимда. У: «Эй Аллоҳнинг Расули! (Берган) ишингизни мендан қабул қилиб олсангиз», деди. У зот: «Сенга нима бўлди?» дедилар. У: «Шундай-шундай деганингизни эшитдим», деди. У зот шундай дедилар: «Энди эса бундай дейман: «Сизлардан кимни бирон ишга омил қилсак, (закот моли) кам бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам олиб келсин. Кейин ундан нима берилса, ўшани олсин, нима тақиқланса, ўшандан тийилсин».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Бу тоифа «закотчи», «садақачи», «закот омили» деб ҳам аталган. Шунингдек, закот идораси, ташкилоти ёки шунга ўхшаш муносиб ном билан номлаш мумкин.

Улар закотни бойлардан йиғиб олиб, ҳақдорларига тарқатгунча бўладиган ишларни адо этадилар. Бевосита закот йиғувчими, ҳисобчими, қоровулми, котибми ёки бошқами, барибир, шу тоифага киради.

Қуръони карим закот йиғиш муҳим иш бўлгани учун бу ишловчиларни саккиз тоифадан учинчиси қилиб белгиланган.

Қуръонда закот ишчиларига закотдан алоҳида улуш ажратилади. Бу Исломда закот ишига алоҳида эътибор берганини кўрсатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча саҳобаларни закотчи қилиб турли тарафларга юборганлар.

У зотнинг халифалари ҳам закот йиғиб, ҳақдорларга тарқатиш ишига алоҳида эътибор берганлар.

Ҳазрати Абу Бакр мискин ва фақирларнинг ҳақларини ҳимоя қилиб закотни ман қилувчиларга қарши қандоқ уруш очганларини яхши биласиз.

Аллоҳ таоло закот ходимига ҳам закотдан улуш ажратди. У закотдан олишга ҳақдор саккиз тоифадан бири. Закот ходими бой бўлса ҳам закотдан олади. Чунки у хизмати учун олади. Қанча олиши эса, маконга, замонга ва шароитга қараб белгиланади. Яъни, бажарган ишига қанча ҳақ бериш керак бўлса, шунча олади. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, тузган шартномасига биноан олади.

Лекин ўшандан бошқани олиши қатъиян ман қилинади. Закот ходими масъуллар томонидан ишга қўйилганидан кейин ўшалар нима деса, шуни қилади. Улар кўрсатган минтақадагина закот йиғади ва улар кўрсатган жойлардагина закот тарқатади. Қўлига тушган молнинг заррачасини ҳам ўз фойдасига ёки ўзбошимчалик билан сарф қилмайди.

Имом Термизий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам мени Яманга ишга жўнатдилар. Бир қадар юрганимдан сўнг орқамдан одам юбордилар, қайтиб келдим. У зот:

«Нима учун орқангдан одам юборганимни биласанми? Менинг изнимсиз ҳеч нарсани олмайсан. Чунки, бу ғулулдир. «Кимки, хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келади», дедилар».

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларига оғишмай амал қилдилар ва мансабларидан фойдаланиб, бирор чақа ҳам олишга ўтмадилар.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда омманинг молидан яширинча олиб ейиш «ғулул» дейилади. Бу сўз одатда ўлжа тақсимланмасдан олдин ундан бирор нарсани махфий равишда олишни билдиради, лекин уламолар бу нарса омманинг молидан яширинча ейишнинг барча кўринишларини ўз ичига олишини таъкидлашади.

Руммоний айтади: «Ғулул сўзи «ғолалун» сўзидан олинган бўлиб, аслида сувнинг дарахтлар орасига сингишига айтилади. Хиёнатда мулкка одамлардан махфий суратда, ҳалол бўлмаган йўл билан кирим бўлгани учун бу гуноҳ «ғулул» деб аталган».

 

222 - وَعَنْ عَدِيِّ بْنِ عَمِيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ يَقُولُ: «مَنِ اسْتَعْمَلْنَاهُ مِنْكُمْ عَلَى عَمَلٍ، فَكَتَمَنَا مِخْيَطاً فَمَا فَوْقَهُ كَانَ غُلُولًا يَأْتِي بِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ» فَقَامَ إِلَيهِ رَجُلٌ أَسْوَدُ مِنَ الأَنْصَارِ كَأَنِّي أَنْظُرُ إِلَيْهِ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ اقْبَلْ عَنِّي عَمَلَكَ، قَالَ: «وَمَا لَكَ؟» قَالَ: سَمِعْتُكَ تَقُولُ كَذَا وَكَذَا، قَالَ: «وَأَنَا أَقُولُهُ الآنَ: مَنِ اسْتَعْمَلْنَاهُ مِنْكُمْ عَلَى عَمَلٍ فَلْيَجِيءْ بِقَلِيلِهِ وَكَثِيرِهِ، فَمَا أُوتِي مِنْهُ أَخَذَ، وَمَا نُهِيَ عَنْهُ انْتَهَى». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1833].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

223. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хайбар куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир неча нафари келиб, «Фалончи шаҳид (бўлди), фалончи шаҳид (бўлди)!» деб, бир кишига келганда уни ҳам «Фалончи шаҳид», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ!!! Мен уни ўлжадан хиёнат қилиб олган бир бурдаси* [ёки бир абоаси*] туфайли дўзахдалигини кўрдим», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

 

* Бурда – чопон ва ридога ўхшаш устки кийим.

* Абоа – жундан тикилган, чопонга ўхшаш устки кийим.

 

Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги сўзлар ҳам бордир:

«Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ибн Хаттоб, бориб, одамлар орасида «Жаннатга фақат мўминлар киради!» деб жар сол», дедилар. Шунда мен чиқиб: «Огоҳ бўлинглар! Жаннатга фақат мўминлар киради!» деб жар солдим».

Ғаниматдан ўмарган кишининг шариатимизда  “ғулул” дейилади. Ғулул деганда жангда қўлга киритилган ғаниматлардан бирон нарсани яшириш, халифа ёхуд унинг ноиби ғаниматларни тақсимлашидан олдин уни ўзиники қилиб олиш назарда тутилади. Ғаниматдан ўмариш гуноҳи кабиралардан бўлган ҳаром ишдир.

Ҳадисда собит бўлишича, «жангда мусулмонлардан бирига камон ўқи келиб тегади ва шу сабабли ҳалок бўлади. Шунда саҳобалар: «Шаҳидлик унга қутлуғ бўлсин, эй Расулуллоҳ!», дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Йўқ, Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, ғаниматдан ўмарган шамласи (жундан тўқилган кийим) эгнида олов бўлиб алангаланмоқда. У шамлани ҳануз тақсимланмаган ғаниматлар ичидан олган эди». Одамлар бу гапдан қўрқиб кетдилар. Бир киши бир ёки иккита поябзал боғини кўтариб келди. «Хайбар жангида (тушган ғаниматлар ичидан) олган эдим», деди у. «Оловдан бўлган ип ёки оловдан бўлган иккита ип», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам».

Агар инсоннинг ғаниматдан бирон нарса ўмаргани ўз исботини топса, унга жазо сифатида сафарда ўзи билан олиб юрган барча нарсалари ёқиб юборилади. Уламолар бундан қурол-аслаҳа, мусҳаф ва жонворларни истисно қилишган. Ғаниматга хиёнат қилган кишининг нарсаларини ёқишдан мақсад уни жазолаш ва бошқаларга ибрат бўлишидир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бирон пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, қиёмат кунида(Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур» (Оли Имрон сураси, 161-оят).

Яъни, бирон-бир Пайғамбар қўлга тушган ўлжадан бирон нарсани яширинча ўзига олиши шариатга ҳам, ақлга ҳам тўғри келмайди. Бу иш пайғамбарлик шаънига сира-сира мос эмас.

Энди кимки ўлжадан бирон нарсага хиёнат қилса, қиёмат кунида ўша хиёнат қилган нарсасини бўйнида кўтариб келади. Бутун гувоҳлар олдида шармандаи шармисор бўлади.

«Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас» (Анфол сураси, 58-оят).

Яъни, Аллоҳ аҳдида турмайдиган, ваъдасига вафо қилмайдиган кимсаларни севмайди.

Кимда-ким ғаниматчилар орасида тақсимланмай туриб, ўлжадан, ёки имомнинг рухсатисиз байтул молдан ва ё йиғилган закотдан юқоридаги ҳадисда зикр қилинган нарсалардан биронтасини олса, қиёмат кунида ўша нарсани бўйнида кўтарган ҳолда келади.

