223-ҳадис

223. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хайбар куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир неча нафари келиб, «Фалончи шаҳид (бўлди), фалончи шаҳид (бўлди)!» деб, бир кишига келганда уни ҳам «Фалончи шаҳид», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ!!! Мен уни ўлжадан хиёнат қилиб олган бир бурдаси* [ёки бир абоаси*] туфайли дўзахдалигини кўрдим», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

 

* Бурда – чопон ва ридога ўхшаш устки кийим.

* Абоа – жундан тикилган, чопонга ўхшаш устки кийим.

 

Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги сўзлар ҳам бордир:

«Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ибн Хаттоб, бориб, одамлар орасида «Жаннатга фақат мўминлар киради!» деб жар сол», дедилар. Шунда мен чиқиб: «Огоҳ бўлинглар! Жаннатга фақат мўминлар киради!» деб жар солдим».

Ғаниматдан ўмарган кишининг шариатимизда  “ғулул” дейилади. Ғулул деганда жангда қўлга киритилган ғаниматлардан бирон нарсани яшириш, халифа ёхуд унинг ноиби ғаниматларни тақсимлашидан олдин уни ўзиники қилиб олиш назарда тутилади. Ғаниматдан ўмариш гуноҳи кабиралардан бўлган ҳаром ишдир.

Ҳадисда собит бўлишича, «жангда мусулмонлардан бирига камон ўқи келиб тегади ва шу сабабли ҳалок бўлади. Шунда саҳобалар: «Шаҳидлик унга қутлуғ бўлсин, эй Расулуллоҳ!», дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Йўқ, Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, ғаниматдан ўмарган шамласи (жундан тўқилган кийим) эгнида олов бўлиб алангаланмоқда. У шамлани ҳануз тақсимланмаган ғаниматлар ичидан олган эди». Одамлар бу гапдан қўрқиб кетдилар. Бир киши бир ёки иккита поябзал боғини кўтариб келди. «Хайбар жангида (тушган ғаниматлар ичидан) олган эдим», деди у. «Оловдан бўлган ип ёки оловдан бўлган иккита ип», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам».

Агар инсоннинг ғаниматдан бирон нарса ўмаргани ўз исботини топса, унга жазо сифатида сафарда ўзи билан олиб юрган барча нарсалари ёқиб юборилади. Уламолар бундан қурол-аслаҳа, мусҳаф ва жонворларни истисно қилишган. Ғаниматга хиёнат қилган кишининг нарсаларини ёқишдан мақсад уни жазолаш ва бошқаларга ибрат бўлишидир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бирон пайғамбар учун (урушдан тушган ўлжаларга) хиёнат қилиш жоиз эмас. Ким хиёнат қилса, қиёмат кунида(Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур» (Оли Имрон сураси, 161-оят).

Яъни, бирон-бир Пайғамбар қўлга тушган ўлжадан бирон нарсани яширинча ўзига олиши шариатга ҳам, ақлга ҳам тўғри келмайди. Бу иш пайғамбарлик шаънига сира-сира мос эмас.

Энди кимки ўлжадан бирон нарсага хиёнат қилса, қиёмат кунида ўша хиёнат қилган нарсасини бўйнида кўтариб келади. Бутун гувоҳлар олдида шармандаи шармисор бўлади.

«Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас» (Анфол сураси, 58-оят).

Яъни, Аллоҳ аҳдида турмайдиган, ваъдасига вафо қилмайдиган кимсаларни севмайди.

Кимда-ким ғаниматчилар орасида тақсимланмай туриб, ўлжадан, ёки имомнинг рухсатисиз байтул молдан ва ё йиғилган закотдан юқоридаги ҳадисда зикр қилинган нарсалардан биронтасини олса, қиёмат кунида ўша нарсани бўйнида кўтарган ҳолда келади.

223 - وَعَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا كَانَ يَوْمُ خَيْبرَ أَقْبَلَ نَفَرٌ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا: فُلَانٌ شَهِيدٌ، وَفُلَانٌ شَهِيدٌ، حَتَّى مَرُّوا عَلَى رَجُلٍ فَقَالُوا: فُلَانٌ شَهِيدٌ. فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كَلَّا؛ إِنِّي رَأَيْتُهُ فِي النَّارِ فِي بُرْدَةٍ غَلَّهَا أَوْ عَبَاءَةٍ» رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [114].


Улашиш
|
|
Нусха олиш