223 - وَعَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا كَانَ يَوْمُ خَيْبرَ أَقْبَلَ نَفَرٌ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: فُلَانٌ شَهِيدٌ، وَفُلَانٌ شَهِيدٌ، حَتَّى مَرُّوا عَلَى رَجُلٍ فَقَالُوا: فُلَانٌ شَهِيدٌ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كَلَّا؛ إِنِّي رَأَيْتُهُ فِي النَّارِ فِي بُرْدَةٍ غَلَّهَا أَوْ عَبَاءَةٍ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [114].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

224. Абу Қатода Ҳорис ибн Рибъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда туриб, бизга Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва Аллоҳга иймон келтириш амалларнинг энг афзали эканини айтдилар. Шунда бир киши туриб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Айтингчи, агар мен Аллоҳ йўлида ўлдирилсам, гуноҳларимга каффорат бўладими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ҳа, агар Аллоҳ йўлида сабр қилиб, савоб умидида, олға юрган ва чекинмаган ҳолда ўлдирилсанг», дедилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима деган эдинг?» дедилар. «Айтингчи, агар мен Аллоҳ йўлида ўлдирилсам, гуноҳларимга каффорат бўладими?» дебди. Шунда Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, сабр қилиб, савоб умидида, олға юрган ва чекинмаган ҳолда бўлсанг шундай. Фақатгина қарз мустасно. Чунки Жаброил алайҳиссалом менга шундай деди», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Эътибор беринг, гарчи Аллоҳ йўлида вафот топса ҳам агар қарзи бўлса ундан қутулмас экан. Мўмин киши ўлгандан кейин қарзи бўлса, унга жаннатдаги макони кўрсатилмай турар экан. Қачон қарзи узилса, ўшандан кейингина кўрсатилар экан. Бунда эса, ўзига яраша қабр азоби бор. Бировнинг ҳаққи шу даражада аҳамиятли. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қарзи борларга ўзлари жаноза ўқимаган ҳоллари бўлган.

Бундан ким қабрда ноқулай ҳолга тушиб қолмай деса, ўлишидан олдин ўзида бирор кишининг ҳаққи қолмаслиги учун ҳаракат қилиши керак.

 

Бошқа бир ҳадисда қуйидагича келтирилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўминнинг руҳи, то қарзини адо қилмагунча қарзига боғлиқ бўлиб туради», дедилар».

Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилишган.

224 - وَعَنْ أَبِي قَتَادَةَ الْحَارِثِ بْنِ رِبْعِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَامَ فِيهِمْ، فَذَكَرَ لَهُمْ أَنَّ الْجِهَادَ فِي سَبِيلِ الله، وَالإِيمَانَ بِاللهِ أَفْضَلُ الأَعْمَالِ، فَقَامَ رَجُلٌ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَرَأَيْتَ إِنْ قُتِلْتُ فِي سَبِيلِ اللهِ، تُكَفَّرُ عَنِّي خَطَايَاىَ؟ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «نَعَمْ، إِنْ قُتِلْتَ فِي سَبِيلِ اللهِ وَأَنْتَ صَابِرٌ مُحْتَسِبٌ، مُقْبِلٌ غَيْرُ مُدْبرٍ»، ثُمَّ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كَيْفَ قُلْتَ؟» قَالَ: أَرَأَيْتَ إِنْ قُتِلْتُ فِي سَبِيلِ اللهِ، أَتُكَفَّرُ عَنِّي خَطَايَايَ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «نَعَمْ وَأَنْتَ صَابِرٌ مُحْتَسِبٌ، مُقْبِلٌ غَيْرَ مُدْبِرٍ، إِلَّا الدَّيْنَ، فَإِنَّ جِبْرِيلَ قَالَ لِي ذَلِكَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [1885].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

225. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис (синган) кимлигини биласизларми?» дедилар. «Бизнингча, муфлис – дирҳами ҳам, ҳеч бир матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди. У зот шундай дедилар: «Умматимдаги ҳақиқий муфлис шуки, у Қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келади, лекин кимнидир сўккан, кимнидир зинода туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнингдир қонини тўккан, кимнидир урган бўлади. Шунинг учун унинг яхшиликларидан ўшаларга олиб берилади. Агар зиммасидагиларни адо қилишдан аввал яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунга ортилади. Сўнгра у дўзахга отилади».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Ақлли инсон бу дунёда ҳаёт кечирар экан, ҳам Холиқни, ҳам халқни рози қилмоғи керак. Юқоридаги ҳадисда келган ҳолат бу дунёда Аллоҳни рози қилиб, лекин инсонларга тили ва қўли билан азият бериб, нохақдан молини еб, нохақдан қонини тўккан инсон тўғрисидадир. Қиёмат куни Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги ҳисобдан мақбул намоз, мақбул закот, мақбул рўзалар билан жаннатий бўлиш арафасидаги мўмин инсон, инсонлар билан ўртасидаги муомаладан, яъни кимнидир хақорат қилган, кимнидир урган, кимнидир молини нохақ еган, кимнидир жонига қасд қилган. Энди уларни рози қилиш учун Парвардигор тарафидан унга ато этилган савобларни бериб рози қилишни бошлайди. Савоблари тугаб уларни гуноҳини ўзига олишни бошлайди. Шу тариқа жаннатий бўлиш арафасидаги мўмин инсон дўзах аҳлига айланади.

Тасаввур қилинг! Бир марта сажда қилишнинг савобига муҳтож бўлиб турганингизда, минглаб, миллионлаб одамларнинг гуноҳини бўйинга олиш қанчалик даҳшат!

Огоҳ бўлинг! Қилаётган солиҳ амалларимиз қиёмат куни бизники бўлиши учун, бу дунёда инсонлар билан муомаламизни гўзал ҳолатда бўлиши лозим.

Бугун имконимиз бор. Бирор инсонга қўлимиз ёки тилимиз билан озор етказган бўлсак, узр сўраб олайлик. Бирор инсонни молига хиёнат қилган бўлсак, қўлимизда молимиз бор, уни адо этиб қўяйлик.
Эртага на дирҳам, на дийнор йўқ қиёмат кунида «Муфлис»лардан бўлиб қолмайлик. 

225 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَتَدْرُونَ مَنِ الْمُفْلِسُ؟» قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا: مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ وَلَا مَتَاعَ، فَقَالَ: «إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي: مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلَاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2581].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

 226. Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен ҳам оддий бир инсонман. Сизлар олдимга довлашиб келасизлар. Эҳтимол, бирингиз ҳужжат‑далил келтиришда бошқангиздан устомонроқ бўлиб, ундан эшитганимга кўра ҳукм чиқарарман. Кимга биродарининг ҳақидан бирор нарсани ҳукм қилсам бу билан унга дўзахдан бир парча кесиб берган бўламан».

Муттафақун алайҳ.

 

Шарҳ: «Мен ҳам оддий бир инсонман» дейиш билан у зот ўзларида бошқа инсонлар каби унутиш содир бўлиши мумкинлигидан огоҳ этмоқдалар. Чунки инсонийлик мана шу нарсани тақозо қилади. Агар мени самовий ваҳий билан қўллаб турилмаса, бошқа инсонларда учрайдиган нарса у зотда ҳам учрашини айтмоқдалар.

Набий с.а.в. сўзлари ва амалларида бундай нарсалардан муҳофаза қилинган маъсум ҳолда эмасларми, деб айтилиши мумкин?!

Маъсумлик гуноҳ деб ҳисобланган нарсаларда бўлади. Аммо бу ҳолат унга тааллуқли эмас. Аллоҳ ижтиҳод масаласида ундай нарсани юкламаган. Балки бошқаларга юклаган нарсани у зотга ҳам юклаган. Умму Салама розияллоҳу анҳо ривоят қилган нарса бу сўзимизга далолат қилади. У зот: «Менга нозил қилинмаган нарсаларда ўз раъйим билан ораларингизда ҳукм чиқараман», деганлар.


226 - وَعَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّمَا أَنَا بشَرٌ، وَإِنَّكُمْ تَخْتَصِمُونَ إِلَيَّ، وَلَعَلَّ بَعْضَكُمْ أَنْ يَكُونَ أَلْحَنَ بِحُجَّتِهِ مِنْ بَعْضٍ، فَأَقْضِي لَهُ عَلَى نَحْوِ مَا أَسْمَعُ، فَمَنْ قَضَيْتُ لَهُ بِحَقِّ أَخِيهِ فَإِنَّمَا أَقْطَعُ لَهُ قِطْعَةً مِنَ النَّارِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 6967، م 1713].

«أَلْحَنَ» أَيْ: أَعْلَمَ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

227. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ҳаром қилинган қонга қўл урмас экан, ўз динида кенгчиликда бўлаверади», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Мўмин ноҳақ қон тўкмас экан, динида кенгликда бўлиб, Аллоҳнинг раҳмати ва лутфу-карамини умид қилса бўлади. Агар ноҳақ қон тўкса, унга танглик етиб, Аллоҳ раҳматидан ноумид бўлувчи жамоалар орасида бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоятда ана шу нарса айтилади.

«Ким яримта сўз билан бўлса ҳам мўминни ўлдиришга кўмаклашса, икки кўзи орасига «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид», деган ёзув билан учрашади».  

227 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَنْ يَزَالَ الْمُؤْمِنُ فِي فُسْحَةٍ مِنْ دِينِهِ مَالَمْ يُصِبْ دَماً حَرَاماً». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [6862].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

228. Ҳамза розияллоҳу анҳунинг хотинлари Хавла бинти Омир ал-Ансориййа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳнинг молига ўзини ноҳақ урадиган кишиларга қиёмат куни дўзах бўлади», деганларини эшитганман».

Имом Бухорий ривояти.

 

Шарҳ: Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни шарҳлар экан, «Яъни мусулмонларнинг мол-мулкини ботил тасарруф этадиганлар», дея изоҳлайди.

Демак, мусулмонларнинг молига масъул бўлган киши уни ўзига эмас, бировга ноҳақ берса ҳам, ўзига дўзахни сотиб олган бўлар экан.

Бу ҳадиси шарифда эътибор бериладиган яна бир нукта шуки, омманинг моли Аллоҳнинг моли ҳисобланар экан. Бинобарин, халқнинг мулкини ўмараётган кимса Аллоҳнинг молидан олаётганини унутмаслиги керак.

Кимдир «Нима учун омманинг моли етимнинг ҳақига тенглаштирилмоқда?» дейиши мумкин. Бунинг сабаби жуда оддий. Омманинг молида етимнинг ҳақи бўлиши тайин, чунки умумий бойликда бутун халқнинг ҳақи бор, жамиятда эса етимлар бўлиши табиий. Бинобарин, омманинг мулкидан ноҳақ олган киши қайсидир етимнинг ҳақини ҳам олган бўлади. Аммо у қайси етимнинг қанча ҳақини олганини била олмайди ва шу жиҳатдан бунинг гуноҳи янада оғирроқ бўлади. Бу гуноҳнинг тавбаси чин қалбдан надомат чекиш, бу ишни қайтиб қилмасликка қатъий жазм қилишдан ташқари ўша ноҳақ олинган молни тўлалигича ўз жойига қайтариш билангина бўлади.

Омманинг мулкида барчанинг ҳақи бор бўлгани учун ундан ўғирлаш бир кишидан эмас, бутун халқнинг чўнтагидан ўғирлаш ҳисобланади, миллионлаб одамларнинг молига тажовуз қилиш саналади.

Воқелик тасдиқлаб келган исломий тушунчага кўра, мол-дунёни ҳалолдан топиш кишига қувват бўлса, уни ҳаром йўл билан топиш, ноҳақ ўзлаштириш инсонни очкўз қилиб қўяди ва охир-оқибат ҳалокатга дучор этади.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

«Бу мол-дунё тотлидир. Ким уни ҳақли равишда олиб, ҳақли ўринга қўйса, у қандай яхши ёрдамчи! Аммо ким уни ҳақсиз олса, ебтўймасдир».

Омманинг молидан ҳақсиз равишда, яширинча олиш ҳатто шаҳидни ҳам дўзахга улоқтиради.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Бир қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юкларини тушираётган эди, тўсатдан дайди ўқ келиб, ўша қулга тегди. Одамлар: «Унга шаҳидлик қутлуғ бўлсин!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Хайбар куни ўлжалардан улушлар тақсим бўлмай туриб олган шамласи (ўраниб олинадиган устки кийим) унинг устида олов бўлиб ловуллайди», дедилар. Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитган заҳоти бир пойабзал ипини олиб келиб, «Мен мана шуни олган эдим», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу дўзахдан (олинган) пойабзалнинг ипи!» дедилар».

Қаранг, ким омманинг молидан бирор нарса олса, дўзахдан ўшанча улуш олган ҳисобланар экан. Бир ип олса, дўзахдан бир ип, бир кўйлак олса, дўзахдан бир кўйлак олган бўлади. Бу маъно бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланади.

Имом Термизий Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳаромдан битган ҳар бир эт дўзахга муносибдир», деганлар.

228 - وَعَنْ خَوْلَةَ بِنْتِ عَامِرٍ الأَنْصَارِيَّةِ - وَهِيَ امْرَأَةُ حَمْزَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ وَعَنْهَا - قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِنَّ رِجَالًا يَتَخَوَّضُونَ فِي مَالِ اللهِ بِغَيْرِ حَـقٍّ فَلهُمُ النَّارُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [3118].


Улашиш
|
|
Нусха олиш